Бош саҳифа / Маданият / Виждонни уйғотувчи ижодкор

Виждонни уйғотувчи ижодкор

“Дунёда сенга чин дилдан ихлос қўйган, асарингни бағрига босиб ўқийдиган битта китобхон бўлса, шу биргина китобхон учун ижод қилсанг арзийди”. Бу Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг сўзлари.

Ваҳоланки, ёзувчининг ана шундай ихлосмандлари кўп. Чунки Ўткир Ҳошимов ўз асарлари мавзусини халқ ичидан олиб, қайта сайқаллаб, яна халққа тақдим этади. Унинг ёзганларини ўқир эканмиз, шу ҳодисалар ўзимизнинг ёки яқинларимизнинг ҳаётида рўй берганга ўхшаб кўринади. Беихтиёр, ўзимизни асар қаҳрамонларига менгзаймиз. Улар билан бирга кулиб, бирга хаёлан олисларга парвоз этамиз.

Ёзувчининг “Дунёнинг ишлари” қиссасини мутолаа қилиш давомида қалбимиздаги виждон, деб аталмиш туйғуни қайта-қайта уйғотгандек бўламиз. Биргина мисол, “Гилам пайпоқ” ҳикоясида она ўз фарзандининг ҳаётини сақлаб қолмоқ учун қаҳратон қишда яланг-оёқ ҳолда жигаргўшасини бағрига босганча табибга югуради. Кўзининг оқу қорасини сақлаб қоладию, онаизорнинг ўзи бутун умрга совуқ тушса, оёғи қақшаб оғриб, юролмайдиган бўлиб қолади.

Ҳа, фақат оналаримизгина бундай фидойилик кўрсатишга қодир. Ўткир Ҳошимов эса мана шу беминнат фидойиликни қаламга олиб, самимий ифода этган. Зеро, ёзувчининг қаламидан ҳамиша ана шундай теран маънога йўғрилган фикрлар тўкилади.

“Деҳқон ерга нобоп уруғ сепса, аччиқ ҳосилини бир ўзи ўриб олади. Ўша йили. Ўқитувчи боланинг қалбига нобоп уруғ сепса, аччиқ “ҳосили”ни бутун жамият ўриб олади. Йигирма йилдан кейин… Муаллим моддий бойлик яратмайди, дейдиганлар жамиятни ичидан портлатувчи бомбадир!”

Дарҳақиқат, ўқитувчи-мураббийнинг савияси, билими, шу билан бирга, маънавияти ҳам юқори бўлса, улар бўлажак донишманду технологлар, инноваторларни тарбиялайди. Бунинг акси бўлса, боланинг тарбиясига дарз етади ва бу дарз унинг ҳаётига раҳна солмай қолмайди. Буни ахлоқ тузатиш колонияларида умрини хазон қилаётган айрим тенгдошларимиз мисолида кўриш мумкин. Ваҳоланки, адиб “маънавиятли” ўқитувчиларнинг етиштирадиган “мева”си қандай бўлиши мумкинлигини муаллим ва деҳқон қиёфасида ҳаётий очиб берган.

Ижодкор асарларининг қаҳрамонлари оддий одамлар. Улар бахтни моддий бойликда эмас, кўнгил хотиржамлиги, яқинлар соғлиғида, деб билишади. “Янга” ҳикояси бош қаҳрамони ҳам худди шундай инсонлар тоифасидан. Аёл ўз ҳузур-ҳаловатидан кечиб, оиласи, фарзандлари учун меҳнат қилади. Ҳатто, қайнонаси учун фарзандлари қилмаган яхшиликларни қилади.  У сабр-бардош, матонат тимсоли сифатида гавдаланган. Зеро, “Оилани муқаддас билмаганлар учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқ”,— дейди ёзувчи. Ушбу ақидага амал қилгани учун ҳам унинг асарларида ўзбекона лутф, ибрат бўй кўрсатиб туради.

Фарида ҲАКИМОВА,
ТерДУ талабаси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ijodkor o‘qituvchilar nazmi

“Surxon nashr” nashriyotida chop etilgan “Ustoz va shogird” kitobining mualliflari — mutaxassisligi bo‘yicha fizika-matematika fani …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan