Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Вилоятда ягона агрофирма

Вилоятда ягона агрофирма

маҳсулот етиштираяпти, қайта ишлаяпти ва экспорт қилмоқда

Бугун қишлоқ хўжалик маҳсулотларини хорижга экспорт қиладиган агрофирмалар кўпайган. Аммо уларнинг асосий қисмида маҳсулот етиштириш учун ер ҳам, қайта ишлаш корхонаси ҳам йўқ. Фақат аҳоли ва фермер хўжаликларида етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини харид қилиб, экспортга жўнатиш билан машғул. Денов туманидаги “Сурхон” агрофирмаси эса қишлоқ хўжалик маҳсулоти етиштирувчи, қайта ишловчи ва экспорт қилувчи вилоятдаги ягона агрофирмадир.

Тўлқин Ориповнинг касби технолог-муҳандис. Айни кучга тўлган навқирон пайти Деновдаги ёғ-экстрация заводи (ҳозирги “Сурхонозиқовқатсаноати” АЖ) ни қуришда фаол иштирок этган. Ўз даврида ноёб мутахассис ҳисобланган Тўлқин акани кейинчалик Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги ёғ-мой корхонасини қуришга жалб этишди. Косон туманидаги йирик корхонани ишга тушириб, бир муддат бош технолог бўлиб ишлагач, оилавий шароити туфайли Денов туманига қайтди. Уни вилоят агросаноат бирлашмаси (ҳозирги вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси)га ишга жалб қилишди.

— Адашмасам, 1994 йилнинг бошлари эди. Вилоят агросаноат бирлашмаси раиси Ҳимойиддин Шарофиддинов ва вилоят ҳокими Жўра Норалиев “Юқоридан топшириқ бўлаяпти, агрофирма тузишимиз лозим, уни сиз ташкил қиласиз”, дейишди,— дея ўтмишни эслайди Тўлқин Орипов. — Жўра Норалиев: “Агрофирмага ер берамиз, ўзларинг маҳсулот етиштирасизлар, қайта ишлайсизлар ва экспортга сотасизлар. Агрофирма номига мос бўлиши керак”, деб тайинлади. Шундан сўнг Денов тумани ҳокимининг қарорига асосан “Хайробод” пахта тозалаш заводига яқин жойдаги “Ҳазорбоғ” давлат хўжалигидан ер ажратиб берилди. Дастлабки йили 10 гектар ер олган бўлсак, йиллар давомида умумий экин майдонимиз 32 гектарга етказилди…

Чорак асрдан бери фаолият кўрсатаётган “Сурхон” агрофирмасида шу йиллар мобайнида анча иш қилинди. Ажратилган ерда ҳар йили турфа зироат ўстирилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Қозоғистон ва Россия давлатларига экспорт қилинмоқда. Даромад ҳисобига экин майдонлари атрофи бетон деворлар билан ўралди. Маҳсулотларни вагонларга юклаб экспортга жўнатиш учун агрофирма ҳудудида “Термиз — Душанбе” темир йўлига қўшилувчи 3 километр темир йўл тортилди. 8 гектар майдонда металл ва арматуралардан иссиқхона барпо этилди. 500 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари  сақланадиган замонавий совутгичли омборхона ишга туширилди.

Бетон плиталардан минг тонна ерёнғоқни сақлайдиган бостирма қурилди. Бу жойда ерён ғоқни чақиб пўчоғидан ажратадиган ускуналар ўрнатилди. Ерёнғоқнинг данаги оқсил ва ёғга бой бўлгани каби пўчоғи ҳам худди поясидек қўй-эчкига хушхўр озуқа. Бир тонна ерёнғоқдан 40 фоизи пўчоққа чиқади. Тадбиркорлар ундан самарали фойдаланиш мақсадида Қозоғистондаги “ДЭЗ” ўртоқлик уюшмасидан келтириладиган буғдой кепагига қўшиб, омухта ем тайёрлаш цехини ишга тушириш чорасини кўришаяпти.

Қозоғистондаги “Петропавловский кондитер” МЧЖ жамоаси тадбиркорларга юз тонна сояки кишмиш ма- йиз етказиб беришга буюртма берган. Шартномани бажариш учун ҳозир тайёргарлик кўрилаяпти. Сояки ма- йиз тайёрлаш учун узум қуритиладиган жойга тангача ҳам қуёш тушмаслиги лозим. Шу мақсадда бетон плиталардан қаватли бостирма барпо этилаяпти.

— Даламиз атрофида яшовчи аҳоли: “Бу ерда ток ўстириб бўлмайди, ер шўр, ерости суви яқин, ўтказилган ток кўчати қуриб кетади, меҳнатларингизга куйиб қоласизлар”, дейишганди, — дейди тадбиркор Т. Орипов. — Биз таваккал қилиб, бир гектар майдонга вайиш усулида ток парваришладик. Уч йилдан бери мўл ҳосил йиғиб олаяпмиз. Ўтган йил ҳам 5 тонна узум сотдик. Агротехника талабларига кўра, бир килограмм сояки майиз тайёрлаш учун 3,5-4 килограмм қора ва сариқ кишмиш узум талаб этилади. Ҳамкорларимизга юз тонна сояки майиз жўнатиш учун 370 тонна узум керак. Ҳозирча бизда узум йўқ. Лекин қараб турмаймиз: икки-уч йил аҳоли ва боғдорчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликларидан қора ва сариқ кишмиш харид қилиб, майиз тайёрлаймиз. Аммо келгусида сояки майизни экспорт қилишдан келадиган даромаднинг асосий қисми хазинамизда қолади. Чунки бу йилдан эътиборан 7 гектар майдонда вайиш усулида токзор барпо этамиз. Ўтган йили Ургут ва Фориш туманларида бўлиб, маҳаллий боғбонларга кишмиш навли ток қаламчалари тайёрлаб бериш юзасидан шартнома тузганмиз. Агрофирмамиз фаолиятини экспортга йўналтиргани учун “Гранд кишмиш” унитар корхонасини тузганмиз…

Агрофирма ишбилармонлари фақат деҳқончилик, боғдорчилик ривожини ўйлаб қолмай, чорва бош сонини кўпайтириш ва аҳолини гўшт, сут  билан  таъминлаш йўлида  ҳам  сезиларли  ишларни бажаришаяпти. Ҳозирда агрофирмада  41  бош  жайдари қорамол парваришланаяпти. Президентимизнинг Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт ассоциацияси иштирокида “Ўзбекистон Республикасида чорвачилик секторини ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан агрофирмага Украинадан 66 бош зотдор сигир олиб келиш учун банкдан 166 минг АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратилмоқда. Айни пайтда агрофирма жамоаси “AL LAZAL” унитар корхонасини ташкил этиб, зотдор молларни боқиш учун шароит яратиш чорасини кўришаяпти. Эски бостирмалар бузиб ташланди, ўрнида қишки ва ёзги замонавий молхоналар қуришга ҳозирлик кўрилаяпти. Мақсад, хориждан келтириладиган наслли молларни иқлимга мослаштириш ва соғлом бузоқ олиб, подадаги зотли молларни кўпайтиришдир. Жорий йилда қорамол  сони 112 бошга етказилади ва 2021 йилга бориб фермада 400  зотли мол боқилади. Тадбиркорлар сутни қайта ишлаш технологиясини ҳам келтириб қўйишган.

Шуни ҳам айтиш жоизки, тадбиркорлар экин майдонларидан ҳар йили унумли фойдаланишаяпти. 8 гектар майдонда барпо этилган иссиқхонанинг бир гектари усти плёнка билан қопланиб, 400 туп лимон дарахти парваришланаяпти. Ўтган йили 8 тонна лимон йиғиштириб олинди. Лимонни ерёнғоқ етиштирувчилар билан айрибошлаб, 60 тонна ер- ёнғоқ ҳамкорларга жўнатилди.

— Иссиқхонанинг 7 гектарига помидор, бодринг ўстириб кўрдик. Ҳосил мўл бўлди. Аммо бунча маҳсулотни Денов бозорида реализация қилиш мушкул. Шу боис бу йилдан эътиборан иссиқхоналаримизга тўлиқ лимон кўчати ўтқазиб, устини ёпамиз, — дейди тадбиркор Т. Орипов.

Ўтган йили экин майдонида парваришланган пиёздан 140 тонна ҳосил олинди. Пиёз ички бозорда сотилиб, даромадига аҳолидан ерёнғоқ сотиб олиниб, “Петропавловский кондитер” МЧЖга экспорт қилинди. Бозорларимизда озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш ва бироз бўлсада, нархини арзонлаштириш ниятида 60 тонна Қозоғистон уни, 40 тонна картошка, 20 тонна гречка, нўхат, сули ёрмаси келтирилиб, дўконларга ва давлат таъминоти корхоналарига тарқатилди. Умумий ҳисобда 83,7 минг АҚШ доллари хазинага кирим қилинди.

Айни қиш пайти бўлсада агрофирма деҳқонлари ўтган йил октябрь ойида 10 гектар майдонда экилган пиёзни намунали парваришлашмоқда. Бир гектар майдонда экилган сабзи пешма-пеш қазилиб бозорга чиқарилаяпти. Беш гектар майдонда ўстирилаётган карам апрель ойида тайёр бўлади ва Россия ҳамда Қозоғистон давлатларидаги ҳамкор ташкилотларга экспорт қилинади. Аҳолининг картошкага бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 10 гектар ерга картошка экилмоқда.

Президентимиз Қашқадарё вилоятига сафари чоғида мавжуд агрофирмалар жамоаси маҳсулотларни олиб сотиш билан шуғулланиб қолмай, балки ўзлари маҳсулот етиштириб, экспортга чиқарсалар манфаатдорлик ошишини таъкидлади. Бас, шундай экан, Денов туманида фаолият кўрсатаётган “Сурхон” агрофирмаси жамоасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг долзарб вазифаси бўлмоғи шарт.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ангорда жун ва ипакчилик ривожлантирилади

Президентимиз жорий йилнинг 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan