Бош саҳифа / Жамият / Вилоятда биттагина

Вилоятда биттагина

ёхуд Ангор туманидаги “Ёшлар меҳнат гузари” фаолиятига бир назар

Жорий йил 27 июнда муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастури қабул қилинди. Унга кўра, ёшларни иш билан таъминлаш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш, аҳоли зич ҳудудларда “Ёшлар меҳнат гузари” ташкил этиш ҳамда ҳунар ўрганиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни йўлга қўйиш учун “Ёш тадбиркорлар” каворкинг маркази қурилиши назарда тутилган эди.

Шу боис ҳам вилоятда нечта “Ёшлар меҳнат гузари” қурилгани, унда нечта ёш иш билан таъминланиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйгани билан қизиқдик. Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Чориевнинг бизга берган маълумотларига қараганда, “Ёшлар меҳнат гузари” вилоятда атиги битта, у ҳам бўлса, Ангор тумани Улуғбек маҳалласида қуриб фойдаланишга топширилган. Айрим туманларда ҳам “Ёшлар меҳнат гузари” қурилиши бошланган, баъзи жойларда эса бундай гузарларни ташкил этиш муаммолигича қолмоқда. Хусусан, Денов, Қизириқ ҳамда Сариосиё туманларида қурилиш ишлари умуман бошланмаган.

Сабабига тўхталадиган бўлсак, Дастурга асосан, “Ёшлар меҳнат гузари” давлат-хусусий шерикчилиги асосида қурилиши керак эди. Унга кўра, гузарни ташкил этган тадбиркорга давлат ер ажратиши, тадбиркор ҳам ўз навбатида ҳудудда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган ёшларга дастлабки йилда ойига 1000 сўмдан, кейинги йилдан бошлаб эса ҳар ойига энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида ижара пули белгилаши керак эди. Бундан ташқари, меҳнат гузарига жалб этиладиган ишчиларнинг 70 фои зи ишсиз ёшлардан иборат бўлиши ҳам кўзда тутилган. Туман ҳокимликлари ва тадбиркорлар ўртасида ушбу масалаларда бир тўхтамга келинмаганлиги боис меҳнат гузарлари ташкил этилиши тўхтаб қолган.

Аммо “Ёшлар меҳнат гузари”ни биринчилардан бўлиб, қуриб фойдаланишга топширган ангорлик тадбиркорни бу каби масалалар асло чўчитгани йўқ.

“Зафарова Барно Алишер қизи” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мурод Зафаров ўз маблағи ҳисобидан жорий йил 17 октябрида “Ёшлар меҳнат гузари”ни ташкил этди. Ҳозирда ушбу меҳнат гузарида жами 14 нафар иш ўрни яратилган.

— Давлат дастурига мувофиқ, ушбу меҳнат гузарида асосан ёшлар иш билан таъминланиши назарда тутилган, — дейди Мурод Зафаров. — Лекин мен ишга фақатгина ёшларни жалб қилишни истамадим. Негаки, иш сўраб келган ёшларнинг кўпчилигининг ҳунари йўқ. Улар билан суҳбатлашганимда, биринчи навбатда, ойлик маоши билан қизиқишади. Синовдан ўтказай десангиз, тузук-қуруқ иш кўрсата олишмайди. “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастурида белгиланган кредитни олишда ҳам ёшлар қатор муаммога дуч келишмоқда.

Негаки, 7 фоизли кредит ажратилди, меҳнат гузаридан уларга имтиёзли жой берилди дейлик, аммо улар, аввало, давлатга солиқ тўлашни, кредит олиш учун эса белгиланган сумманинг 50 фоизи миқдорида гаров таъминотини бериш лозимлигини ўйлаб қийналишаяпти.

Ҳозирда меҳнат гузари 12 та хонадан иборат бўлиб, яна 8 та хонанинг қурилиш ишлари давом этмоқда. Тадбиркорнинг ишбилармонлиги кўриниб турибдики, дастлаб, гузарда нон цехи ташкил этган. Бу эса қишлоқ аҳлини нон ва нон маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилмоқда.

— Ҳозирча аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб нон ишлаб чиқараяпмиз, дейди тадбиркор. — Яқинда тумандаги ҳарбий батальон билан нон етказиб бериш бўйича шартнома тузмоқчимиз. Уларга кун давомида 600 та булка нон керак бўлар экан. Бизнинг кунига 2000 тагача нон тайёрлаш имконимиз бор. 2 та нон пишириш печида ҳар 45 минутда 180 та нон пишади.

“Ёшлар меҳнат гузари”да бундан ташқари, озиқ-овқат дўкони, гўзаллик салони, грил барлар аҳолига хизмат кўрсатаяпти. Қолган хоналарга эса одамларнинг хоҳишига қараб қандолатчилик цехи, китоблар савдоси, компьютер хизматлари, тегирмон ҳамда сартарошхона ташкил этилишини эшитиб, рости ҳавасимиз ортди.

— Маҳалламизда “Ёшлар меҳнат гузари” ишга тушганидан қувончим чексиз, — дейди Ашурой Нормуродова. — Нон пиширишни онамдан ўрганганман. Пиширган юмшоққина, сифатли нонларимизни маҳалладаги ёшу кекса хурсанд бўлиб харид қилишаяпти. Ҳар бир ҳунарнинг ўз сири бўлгани каби нон пиширишнинг ҳам ўз синоати бор. Керакли маҳсулотларни ўлчаб, белгиланган нормада солиб тайёрланган нон сифатли ва мазали бўлиши табиий. Бундан ташқари, аҳолининг таклифига қараб қатлама патирлар ҳам пишириб бераяпмиз.

Бу каби “Ёшлар меҳнат гузари” ўз вақтида вилоятимизнинг барча жойларида қурилса, ёшлар ишли бўларди, ҳам аҳолининг турмуш тарзини яхшилашга муносиб шароит яратилади.

Ўйлайманки, бошқа туманлардаги тадбиркорлар ҳам ангорликлардан ўрнак олишса, тез орада вилоятда “Ёшлар меҳнат гузари” сони кўпайди, деган хушхабар эшитармидик.

Адолат МЎМИНОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Uchovlonning to’rtinchisi

Ommaviy axborot vositalari odatda to‘rtinchi hokimiyat sifatida tilga olinadi. Jurnalistlar esa bevosita jamiyatda mavjud uch …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan