Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Вилоят раҳбари Австрияда

Вилоят раҳбари Австрияда

Австрия Европанинг саноати ривожланган  мамлакатларидан биридир. Мамлакат пойтахти Вена ўзининг бой ва шонли тарихи, фусункор табиати, бетакрор манзаралари  билан танилган. Австрия ҳудудининг асосий қисми Альп тоғлари билан ўралган бўлиб, дунёдаги замонавий туризм марказларидан биридир. Бу давлат шунингдек, ўзининг архитектураси ва барокко усулидаги иморатлари билан ҳам дунё сайёҳларини мафтун  этиб келади.

Мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий, маданий-маърифий соҳалардаги тажрибасини ўрганиш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, икки томонлама манфаатли келишувларга  эришиш  мақсадида, Сурхондарё  вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация мамлакатдаги  қатор йирик саноат  корхоналарига ташриф буюрди.

Делегация ташриф давомида, дастлаб, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш корхонаси “Lemberona GmbH” компаниясининг бош директори Жозеф Бертагнол билан учрашди. Самимий мулоқотлар давомида  қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди. Бу борада ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, маҳсулотларни экспорт- га йўналтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Шундан сўнг, делегациямиз мазкур корхона фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.

Делегация Австриянинг “Klinger” компаниясида ҳам бўлиб, бош менежер Гюнтер Якобартол бошчилигидаги корхона мутасаддилари  билан  учрашди.

Мазкур компаниянинг ихтисослаштирилган қорамолчилик фермаси ҳамда унинг карантин маркази, озиқ-овқат базаси фаолияти  билан танишди. Ўзига хос технологик жараёнлар воҳамиз делегацияси  аъзоларида  катта  қизиқиш  уйғотди.

“Oberhofer  Stalbau GmbH”  Австриядаги йирик қурилиш компанияларидан бири саналади. Мазкур қурилиш концернида бўлган делегация аъзолари  компания президенти Александр Оберхофер билан ҳам учрашди. Мулоқотда саноат корхоналари, фабрика ва заводлар, йирик бино ва иншоотлар, йўл ва кўприк қурилиши ло- йиҳалари, ишлаб чиқарилаётган қурилиш маҳсулотлари ҳажми борасида батафсил маълумотлар берилди.

Яна бир йирик корхоналардан бири “Haslinger Stahlbau GmbH” Австриядаги йирик металл қурилмалар  заводи  ҳисобланади. Мазкур заводда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар дунё бозорида ҳам ўз ўрнига эга. Делегация аъзолари корхона фаолияти билан яқиндан танишар экан, у ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга алоҳида эътибор қаратдилар.

Таъкидлаш жоизки, Австрияда бўлган учрашувлар давомида йирик саноат корхоналари билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланди ва 50 миллион АҚШ доллари миқдорида икки  томонлама  манфаатли  келишувларга эришилди.

Делегация Венгрия ва Словакия давлатларида ҳам бўлиши режалаштирилган.

ВИЛОЯТ ҲОКИМЛИГИ
МАТБУОТ ХИЗМАТИ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Божхонадан ўтиш янада қулай!

Қўшни давлатлар билан алоқаларимиз янада кенгайиб, чегарадан ўтиш тартиби анчайин осонлашгандан сўнг, кўпчиликда ташқи ҳудуддан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan