Бош саҳифа / Жамият / Вилоят ҳокими тоғли Чош ва Карш қишлоқларига борди

Вилоят ҳокими тоғли Чош ва Карш қишлоқларига борди

Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов куни кеча Сариосиё туманининг олис Кундаижувоз қишлоғи аҳолиси билан учрашиб қайтгани ҳақида аввал хабар қилган эдик. Бу галги ташриф эса Кундаижувоз қишлоғидан ҳам олисдаги Чош ва Карш қишлоқларига бўлди.

Воҳа марказидан қарийб 300 чақирим узоқликда жойлашган бу қишлоқларнинг бирида 1650, иккинчисида 450 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

Вилоят ҳокими жорий йилнинг январь ойида Чошда бўлган чоғида бу қишлоқ одамларидан қатор мурожаатлар тушганди.  Шу мурожаатлар ижроси юзасидан янги мактаб қурилиши жорий йилги инвестиция дастурига киритилди, электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида янги трансформатор, қишлоқ врачлик пунктига 2 нафар тиббиёт ходими ажратилди. Кунлар исиши билан қишлоққа элтувчи ва ички йўлларни таъмирлаш ишлари бошлаб юборилади.

Вилоят раҳбарининг бу галги ташрифида каршликлар қишлоққа олиб келувчи йўлларни созлаш, ички йўлларни тошлаш, тиббиёт пункти биносини таъмирлаш ҳамда умумтаълим мактабига компьютер ва зарур жиҳозлар ажратиш билан боғлиқ масалаларни ўртага ташлади. Фуқаролар мурожаатини белгиланган муддатларда ижобий ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли вазифалар юклатилди.

Шундан сўнг Тўра Боболов кам таъминланган ва ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олди, Чош ва каршликлар билан бирга уларга қўшни Источ ва Вочах қишлоқларидаги эҳтиёжманд хонадонларга 10 тонна ун, 800 литр пахта ёғи, 400 та турли хилдаги кийим-кечак топширилди.

Карш қишлоғидан 8 чақирим чеккада бир нафар фарзанди билан оғир шароитда яшаётган, боқувчисини йўқотган 60 ёшли  Ш.Меликованинг яшаш шароити билан танишган вилоят ҳокими масъулларга уларни туман марказидан янги уй-жой билан таъминлаш тўғрисида кўрсатма берди.

Шундан сўнг вилоят ҳокими бошчилигидаги секторлар раҳбарлари Карш қишлоғига олиб келувчи тоғ йўллари ҳолати билан яқиндан танишиш мақсадида 14 чақирим масофани яёв босиб ўтди.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“СУРХОН ТОНГИ” МАКТАБИГАЧА…

Сурхондарёнинг олис тоғли бир қишлоғида шундай мактаб борки, ўзбек матбуотига олтита, “Сурхон тонги” мактабига икки …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan