Бош саҳифа / Таълим / Вазифасидан озод этилди

Вазифасидан озод этилди

Ёдингизда бўлса, газетамизнинг 2018 йил 13 октябрь 78-79 сонида “Тараққиётдан орқада қолган таълим” сарлавҳали танқидий мақола чоп этилган эди. Ушбу мақола юзасидан Узун туман халқ таълими бўлими мудири Қ. Расуловнинг номидан жавоб хати келди. Жавоб хатини жузъий қисқартириш билан эътиборингизга ҳавола этамиз.

Газетада эълон қилинган “Тараққиётдан орқада қолган таълим” сарлавҳали танқидий мақолада қаламга олинган муаммолар бўйича Узун туман халқ таълими бўлими ходимларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан 35-ўрта таълим мактабида тезкор текшириш ўтказилди.

Ўрганиш жараёнида аниқланишича, мактаб раҳбарларининг масъулиятсизлиги, вазифаларига совуққонлик билан муносабатда бўлганликлари, ўз лавозим мажбуриятларини етарлича тушуниб етмаганликлари туфайли таълим-тарбия жараёни ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ўқув-тарбия жараёнининг асосини ташкил этувчи айрим ҳужжатлар нотўғри юритилган. Таълим-тарбия жараёнида бир қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилган, хусусан, кадрлар масаласига етарлича эътибор берилмаган, қатъий назоратдаги ҳужжатлар юритилиши талабга жавоб бермаслиги аниқланди.

Жумладан, мактаб директори М. Эшмуродовнинг масъулиятсизлиги оқибатида 2009-2010 ва 2017-2018 ўқув йили оралиғидаги синф журналларининг 18 таси сақланмаган. Мактабнинг собиқ ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари Н. Қаландаровнинг тушунтириш хатида, айрим синф журналларининг муқоваси олиниб, макулатурага топшириб юборилганлиги қайд этилган. Ўқитувчилар томонидан дарслар ўтилган бўлса-да, айрим синф журналлари турли сабаблар билан тўлдирилмаганлиги аниқланди.

Ишчи гуруҳи томонидан мактабда ўтказилган тезкор текширув натижалари туман халқ таълими бўлимида атрофлича ўрганиб чиқилди ҳамда таълим-тарбия жараёнида хато ва камчиликларга йўл қўйганлиги учун М. Эшмуродов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари Х. Тоғаевга “ҳайфсан” берилди.

“Толтўғай” маҳалласида жойлашган 32-ўрта таълим мактабида синфхоналар етишмаслиги сабабли ўқувчиларни тўлиқ 2 навбатга қамраб олишнинг имкони бўлмаяпти. Мазкур масала туман халқ таълими бўлими томонидан ўрганиб чиқилиб, қўшимча ўқув биноси қурилиши 2019 йилги давлат дастурига киритилганлигини маълум қиламиз.

Худди шундай, 40-ўрта таълим мактаби 140 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда 357 ўқувчи таҳсил олмоқда. Мазкур мактабда ҳам давлат дастури асосида қўшимча ўқув биноси қуриш режалаштирилган.

Мақолада мактабда бир қатор номутахассис ҳамда дипломи нострификациядан ўтказилмаган ўқитувчилар фаолият юритиб келаётганлиги қайд этиб ўтилган. Ҳақиқатан ҳам кадрлар етишмаслиги сабабли мактабда 4 нафар олий маълумотли ўқитувчининг дипломи нострификациядан ўтмаган бўлса ҳам муайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси асосида вақтинчалик ишлаб туришибди. 2017-2018 ўқув йилида мактабда ёшлар етакчиси ва жорий йилнинг сентябрь ойида тарих фани ўқитувчиси бўлиб ишлаган З. Тоғаев нопедагог бўлганлиги сабабли, 2018 йил 19 октябрдаги 35-сонли буйруғи билан эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.

45-мактабдаги ҳолат ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилганда, ҳақиқатан ҳам шу куни мактабда бош навбатчи бўлган А. Тоғаймуродовнинг эътиборсизлиги туфайли биринчи соатга кириш қўнғироғи 3 дақиқа кечиктириб чалинганлиги аниқланди. Ушбу ҳолат бўйича маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари А. Тоғаймуродов ҳамда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Х. Назаровга халқ таълими бўлимининг бўйруғига асосан “ҳайфсан” берилди.

Мақолада айтилган камчиликлар бартараф этилди ҳамда умумтаълим мактабларида келгусида бундай ҳолатларнинг содир этилишининг олдини олиш ва таълим-тарбия жараёнини такомиллаштириш бўйича туман халқ таълими бўлимининг тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

ТаҲририятдан: улуғ маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг: “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир”, деган фикри, ўйлаймизки, барча даврлар учун бирдек тааллуқли. Зеро, таълим-тарбияда бир лаҳзани ҳам бой бериб бўлмайди. Токи, бой берилган ўша бир лаҳзанинг ўрнини жаҳолат эгаллаб олмасин.

Қ. РАСУЛОВ,
Узун туман халқ таълими бўлими мудири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Унутилмас учрашув

Анъанага айланиб келаётган “Устоз ва шогирдлар учрашуви” бу йил ҳар қачонгидан ҳам ўзгача руҳда ўтди. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan