Бош саҳифа / Жамият / Ватанга пайваста дил

Ватанга пайваста дил

1991 йил 31 август дунё харитасини ўзгартириб юборган муборак кун! Биринчи Президентимиз аввал бошдан бу йилни буюк мутафаккир таваллудининг 550 йиллиги муносабати билан “Алишер Навоий йили” деб эълон қилган эди. Эҳтимол шунинг учун ҳам 1991 йил халқимиз ва юртимиз учун хайрли келган бўлса не ажаб.

Истиқлол туфайли мамлакатимиз фуқароларининг эркин ва озод ҳаёт кечиришлари ва тараққий этишлари учун имкониятлар эшиги очила бошлади. Халқимиз ўзининг бой тарихий мероси, маданиятининг ўлмас анъаналарини тиклаш ва ривожлантириш, улуғ аждодларга муносиб баркамол авлодни тарбиялаш, ворисийлик анъаналарини боғлаш, тафаккур оламини соғломлаштиришдан иборат ғоят катта бунёдкорона фаолиятга киришди.

Йигирма етти ёш — инсон умрининг руҳан ва жисмонан камолотга етиб, айни куч-қувват ва шижоатга тўлишган даври ҳисобланади. Бу ёшдаги ёшларни кузатиб туриб ҳайратланаман. Негаки, улар агар қўйиб берса тоғни талқон қилгудек, бепоён самога қанот боғлаб учгудек шашти бор. Кун сайин ҳар жабҳада дунё билан тенглашишга, манаман деган мамлакатлар билан бўйлашишга ҳаракат қилиб, тараққиёт сари одимлаётган она диёримизни худди шу ёшларга қиёсласам нотўғри бўлмас, деб ўйлаб қоламан.

 ОТАМ КЎРМАГАН
КУНЛАР

Касбим тақозоси билан вилоятимизнинг барча туманларига серқатнов бўлиб қолдим. Муболаға эмас кўрмаган қишлоғим, бормаган овулим, кирмаган хонадоним қолмади. Жамоатчилик назорати гуруҳимиз билан баъзи туманларга қайта ва қайта боришимизга тўғри келган пайтлар ҳам бўлди. Очиғи, ҳар борганда ғайратимга ғайрат, кучимга куч қўшилгандек бўлаверади. Негаки, йил эмас ой ўтиб, ҳафта ўтиб, одамлар ҳаётидаги ижобий ўзгаришларни, бунёдкорликларни кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайман. Қад ростлаётган янги бинолар, кенг ва равон кўчалар, маданият ва истироҳат боғлари, санъат кошоналари истаган одамни мафтун қилади, биз каби ижод аҳлига илҳом бағишлайди. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” лойиҳаларини айтмайсизми? Болалигимдаги тупроқ кўчалар, гувала уйлар ўтмиш хотираларимда қолиб кетди. Эсимда, ота онам томорқамизнинг бир четидан лой тайёрлаб, сомон қўшиб ачитишарди. Маълум муддат ўтгач, онажоним шу лойни ғишт қолипга солиб бераверар, отажоним эса уни қуритиш учун бир зумда текис жойга жойлаштириб келарди. Мен ҳам ғишт тўкадиган жойга қум сепалаб туришни ёқтирардим, ахир ғишт тупроққа ёпишиб қолмай, текис чиқиши керак эдида. Уч хона бир даҳлиз қурилган шу уйда олти фарзанд улғайдик. У пайтлар уста ишламасди. Отам ва онамнинг, ҳашар йўли билан қўлбола қилиб қурилган шу уйи ҳозир ҳам бор. Уни бузишга кўнглимиз бўлмайди. Пол ёриқларидан чиқадиган зах ҳидию жуссасига кичик кўринадиган деразалари ҳам бунга изн бермайди, негаки бу деразалар уй битар- битмас ёпишган дарддан ҳориган раҳматли отажонимнинг кўзларига ўхшайди.

Бугунги кунда қишлоқларда намунавий лойиҳалар асосида қурилган уй- жойлар, бу уйларга кўчиб кираётган юртдошларимизга берилаётган имтиёзлар чинакам инсонпарварлик намунасидир. Уч нафар синглимнинг ана шундай уй-жойларда яшаётганлигини кўриб, қувонаман. Янги уйнинг калитини олиб уйга кирган сингилларимнинг қувончини отажоним кўрганларида эди, деб ҳаприқаман.

ЧЕКСИЗ ҲАВАС

Яқинда қўшни давлатнинг марказий таҳририятида фаолият олиб бораётган мухбири таҳририятимиз меҳмони бўлди. У билан чин дилдан суҳбатлашдик. Суҳбат асносида унинг юртимиздаги имкониятларга ҳавас билан қарашини сезиш қийин бўлмади. Айниқса, халқ билан мулоқот, одамларнинг дарду ташвишлари, мақсад муддаоларини уйма-уй, хонадонма-хонадон кириб эшитиш, уни амалга ошириш сиёсатига жуда ҳавасланди.

—     Бизда, — деди меҳмон, — ҳукуматга оддий аризани рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган пул маблағи берилади, агар шу пул берилмаса ариза қабул қилинмайди.

—     Шу йўл билан давлат бюджетига пул тушарканда, — дейман, ажабланиб.  — Э, қаерда, ариза қабул қилувчининг чўнтагига тушади, аризанинг ижобий ҳал қилиниши ёки қилинмаслиги иккинчи даражали, — дейди куюниб.

Давлатимиз раҳбарининг “Халқ билан мулоқот, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш — бу биз учун фақат бир йиллик иш эмас” деган чақириқларини чуқур тушуниб, бизни вояга етказган, бизни тарбиялаган, бизга туз-насиба берган, бизни раҳбар қилиб сайлаган халқ орасига киришимиздан, улар билан ҳамнафас яшашимиздан ғурурланиб кетдим.

ЙИГИРМА ЙИЛДАН СЎНГ УШАЛГАН ОРЗУ

Эсимда 1990 йил абитуриент эдим. Ўқишга кирганимни эшитиб раҳматли отам пойтахтга учиб боргандилар. Пойтахтнинг ўша пайтдаги диққатга сазовор жойларига олиб бордилар. Ва тайинладилар, мана шу анъана доимий бўлсин қизим, насиб бўлса фарзандларинг худди сен каби олий ўқув юртига ўқишга кирганида пойтахтни худди мен каби уларга кўрсат. Бу қадрият, бу билан уларга илҳом бер, дедилар. Ўша пайтда қиз болалик ҳаёси билан отамдан уялиб кетсамда, бу насиҳат бир умр қалбимга муҳрланиб қолди. Ҳақиқатдан ҳам фарзандларим бирин-кетин олийгоҳга ўз билимлари билан ўқишга киришди. Мен эса худди отам айтганларидек, дадамиз билан фарзандларимга пойтахтни кўрсатаман. Муҳташам майдонлар, музейларга олиб бораман, мустақиллик йилларидаги тарихий иншоотларни кўриб, ҳайрат ва фахр туйғуларини бошдан кечираман. Оҳ, донишманд отажоним, бугунги ўзгаришларни кўрганингизда эди, дейман пичирлаб.

Ўшанда отам билан Тошкентдан поездда қайтганмиз. Темир йўл Туркманистон ҳудудидан ўтарди. 12 соат туркман вокзалида поезд ичида диққинафас бўлиб, ўқишга кириш шукуҳи унчалик ҳам татимаганди. Отамнинг оёқлари шишиб кетгани, соғлиги ёмонлашгани кечагидек эсимда. Кейинчалик “Тошғузор — Бойсун — Қумқўрғон” темир йўлининг очилиш маросимида биринчи Президентимизнинг маърузасини тинглашга муяссар бўлганман. У киши маърузасида “Қашқадарёда ҳоким эканлигимдаёқ пойтахт билан Қашқадарё ва Сурхондарёни боғлайдиган темир йўлни олиб келиш бахтига эришсам эди, деб 20 йил олдин кечалари юлдузларга қараб орзу қилгандим”, дея таъкидлаган эди. Бугун ана шу орзулар рўёби бўлган муқаддас йўлларда фарзандларим елдек учиб пойтахтга бориб келишмоқда. Туркманистон вокзалида суткалаб вагон ичида қолиб кетиш азобини улар ҳаттоки, тасаввур ҳам қилишолмайди.

МАДАНИЯТ ВА МАЪРИФАТ
КОШОНАСИ

Бугун вилоятимизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари таҳсинга лойиқ. Вилоят марказидаги муҳташам Санъат саройику ўзгача қиёфа касб этди. Том маънода вилоятимиз марказининг кўркига айланди. Туманлар марказларида ташкил этилаётган истироҳат боғларидаги ўзгаришлар ҳам бундан қолишмайди. Энг қувонарлиси, бугун вилоят матбуот уйи биноси фойдаланишга топширилади. Очиғи, бу масканни нафақат журналистлар уйи, балки маданият, маърифат кошонаси, деб аташ ҳам мумкин. Эндигина дунёқараши шаклланиб келаётган мурғак қалб соҳиблари ҳайрат ва мўъжизаларга бой бу масканда шуурига эзгулик, гўзаллик туйғуларини сингдириб, журналист ва ижодкорлар даврасида комил, маънан баркамол шахс бўлиб вояга етиши аниқ. Биз журналистлар эса ана шу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, халқимиз, айниқса, ёш авлод маънавиятини юксалтиришга хизмат қилишимиз лозим.

Назаримда бугун Мустақиллигимиз боғлари мевага кирди. Бу боғларга ниҳол ўтқазиш, уларни совуқ шамоллардан асраб-авайлаш осон кечган эмас. Чунончи, замонавий шифохоналар, шошилинч тиббий марказлар, юксак малакали тиббий хизмат — булар ўз-ўзидан бўлмаганига гувоҳсиз.

БЕФАРҚЛИК
ҚУРБОНИ

Шу ўринда болалигимни эслайман. Қўшни қишлоққа келин бўлиб тушган Жумагул холамни кўргани борганмиз. Холам келин бўлиб тушган уй пастқамгина лойсувоқ девор, тангу тор кўча. Ариқдан сув ичишаркан. Ўша куни холам билан қоламан, деб хархаша қилганим учун эртасига олиб бориб қўйиш шарти билан мени келинникига ташлаб кетишди. Ўша кунни бугунгидай эслайман. Кун бўйи ранг- лари синиқиб юрган холам кечга бориб ҳушидан кетиб йиқилди. Тайинли доктор ҳам йўқ, аллақаёқдан қушноч кампирни чақириб келишди. Холамни “куф-суф” қилиб ёмон кўзлардан, назарлардан ҳимоя қилган бўлишди. Шу кеч холамнинг дард билан қаттиқ олишиб чиққани, унга тайинли тиббий хизмат кўрсатилмагани болалик шууримда бир умр сақланиб қолди. Қандай ҳам кўрсатсин ахир тиббий хизматнинг ўзи йўқ эди-да. Эрталаб иссиғи борган сари кўтарилиб бораётган холамни туман марказидаги шифохонага олиб боришди. Беш тийинлик тиқилинч автобусда холамнинг бўлари бўлди. Боргунча наҳотки янги келин ҳам касал бўлсая, деган ўй- хаёлларда изтироб чекканларим ёдимда. Онамнинг айтишича, туман марказидаги шифохонада ҳам холамни бизнинг касал эмас деб, кечгача бўлимдан бўлимга сарсон-саргардон қилишган экан. Кечга бориб қорнидаги беш ойлик ҳомиласи билан холамдан ажралиб қолдик. Кейин билсак, холамнинг бор йўғи кўричаги ёрилиб, заҳар бутун организмига тарқалиб кетган экан. Бу воқеа бир умр болалик хотираларимда муҳрланиб қолди. Ҳозир эса мустақиллик шарофати билан энг олисдаги қишлоқларда ҳам замонавий тиббиёт муассасалари қурилиб ишга туширилган, айниқса, она ва бола саломатлигини таъминлаш йўлида олиб борилаётган эзгу ишларни кўз олдимга келтирарканман, холажоним ҳаёт бўлганларида, қорнидаги фарзанди ҳам нақ 40 ёшга тўлган бўларди, эссиз деб ўйлайман. Нима бўлганда ҳам у кунлар мен учун эртакдай туюлади.

 ИСТИҚЛОЛ НУРИДАН МУНАВВАР ВАТАН

Йигирма етти йил… туғилибоқ оёққа турган мустақил она диёр! Озодлик, Ҳуррият, Истиқлол сингари юксак тушунчаларнинг бутун моҳиятини ўзида жамлаган МУСТАҚИЛЛИК сўзи салкам йигирма етти йилдирки юртдошларимизнинг тилида, дилида, шуурида муқаддас калом янглиғ янграб турмушимизга тароват, туйғуларимизга фароғат, орзуларимизга қанот бахш этмоқда. Мустақиллик сўзида халқимизнинг олис ва яқин тарихи, кураш ва интилишлари, бутун ҳаёти мужассамлашган. Мустақиллик сўзи қай шаклда, қай шевада, қай тилда айтилишидан қатъий назар, минг-минг йиллар давомида халқимизнинг жасур ва фидойи фарзандлари томонидан улуғланган, ардоқланган ва миллатимизни бирлаштирувчи байроқ сифатида хизмат қилган.

Сурхон офтобининг заррин нурларида чўмилиб гулга кирган Истиқлолим, йигирма еттинчи баҳоринг муборак бўлсин! Биз сенда ўзимизни англадик, насл-насабимизни теранроқ билганимиз сари сенга бўлган муҳаббат туйғуси юрагимизда чуқурроқ илдиз отмоқда. Бутун жону танимиз билан сенга пайвастамиз. Сендан бир дам айро тушмаймиз! Она Ўзбекистоним, бағрингдаги мустақиллик баҳоринг абадий бўлсин!

Райҳона РАҲИМОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ногиронлар – эътиборда

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айниқса, уларга сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш, зарурий тиббий-ижтимоий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE