Бош саҳифа / Жамият / Ватан узра фахр шукуҳи

Ватан узра фахр шукуҳи

Давлат пойдевори, Ватан суверенитети, келажак маёғи  ва миллат кўзгуси ҳисобланмиш Қомусимиз бу маконда яшаётган ҳар бир тирик жон учун фахр ҳамда ифтихордир. Конституциямиз қабул қилинган кунда туғилган чақалоқ бугун алп келбатли, забардаст йигитга айланди.

Демак. чорак аср олдин дунёга келган фарзандларимиз, набираларимиз юртини, элини, давлатини бемалол ҳимоя қила олади эмас, ҳар қандай бало-қазоларга кўксини қалқон қиладиган, мамлакат тараққиёти учун камарбаста бўладиган, уни бутун дунёга номини таратадиган ва танитадиган, ҳар томонлама етук ва фидойи инсонга айланганлигини кўриб турибмиз. Бунинг учун ҳар кун, ҳар лаҳзада шукроналар келтирамиз.

Муқаддас диёримизнинг барча жойларида бўлгани каби Сурхон воҳаси азаматлари ҳам бу қутлуғ санага муносиб меҳнат совғалари билан келишди. Воҳа деҳқонлари, боғбонлари, чорвадорлари, пиллакор ва ғаллакорлари, тадбиркор ва ишбилармонлари, фермер ва ҳунармандлари ўзларининг амалий меҳнатлари билан янги марраларни забт этдилар. Бу йил  она-Ватан ва халқ дастурхонига кўзланган режадан кўпроқ ғалла, пилла, чорва маҳсулотлари, мева-сабзавот, узум, полиз етказиб берилди ва қиш мавсуми учун захира қилинди. Шунингдек, вилоятимизда юздан ортиқ янги лойиҳалар асосида катта ва кичик ишлаб чиқариш корхоналари бунёд этилди ва этилмоқда. Воҳадаги ҳар бир туман, қўрғон, маҳалла ва гузар қиёфасини кўрсангиз, бунга ўзингиз амин бўласиз. Юзлаб кишилар ҳовли тўйлари қилиб, арзон ва замонавий уйларга кўчиб ўтишди. Айниқса, Термиз шаҳрининг тубдан қайта қурилаётганлиги бу кўҳна тарихда олтин ҳарфлар билан ёзилишига шак-шубҳа йўқдир. Бутун воҳада бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари бирдек олиб борилмоқда. Бунга барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.

Ана шундай улуғвор ишларимизга Қомусимизнинг 25 йиллик байрами янада файз ва тароват бахш этмоқда. Мамлакатимиз тараққиётини мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, ислоҳотларни амалга оширишда камарбаста бўлиш, юрт тинч- лиги, эл фаровонлиги, иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашда фаол иштирок этган фуқаролардан бир гуруҳи Президентимиз фармонига асосан Конституциямизнинг 25 йиллиги нишони билан тақдирланди. Вилоят ҳокимлигида шу муносабат билан куннинг биринчи ярмида тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишни вилоят  ҳокимининг ўринбосари Р. Чориев очди ва олиб борди. Йиғилганларни мукофот билан муборакбод этиб, Конституция байрами билан самимий табриклади. Шундан сўнг рўйхат асосида юз нафардан ортиқ турли соҳа ходимларига эсдалик нишони топширилди.

Тантанали тадбирда мукофотланганлар номидан сўзга чиққанлар эътибор ва эътироф учун Президентимизга, вилоят ҳокимлигига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Шу куни кеч соат 7 да тантанали тадбирнинг давоми вилоят ҳокимлигининг катта мажлислар залида бўлиб ўтди. Давлат мадҳияси янгради. Сўнг вилоят ҳокими, сенатор Э. Турдимов мажлисни очиб, йиғилганларни чин дилдан қутлади.

— Президентимиз фармонларига кўра, воҳамизнинг бир гуруҳ фидойи инсонлари мамлакатимизнинг орден, медаллари ва фахрий унвонлари билан мукофотланганларидан ҳаммамиз хабардормиз. Бугун ана шу унвон ва мукофотларни тантанали топшириш тадбирини ўтказмоқдамиз. Давлат мукофотлари нафақат шу залда ўтирганларга, балки бутун Сурхон элига берилган деб биламан,— деди ғурур билан нотиқ.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари  Қ. Акмалов тантана иштирокчиларини муқаддас байрам билан табриклаб, янги меҳнат зафарлари ёр бўлишини тилади.  Шундан сўнг  унвон ва мукофотларни Бош вазири ўринбосари Қ. Акмалов ва вилоят ҳокими Э. Турдимов тантанали равишда топширди. Биринчи бўлиб, саҳнага 80 ёшли отахон Чори Умиров таклиф этилди. Барча уни Ўзбекистон халқ бахшиси фахрий унвони билан муборакбод этди. Шундай қилиб барча унвон ва мукофотлар ўз эгаларига топширилди.

— Бугун қувончимнинг чеки йўқ, — дейди “Дўстлик” ордени совриндори олтинсойлик Р. Мирзаев. — Камтарона меҳнатимнинг эътироф этилганлиги учун Президентимизга, халқимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

— Меҳнат қилган элда азиз, деган нақл бежиз айтилмаган. Аслида халқ орасида маданий-маърифий ишларни олиб бориш, ёшларни миллий, маданий қадриятлар руҳида тарбиялаш, энг масъулиятли ва машаққатли иш ҳисобланади. Маънавият ва маърифат тарғиботи бир кунлик, бир йиллик  юмуш эмас. Бу бир умрлик вазифадир, — дейди деновлик “Дўстлик” ордени соҳиби Т. Турдиев.

Тақдирланганлар номидан сўзга чиққанлар бутун куч-ғайратини, билим ва тажрибасини Ватан равнақи, эл фаровонлиги йўлида сафарбар этишларини қатъият билан таъкидладилар.

Сурхон воҳасининг барча туманларида Конституциямизнинг 25 йиллик тўйи кенг нишонланмоқда. Энг фаол ва ўз касбининг фидойилари бўлган инсонларга тантанали равишда Конс- титуциямизнинг 25 йиллик кўкрак нишони топширилди. Энг муҳими, мактаб, коллеж, лицей, олий ўқув юртлари, меҳнат жамоаларида байрам муносабати билан йиғилиш ва тадбирлар ўтказиш давом этмоқда.  Бундай тадбирларда мамлакатимизнинг чорак асрда босиб ўтган тараққиёт йўли, Конституциямизнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва халқаро ҳаётда тутган ўрни ҳамда мавқеи ҳақида атрофлича маълумотлар берилмоқда.

Азиз юртдошлар, муқаддас сана — Қомусимизнинг чорак асрлик байрами барча-барчамизга муборак бўлсин. Хонадонингизни ҳеч қачон байрам таровати тарк этмасин. Тинчлик, омонлик ва бунёдкорлигимиз бардавом бўлсин.

Сафар ОМОН,
Сурхон тонгимухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan