Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Ватан равнақи йўлида

Ватан равнақи йўлида

Халқимизда минг оғиз насиҳатдан кўра, бир карра ибрат афзал, деган ҳикмат бор. Вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”нинг дастлабки кунларини амалий ишлар билан бошлашди.

Божхонанинг масъул ходимлари Термиз туманида жойлашган “Gold Agro Fresh” МЧЖ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштирилган агрофирма ишчи-хизматчиларининг иш фаолияти билан танишдилар. Айни пайтда бу агрофирма тасарруфида 115 гектар иссиқхона бўлиб, шундан 90 гектарида помидор, қулупнай, ҳар хил кўкатлар етиштирилади. Энг муҳими, иссиқхонадаги қишлоқ хўжалиги экинлари рисоладагидек парвариш қилинмоқда. “Gold Agro Fresh” МЧЖ томонидан етиштирилган маҳсулотларнинг асосий харидори Россия Федерацияси бўлиб, шартнома асосида хорижий харидорларга ўз вақтида етказиб берилади.

Бошқарма бошлиғи Толибжон Саидов  раҳбарлигидаги божхоначилар агрофирма иссиқхоналарида етиштирилаётган маҳсулотни саралаш, йиғиб олиш, экспортга тайёрлаш жараёнлари билан яқиндан танишишди. Шунингдек, хориждан келтирилаётган ускуналарнинг божхона расмийлаштирувини амалга ошириш, экспорт масалаларида юзага келаётган муаммолар ва уларнинг таклифлари билан астойдил қизиқишди. Агрофирма жамоаси иссиқхоналарда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш масаласида катта тажриба ва имкониятларга эга. Шунинг учун маҳсулотларни узилган ҳолда эмас, балки музлатилган ва қадоқланган шаклда экспорт қилиш ҳам фойдадан ҳоли эмаслигини таъкидлашди.

Жорий йилда агрофирма вакиллари камида 80 миллион АҚШ доллари миқдорида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини хорижга экспорт қилиш режалари борлигини маълум қилишди. Энг муҳими, жонажон Ватанимизда етиштирилган ноз-неъматларга дунё бозорида ҳамиша талаб ва эҳтиёж кучли бўлган. Серқуёш ўлкамизда деҳқонларимиз томонидан пешона тери, қалб қўри эвазига етиштирилаётган мева-сабзавот, узум, полиз маҳсулотларига харидорлар йил сайин ортиб бораётганлиги бунинг яққол исботидир.

Танишиш жараёнида  муҳтарам Президентимиз томонидан ўтган йил 6 ноябрда қабул қилинган “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра тадбиркорлик субъектларига экспорт учун бир қатор янгилик ва қулайликлар яратилганлиги  алоҳида қайд этиб ўтилди. Энг муҳими, хўжалик юритувчи субъектларга  мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт контракти тузмасдан инвойс асосида экспорт божхона декларацияси расмийлаштирилган кунда 20 минг АҚШ доллари миқдоридан ошмаган ҳолда  амалга ошириш ҳуқуқи берилди. Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш учун божхона юк декларацияси  кўздан кечириш далолатномаси тузилгандан сўнг уч соатдан ортиқ бўлмаган муддатда расмийлаштирилиб берилиши таъкидлаб ўтилди. Агрофирма вакиллари ҳамкорлик ва яқиндан кўрсатилаётган ёрдам учун уларга ўз миннатдорчилигини билдиришди.

Божхона бошқармаси вакиллари “Jarqo`rg`on meva sabzavot eksport”  агрофирмаси фаолияти билан ҳам танишишди. Ўтган йил мавсумда етиштирилган дуккакли маҳсулотларни йиғиш, экспорт  учун қадоқлаш жараёни қизғин кетаётганлигига гувоҳ бўлдилар. Термиз шаҳрида жойлашган бу агрофирманинг дуккакли маҳсулотларни сақлаш, қадоқлаш учун мўлжалланган кичик заводи фаолият олиб бормоқда. Бу кичик завод соатига олти тонна дуккакли маҳсулотлар қадоқлаш ва  йилига 35 миллион АҚШ доллари миқдорида чет элга сифатли маҳсулот етказиб бериш имкониятига эга. Шунингдек, бу ерда 50 нафар киши фойдали иш билан таъминланган. Агрофирма вакиллари ҳамда ишчилари билан бўлган юзма-юз мулоқотда маҳсулотларни экспортга тайёрлаш, хориждан зарур ускуналарни олиб келиш ва божхона расмийлаштируви тўғрисидаги саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Бўлиб ўтган мулоқотда мазкур агрофирма вилоят экспорт салоҳиятида ўз ўрнига эга эканлиги қайд этиб ўтилди. Ўтган йили агрофирма вакиллари  Афғонистонга 12 миллион АҚШ доллари миқдоридаги дуккакли маҳсулотларни экспорт қилганликларини айтиб ўтишди. Бир сўз билан айтганда, ҳар иккала масъулияти чекланган жамият вакиллари “Термиз” ТИФ божхона пости билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги сабабли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари тегишли жойларга ўз вақтида етиб бораётганлигини эътироф этишди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “Ҳар бир киши тадбиркор бўлиши лозим!” шиори остида олиб борилаётган мулоқот ва ҳамкорлик  агрофирмалар, тадбиркорларнинг Ватан равнақи йўлидаги  фаолияти учун асосий омил бўлиб хизмат қилади. Бундан кўзланган мақсад, халқ фаровонлигини ошириш, юртимиз иқтисодиёти барқарорлигини таъминлаш, аҳолининг тоза ва сифатли маҳсулотларга бўлган талабини қондириш ҳамда янги иш ўринларини яратишдан иборатдир.

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

СОТИХИДАН БИР ТОННАГАЧА

Уй-жойи, томорқаси бор, тоғни урса толқон қиладиган йигитларнинг оиламни  боқаман, деган баҳона билан  хорижий мамлакатларда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan