Бош саҳифа / Жамият / Ватан нимадан бошланади?..

Ватан нимадан бошланади?..

Ватан ҳақида гап кетса, ушбу машҳур қўшиқ билан бошланадиган Иккинчи жаҳон урушига оид “Қилич ва қалқон” бадиий фильми болалик хотираларимда қайта-қайта жонланаверади…

Ватан нимадан бошланади? Бу саволга мен  Ватанга нисбатан муҳаббат — фидойиликдан бошланади, деб жавоб берган бўлардим.

Дарҳақиқат, биз буюк ўтмишга эга халқмиз. Аждодларимиз томонидан амалга оширилган хайрли ва буюк ишлар, дунё тамаддунига қўшган ҳиссасини мана, бугун бутун дунё фахр ила эътироф этмоқда.

…Широқ, Спитамен, Тўмарис, Амир Темур, Алишер Навоий, З.М.Бобур, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди, Аҳмад Яссавий, Аҳмад Фарғоний, Баҳоуддин Нақшбандий, буюк термизийлар… хуллас, санаб адоғига ета олмаймиз! Яқинда интернет орқали ўқиб чиққаним, Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон қаламига мансуб “Александр Македонский ва чўпон” номли ҳикояга тўхталмоқни жоиз деб топдим.

Аждодларимиз бўлмиш сак, скиф — массагетлардан бўлган оддий чўпон йигитнинг мардлиги, ғурури мени ҳайратга солди. Александр Македонский бостириб келгач, аввал маҳаллий халқ вакилларидан бири билан суҳбатлашиб, у орқали халқ ҳақида тушунчага эга бўлишни истайди. Унинг навкарлари бир чўпон йигитни асир қилиб олиб келишади. Македонский у билан суҳбатлаша туриб, сенинг халқингни ор-номуси жуда кучли жангчилар дейишади. Агар мусобақалашиб, камондан нишонни мендан яхши ололсанг, сени озод қиламан, дейди. Чўпон йигит мусобақадан бош тортгач, Александр уни қўрқоқликда айблаб, ўлимга маҳкум қилади. Чўпон йигитни олиб чиқиб кетишаётганда, шу ерда турганлардан бири нега мусобақадан воз кечганини сўраганда, йигит уч-тўрт кундан бери камондан отиб машқ қилмаганини, шу сабаб ютқазиб қўйиб, элини уятга қўя олмаслигини айтади.

Орни қаранг! Номусни, диёнатнинг зўрлигини қаранг! Уятни ўлимдан афзал қўйган йигитнинг матонатидан ҳайратга тушган Александр Македонский чўпонни озод қилар экан, бу халқни жанг ила мағлуб қилиб бўлмаслигини англайди.

Истагим, бугунги кун ижодкорлари қизларимизда ибо-ҳаё, садоқат-вафо, йигитларимизда миллий ғурур, номус ва диёнатни уйғотадиган асарларни яратишлари лозим! Айнан шу ҳақиқатга эътибор қаратишимиз керак! Бугунги кунда чет эл мусиқаларини тинглаб улғаётган айрим ёшларимизда эса бу каби туйғулар йўқ бўлиб бораётгани ғоят ачинарлидир. Биз кимлигимизни, кимларнинг авлоди эканлигимизни унутмайлик. Аждодларимиз билан фахрланамиз, аммо шу фахрга лойиқ бўлиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаяпмиз.  Бу мавзуга қайтиш, эътибор қаратиш, ўзлигимизни асраб қолиш учун курашиш эса бизнинг Ватан олдидаги бурчимиздир. Ватанни англаш, севиш ўзликни англашдан бошланади. Ёшларимизга эса айнан мана шу ҳақиқатни англатишимиз лозим, деб ўйлайман.

Маърифат МУХТОРОВА, ўқитувчи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 15 июлдаги сонида қатор таҳлилий ва хулоса чиқаришга ундовчи мақолалар …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan