Бош саҳифа / Маданият / «Ватан каби мангу Навоий»

«Ватан каби мангу Навоий»

Ғазал мулкининг султони Алишер Навоий бу йил 577 ёшда. Бу қутлуғ санани ҳар йили кўтаринки кайфиятда нишонлаймиз. Бироқ, буюк мутафаккирнинг бу йилги таваллуд кунида воҳамизда ҳар йилгидан бошқачароқ, шу-куҳлироқ байрам ташкил этилди.

Дастлаб, Термиз шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлди. Унда кенг жамоатчилик иштирок этди. Тадбирни вилоят ҳокими ўринбосари Р.Чориев очиб берди. Шундан сўнг, сўзга чиққанлар Навоий даҳоси, унинг юксак ижоди ҳақида фикр билдириб, ғазалларидан намуналар ўқилди.

— Ота-оналар тўғри йўл кўрсатиш мақсадида ахлоққа оид китобларни ўғил қизларига мажбуран ўқитади, — дейди “Навоий” номидаги давлат стипендиати, Навоийшунос олима Шаҳноза Норқулова. — Эзгулик сари ташланган одимларнинг энг тўғри ва энг яхши натижавийси Алишер Навоий қалбини англашдир. Ёш шоирлар Навоийдан қалам чархлашни ўрганиши мумкин. Файласуфлар шоир асарларини ўқиб, тасаввуфий-фалсафий сирларни кашф этишга уринишади. Оддий одам эса Навоийдан одамийлик сабоқларини олади. Шу боис Навоий асарларини ҳали кўп ўқишимиз, тушунишимиз керак.

Тадбир Ёшлар марказида “Билмак Навоийни зўр маърифат нишони” мавзусида ўтказилган адабий-бадиий кечага уланди. Унда вилоят мусиқали драма театри жамоаси томонидан намойиш этилган саҳна кўриниши, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази, Термиз давлат университети талабалари, Термиз санъат коллежи ўқувчиларининг адабий-мусиқий чиқишлари иштирокчиларга Навоий ижодидан баҳраманд бўлишдек имкониятни бериб, барчанинг қалбини, юрагини тўлқинлантирди.

Дарвоқе, Навоий асарларини кўп мутолаа қилиш орқали ундаги маънолар уммонининг тубига тушиб борасиз. Қанча чуқур шўнғиса, шунча комилликка шунча яқинлашиб бораверади киши. Инсоннинг ички руҳий ҳолати билан боғлиқ пинҳоний саволлар ойдинлашади. Назаримда, ҳар қандай соҳа вакили Навоий айтмоқчи бўлган фалсафий-ахлоқий, адабий-маърифий фикрларни тушуниб етса, психологларнинг машғулотларига мурожаат қилишга ҳожат қолмайди. Фақат уларни ўқиш, уқиш ва тушуниш даркор. Буюк шоирнинг қарашлари шарқона мажоз билан ўралган ва тафаккур сандиғига жойланган. Улар тўғри йўлни кўрсатиб, бизни чин инсоний руҳда тарбиялайди.

Ф.РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Қизиқарли дастурлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan