Бош саҳифа / Жамият / Ватан ҳимояси шарафли бурч

Ватан ҳимояси шарафли бурч

Термиз шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят Кенгаши томонидан “Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Унда давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг аскарлари, “Ватанпарвар” ташкилоти Термиз автомобиль мактабининг курсантлари, Термиз давлат университети ва касб-ҳунар коллежларининг талабалари иштирок этдилар. Сўзга чиққанлар мамлакатимиз Қуролли Кучларини ислоҳ қилиш, профессионал армияни шакллантириш борасида қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти борасида тўхталиб ўтдилар. Шундан сўнг, “Ватанпарвар” ташкилоти кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш маркази томонидан тайёрланган “Ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси” номли қўлланмаси тақдимоти бўлиб ўтди.

Шунингдек, ватанимиз мустақиллигини ҳимоя қилиш йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари, хизмат бурчини ўташда жонбозлик кўрсатаётган ҳарбий хизматчилар ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

— Ҳозир ўғлим Муҳиддинжон ҳаёт бўлганида 43 ёшда бўлиб, сафдошлари қаторида хизмат қилиб юрган бўлар эди, — дейди мар- ҳум сержант М. Эштемировнинг онаси Манзура Диллаева. — Муҳиддинжон 2000 йил Сариосиёдаги жанговар ҳаракатларда давлатимиз хавфсизлигини ҳимоя қилиш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Бир йилдан сўнг, муҳтарам Президентимиз томонидан ўғлим “Жасорат” медали билан тақдирланди. Мана, ҳозир ҳам ушбу тадбирда ўғлимни хотирлаб, мард ва жасур фарзанд улғайтирганим учун ташаккур айтишди. Жигарбандим ўзининг қисқа ҳаётида катта ишларни бажара олди.

Тадбир Термиз шаҳридаги “Алпомиш” ўйингоҳида давом этди. У ерда спортнинг техник ва амалий турлари бўйича кўргазмалар, маҳорат дарслари ташкил этилди. Жанубий оператив йўналиши бошқаруви гуруҳининг маҳоратли жангчилари ва “Ватанпарвар” ташкилоти Термиз автомобиль мактабининг курсантлари ўртасида спорт мусобақалари ўтказилди. Ҳарбий қисм бўлимларининг кўргазмали чиқишлари ҳамда ҳарбий парад намойиш этилди.

Тадбир якунида фаол иштирок этганлар ва спорт мусобақалари ғолиблари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, “Ватанпарвар” ташкилотининг махсус диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Uchovlonning to’rtinchisi

Ommaviy axborot vositalari odatda to‘rtinchi hokimiyat sifatida tilga olinadi. Jurnalistlar esa bevosita jamiyatda mavjud uch …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan