Бош саҳифа / Жамият / Ватан ичра Ватан

Ватан ичра Ватан

Бошпанали одам бугунидан мамнун, эртасига умид боғлаб яшайди. Нега дейсизми? Чунки унинг кўнгли тўқ. Фарзандлари ўз уйида яйраб юриши, мўъжазгина ватанда эркин нафас олишини ўйлаб, хотиржам яшайди.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилоят бўлинмаси хизматчилари орасидан 30 нафарига ана шундай бахт насиб этди. Уларга Термиз шаҳрида қурилган кўп қаватли уйларнинг калити кенг жамоатчилик вакиллари олдида тантанали равишда топширилди.

— Биласиз, ҳарбий одамнинг доимий бошпанаси бўлмайди. Хизмат тақозоси билан бир жойдан бошқа жойга кўчиб яшайди, — дейди сержант Отажон Жўраев. — Қаерда бўлмайлик, ўз уйимиз бўлишини орзу қилиб яшаймиз. Ниҳоят, бу орзуимиз бугун ушалди. Ипотека кредити асосида янги уч хонали уй-жой билан таъминландик. Уйнинг бошланғич тўлови эса давлатимиз томонидан тўлаб берилди. Энди бу гўшада уч нафар фарзандим ва турмуш ўртоғим билан осойишта яшаймиз. Бундай эътибор ва ғамхўрликка жавобан эса Ватанимизга садоқат билан хизмат қиламиз.

Тантанали ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Р.Чориев сўзга чиқиб, вилоятимизда жиноятчиликнинг олдини олишда астойдил хизмат қилаётган Миллий гвардия хизматчиларига ўз миннатдорчилигини билдирди ва янги хонадон эгаларини шодиёна билан табриклади.

Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари ва нуронийлар дид билан безатилган хонадонларда меҳмон бўлишиб, уй эгаларига “оқ фотиҳа” беришди.

Дарвоқе, юртимиз сарҳадларини қўриқлаб, осойишталикни таъминлаётган ҳарбийларимизнинг машаққатли хизмати мақтовга лойиқ. Уларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланиши, уй-жой билан таъминланиши эса ана шу меҳнатга яраша муносиб эҳтиромдир.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Янги масжид муборак

Кеча Термиз шаҳрида Ҳаким Термизий номидаги янги жомеъ масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Янги жомеъ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan