Бош саҳифа / Жамият / Ватан хизматига шайдир ЛОЧИНЛАР

Ватан хизматига шайдир ЛОЧИНЛАР

ёхуд халқаро аэропортларимизни кимлар қўриқлайди?

Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризм тез суръатларда ривожланмоқда. Табиийки, Ватанимизнинг тарихий шаҳарларини кўриш орзусида бўлган чет эллик сайёҳларнинг аксарияти авиация хизматидан фойдаланишади. Бундан ташқари хорижга чиқаётган ва келаётган юртдошларимиз учун “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси орқали парвозлар амалга оширилмоқда. Қолаверса, маҳаллий йўналишларда ҳам само лочинлари фуқароларимизнинг узоғини яқин қилиб келаётгани барчамизни қувонтиради. Айтиш жоизки, халқаро аэропортларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинларининг алоҳида ҳиссаси бор. Бу хусусда Термиз халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш батальонида бўлиб, ҳарбий қисм катта офицери, майор Ғафур Тўраев билан суҳбатлашдик.

— Суҳбатимиз аввалида ҳарбий қисмнинг ташкил этилиш тарихи ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йилдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси МХХ қўшинлари таркибида Ўзбекистон Республикаси аэропортларини қўриқлаш бўйича алоҳида бригада ташкил этилган эди. МХХнинг 2005 йилдаги буйруғи билан унга “Лочин” бригадаси деб ном берилди. Мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 8 майдаги қарори билан “Лочин” бригадаси Ўзбекистон Республикаси ИИВ тасарруфига ўтказилди ва халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари деб номланди.

—   Ҳарбий қисмнинг асосий вазифаси нималардан иборат?

— Ҳарбий қисмнинг асосий вазифаси, қисқа қилиб айтганда, республикамиздаги халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлашдан иборат. ”Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг фуқаро авиацияси фаолиятини таъминловчи объектлари, транспорт ва телекоммуникация тизимларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг хизмат фаолиятига қарши қаратилган ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, шунингдек, халқаро аэропортларни турли террористик, қўпорувчилик ва бошқа жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш, бу борада замонавий техник воситалардан самарали фойдаланишдан иборат.

 Бугунги кунда шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор ўқув-амалий ва дала машғулотлари ўтказилди. Қўриқланаётган объектда бир неча марта ички тартибнинг бузилиши ҳамда товар-моддий бойликларни ноқонуний ўзлаштиришга уринишларнинг олди олинди. Ҳарбий хизматчиларимиз касб маҳоратини ва юксак маънавиятини намойиш этиб, юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантиришга ҳам ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

—   Ўқув машғулотларда асосий эътибор нималарга қаратилмоқда?

— Ҳарбий қисм шахсий таркиби билан ўқув машғулотлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан тасдиқланган жанговар хизмат режаси асосида амалга оширилиб келинмоқда. Шунингдек, шахсий таркибнинг маънавий-маърифий билимини ошириш мақсадида республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими билан ҳамкорликда йиллик режа тузилган. Ушбу режага мувофиқ ҳарбий хизматчиларнинг мамлакатимиз ҳаётида ва дунёда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар, соҳага доир амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги билимлари мунтазам равишда ошириб борилмоқда. Бундан ташқари, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари иштирокида ҳам бир қатор маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ўз хизмат мажбуриятларини бажаришда алоҳида ўрнак кўрсатиб, жонкуярлик билан хизмат қилаётган ҳамда жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликда юқори натижаларга эришган ҳарбий хизматчиларимиздан 1 нафари “Содиқ хизматлари учун” медали, 2 нафари “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсталик нишони, 4 нафари “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсталик нишони, 4 нафари “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 25 йил” эсталик нишонлари билан тақдирланган. Бундан кейин ҳам фаолиятимизни юртимиз тинчлиги ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш йўлида садоқат билан давом эттирамиз.

Баҳром НОРМУРОДОВ
суҳбатлашди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Vaksina vahimasi

Bir necha yillardan buyon butun dunyoni tashvishga solgan, jamiyat hayotining barcha jabhalariga birday jabr ko‘rsatgan, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan