Бош саҳифа / Жамият / Ватан қадри

Ватан қадри

“Ўғлим, синглинг билан ўйнаб тур, мақола ёзиб олай” — дедимда, қўшни хонага юрдим. “Ватанинг тинч – сен тинч” — деди у ортимдан. Бошқа мавзуда ёзиш ниятида эдим. Бу хитоб ўй-хаёлларим жиловидан тутди. 3-синфда таҳсил олаётган фарзандим энг яхши нарсалар ҳақида сўз борганда “Ватан” сўзини бот-бот такрорлайди.

Тўғри, у бу сўз моҳиятини, қадр-қимматини ҳали тўлиқ анг- лаб етмаган бўлсада, устозларининг таълим-тарбияси, ОАВдаги чиқишлар, қолаверса уйдаги суҳбатлар асносида “Ўзбекистон”, “Ватан” тушунчалари унинг онгу-шуури, мурғак қалбида ота-она, сингил, бобо-момо ва бошқа қадрдонлари каби бебаҳо ўрин эгаллаётганини намоён этмоқда.

Зуваламиз меҳр-муҳаббат, садоқат сувидан қорилган. Шукрки, тақдир бизни бу неъматдан мосуво этган эмас. Аммо, Ватанга бўлган муҳаббатни англаш учун ҳам вақт керак. Кимдир умрининг тонгида, яна кимдир пешинда, айримлар эса фақат оқшом чўккандагина ушбу туйғуни ҳис қилади. Мўмай пул дардида ватанини сотган, ўзга юртда “рўшнолик” кўриб, она юртига туҳмат тошини ёғдираётганлар ҳам йўқ эмас. Аммо уларнинг қалбида киндик қони томган тупроққа талпиниш ҳисси ҳеч қачон сўнмайди! Шунга қарамай, айримларнинг юракдаги ғалаённинг асл моҳиятини англаш, ҳақиқатни тан олишга иродаси ожизлик қилади.

Қайга бориб қўнар учаётган сор,
Қайси жойда тўхтар югурук оҳу?
Жавоб бериб бўлмасбу гапга зинҳор,
Бу жиҳат ёпиқ, деб айтилган, ёҳу.

Узоқ йиллар яшаш ҳар кимга армон,
Гарчи дунё ўзи фоний, муваққат.
Филда ҳам бор эмиш энг сўнгги макон,
Инсонга буюрсин Ватани фақат.

Шоир Абдулла Орипов қаламига мансуб ушбу мисралар сўзимни тасдиқлайди.

Эрта тонгда деразаларимни очарканман, иссиққина нон ҳиди димоғимга урилади. Шу онда дунёнинг қайсидир ҳудудида эшик-деразаларини тамбалаб, қўрқув ва ҳадик исканжасида қийналаётган инсонлар кўз олдимга келади. Ўйга толаман… Нега энди, одамзот олдидан оққан сувнинг қадрини сувсизликдан қийналгандагина англаб етади!

Мустақил ҳаётга қадам қўйган икки ёш уй-жой қуриш, рўзғорини бутлаш, ўзлари ва фарзандлари истиқболи учун барча шарт-шароитларни яратишга ҳаракат қилишади. Албатта, ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди. Барчаси учун меҳнат ва вақт керак. Муштарак мақсад ва баҳамжиҳат меҳнат нурафшон эрта гаровидир. Фарзандлар улғайгани сари, ота-онаси қанотига кириб мустаҳкам оила ва фаровон турмушга ўз ҳиссаларини қўшадилар. Аммо падари бузруквори иморат тиклаётган бир вақтда, қўшниларникида оёқ узатиб, уйидаги муҳит ва шароитдан нолиётган фарзандни ким дейиш мумкин? Ахир, эришилган ҳар бир ғалабадан фахрланиш, ўз уйининг ғиштини ўзи қўйиб, бунёдкорликка кўмаклашиш — шу эмасми марднинг иши! Соя-салқин қўшни уй ҳам бирдан қад кўтармаган. У ҳам кимнингдир хизмати эвазига бунёд бўлган.

Ота-она учун фарзанднинг яхши-ёмони йўқ. Бари бирдек азиз! Оила истиқболи ва фаровонлигига ҳисса қўшиш ҳар бир фарзанднинг бурчи бўлгани каби, Ватан тараққиётига дахл- дорлик чин фуқаролик бурчимиздир. Ана шу бурч ва муҳаббат эса бизни юртни ҳимоялаш, тинч ва фаровон ҳаётимизни асраб-авайлашга ундайди.

Дилноза АЛЛАЯРОВА,
журналист

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan