Бош саҳифа / Жамият / Вақтимни ўғирламанг “автобуслар!”

Вақтимни ўғирламанг “автобуслар!”

Эрталабдан кўпчилик одамлар кўчага шошилади. Кимдир ишга, кимдир ўқишга, яна биров эса боғчага ошиқади. Аксарият одамлар жамоат транспортларидан фойдаланишга эҳтиёж сезади. Аммо автобусларнинг тирбандлигидан, ҳар қадамда тўхтайверишидан ҳунобингиз ошади. “Эшак арава” эмаски, бу уловлар қадам санаб тўхтайверса. Шаҳримиз кундан-кунга чирой очиб, замонавий иншоотлар ой ўтмай, кун ўтмай қад ростласаю бекатларга келганда муаммо бўлиб қолмоқда.

Автобус енгил автоулов эмаски, дуч келган жойга тўхтаб, яна тезда жойидан жилса, ҳаракатда давом этса. Бетартиб ҳаракатга бекатларнинг тўкис эмаслиги баробарида баъзи бир авомлашиб бораётган одамлар ҳам сабаб. Икки қадамни узоқ биладиган йўловчиларнинг баҳонаси кўп. Юким оғир эди, шошаётгандим. Тўхтаганингизни сезмай қолибман. (Бошини телефондан кўтарса сезадими одам деган)

Баъзида сабр косаси тўлган ҳайдовчининг “Автобус ҳозиргина тўхтаганда тушиб қолсангиз бўлмасмиди?” деган бир оғиз гапига ўн оғиз жавоб қайтарадиганлар ҳам йўқ эмас. Буни фақат ҳар куни жамоат таранспортидан фойдаланадиганлар билиши мумкин. Бу каби бетартибликлар нафақат йўловчиларнинг, балки воҳамизга ташриф буюраётган меҳмонларнинг ҳам таъбини ҳира қилади. Тунов куни бошқа бир вилоятдан келган меҳмон билан автобусда суҳбатлашиб кетдик. У автобуснинг қадамда оёқ илишига ҳам транспортда ҳаддан зиёд одам кўплигига ҳам эътибор бермади. Бироқ бир йўловчи тиқилинч натижасида унинг оёғини босиб юборганидан сўнг жиғи-бийрони чиқди шекилли, ҳайдовчига танбеҳ берди. “Кўринган жойга тўхтайвериб одамларни ёмон ўргатиб қўйгансизда, шунинг учун ҳам улар хоҳлаган жойида тушишга уринади. Агар сиз фақатгина бекатларда тўхташни одат қилсангиз, йўловчилар ҳам мажбуран шунга кўникади. Ўнта бармоқни оғизга тиқиб, одамларни қийнашнинг нима кераги бор” дея шартта-шартта дилидагини тилига кўчирди.

Замонавий жамоат транспортларимизни халқ тили билан айтганда “эшак арава”га айлантириб қўйдик. “Их” деса юрадиган, “ишш” деганда йўрғалаб кетадиган.

Баъзан автобусларни бошқараётган шофёрларнинг нафси ҳакалак отиб, учта автобусга сиғадиган одамни бир қилиб миндираверади. Тўғри, ҳамманинг ҳам таксида юришга қурби етмайди. Улар ҳам илашиб қолсам бўлгани, дея бошқаларнинг устига энгашиб бўлса-да чиқишга тирмашади.

Жамоат таранспортларидаги бу каби ҳолатлар натижасида кўпларнинг вақти “ўғирланаяпти”. Хўш, бу муаммолар қачон ечим топади? Ёки кутишга одатланган одамлар яна кутаверадими? Мутасадди ташкилотлар жамоат транспортининг бетартиб ҳаракатига эътибор қаратишса, тартибга олса мақсадга мувофиқ бўларди.

Агар шаҳримиз кўчаларида автобус бекатлари тўлиғича битказилсаю, автобуслар фақатгина бекатларда тўхташга одатланишса, аҳоли учун янада қулай бўларди. Шунда одамлар ҳам бекатда туриб улов кутишга ўрганишармиди.

Шоира ДАВЛАТОВА,

ТерДУ катта ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Яхшилар кўмаги Бехзодни ҳаётга ишончини қайтарди

Бир куни Бехзод мактабда тўсатдан бошланган оғриқдан кўксини чангаллаганча йиқилди. Синфдош дўстларию ўқитувчилари бир амаллаб …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan