Бош саҳифа / Сиёсат / Вақт қадрини йўқотган билади

Вақт қадрини йўқотган билади

Вилоятимиз аҳолиси шаҳар ва туманларда фаолият юритаётган 14 та, олис ҳудуддаги 3 та шохобча орқали 128 турдаги давлат хизматидан фойдаланмоқда.

Вақтнинг қимматини, қадрини бирор нарса билан ўлчаб бўлмайди. Кимдир уни оқар дарёга қиёсласа, яна биров шамолга ўхшатади. Вақтнинг қадрига ҳар доим ҳам етавермаймиз. Чунки у “бепул” берилган… Икки энлик қоғоз олиш учун ҳафталаб давлат идораси эшиги олдида сарғайишни бир кўз олдингизга келтириб кўринг. Аламли ҳолат-а! Унинг ўрнига китоб ўқисак ёки фарзандлар тарбияси билан шуғуллансак, бирор тайинли иш қилсак, яхши эмасми?

Аслида бу масала ўз ечимини топмасдан келаётган кўп йиллик оғриқли муаммо эди. Ортиқча сарсонгарчиликлар барчани бездириб қўйганди. Узоқ ўтмишни қўя туринг, бундан уч йил аввал эшигингизни тақиллатиб, “биздан нима хизмат” дейдиган давлат идораси бормиди? Ёки уйингизга бориб, қўлингизга тайёр ҳужжат тутқазган бирор мутахассисни кўрганмисиз? Аксинча, ўша йилларда бундай хизматлар учун турли идоралар эшиги ва йўлларда қимматли вақтингизни ўтказганингиз, бир энлик қоғоз учун хуноб бўлганингиз ҳеч кимга сир эмас.

Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони одамларга турли хизматлар кўрсатиш сифати ва самарасини тамомила янги босқичга кўтарди. Халқимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш, тезкор ва қулай давлат хизматлари кўрсатишни йўлга қўйиш учун адлия вазирлиги ҳузурида давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди.

Биргина жорий йилнинг биринчи ўтган 6 ойида вилоятдаги марказларимизга аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан 253 минг 860 давлат хизматлари кўрсатишга оид мурожаат келиб тушди. Уларнинг 45 минг 726 таси давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган хизматлардан эркин фойдаланишни таъминлайдиган электрон рақамли имзо сертификатини олиш, 16 минг 557 таси фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш, 30 минг 336 таси ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга нисбатан бир марталик умумдавлат акцияси доирасида мулк ҳуқуқини эътироф этиш, 16 минг 903 таси тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш, 17 минг 233 таси кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш каби масалаларда хизматимиздан фойдаланди.

Хизмат турлари орасида судланганлик ҳолатини аниқлаш бўйича ҳам мурожаатлар келиб тушмоқда. Жумладан, олти ойда 4 минг 625 нафар фуқаро мазкур масалада мурожаат этди. Ушбу мурожаатлар тезкорлик билан кўриб чиқилиб, фуқароларга тегишли маълумотлар берилди. Давлат хизматлари кўрсатишнинг бундай тартиби нафақат аҳолининг вақтини, балки пул маблағларини тежаб қолаётгани билан ҳам барчага бирдек манзур бўлмоқда.

Кўрсатилаётган хизматларимиздан юртдошларимиз миннатдор. Бу Президентимиз томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак“, деган эзгу ғоянинг амалдаги ифодасидир.

Зафар АКРАМОВ,
давлат хизматлари агентлиги
вилоят бошқармаси бошлиғи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хатосини тан олди

Дин инсонни гуноҳдан, ёмон ишлардан сақловчи, виждон поклигини таъминловчи кучдир. Диний билимларни яхши ўзлаштирган инсон …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan