Бош саҳифа / Жамият / Вақт қадрини билайлик

Вақт қадрини билайлик

“Ҳаётни севсанг, вақтни бой берма, чунки вақтдан ҳаёт яралади”, деган эди файласуфлардан бири. Дарҳақиқат, вақтнинг қийматини ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайди.

Аждодларимиз қолдирган улкан моддий ва маънавий мерос баъзан кишида “улар вақтдан ўзиб кетмаганмикан?”, деган иштибоҳни туғдиради. Аслида ҳам шундай. Улар қилган айрим ихтиро ва кашфиётларни инсон зоти амалга ошира олмайдигандек кўринади. Бироқ бу — ҳақиқат. Улар ўзларига берилган вақт — умрдан керакли ва унумли фойдалана олишган.

Хўш, ҳозирги ёшларимиз  “вақт”ни англайдиларми? ХХI аср — “технологиялар асри” деб аталмоқда. Аслида эса “технологияларга қул бўлган аср” деб атасак тўғри бўларди. Чунки инсоният бугун ўзи яратган ихтироларнинг асирига айланган. Замонавий инсон ҳаётини телефон, компьютерларсиз тасаввур қилиш қийин. Уларсиз киши ҳаётида бўшлиқ юзага келади. Шу бўшлиқни қандай тўлдириш эса ҳар кимнинг ўзига боғлиқ.

Ҳозир ҳар қадамда интернет-кафе бор. Айрим ота-оналар болаларига уйда ҳам интернетдан фойдаланиш имкониятини яратиб беришган. Тўғри, бундай имконият болалар ўзлари ахтарган маълумотларни ҳеч бир тўсиқсиз олиши учун етарли, албатта. Бироқ назоратсиз қолган болакай “ўргимчак тўри”да хоҳлаганича сайр қилиши, ҳатто, беҳаё лавҳаларни ҳам кўриши эҳтимолдан холи эмас. Албатта, маънавияти юксак фарзандлар қайси маълумотдан фойдаланиш лозимлигини ақл тарозисига солиб, ўзлари ҳал этади. Бунинг учун улар онгида маънавий бўшлиқ юзага келмаслигига эришиш, яъни умуминсоний ва миллий қадриятлар асосидаги таълим-тарбия орқали ёш авлод онгида соғлом ҳаёт тарзини шакллантириш зарур.

Шу ўринда қуйидаги маълумотни келтириб ўтишни лозим топдим. Англиялик тарбиячи Стивен Ковин аудиторияда ажойиб бир машғулот ўтказган. У 5 литрли шаффоф идиш олдига муштдек-муштдек келадиган бир неча тошни қўйиб, ўтирганлардан “Нима деб ўйлайсизлар, шу тошлардан нечтаси бу идишга сиғади?” деб сўрайди. Турли фикрлар айтилгач, идишга бир нечта тошни солади. Унинг “Идиш тўлдими?” деган саволига ҳамма бир овоздан “ҳа” деб жавоб қайтаради. Кейин у идишга сиққанича шағал тўкади. Шағал тезда тош ораларига жой бўлади. Стивен “Энди-чи?” деб сўрайди. Бу сафар улар “Шубҳасиз”, деб жавоб қайтаришади. У энди идишга бир челак қум ағдаради. Қум зарралари тезда тош ва шағал ораларига жойлашади. Стивен бояги саволини такрорлайди. Улар “Бу сафар аниқ тўлди, энди унга ҳеч нарса солиб бўлмайди”, дейишади. Шундан сўнг у идишга бир литр сувни ҳам қуяди. Сув ҳам идишдан жой олади. Стивен “Хўш, буларнинг ҳаммаси нимани билдиради?” — деб сўрайди атрофидагилардан. Аудиторияда турли фикрлар айтилади. У эса “ҳаётда доимо бўшлиқ мавжуд, уни тўлдириш учун ишлаш керак бўлади. Бу тажрибанинг бошқа муҳим жиҳати ҳам борки, агар мен биринчи навбатда катта тошларни солмасам, идишда уларга жой қолмаган бўларди”, дея хулоса билдирган.

Биз бу тажрибани бежиз эсламадик. Келажакка юксак ишонч билан интилган ҳар бир ёш ҳаётда, энг аввало, муҳим вазифаларни номуҳимларидан ажрата билиши керак. Бунда улар ўзларига ажратилган вақтларини тўғри ва аниқ тақсимлай олишлари муҳим аҳамиятга эга. Бироқ юксак даражада тараққий этган ахборот технологиялари асрида баъзан вақт зиқлигидан нолиймиз. Беш-ўн аср илгари яшаган аждодларимизнинг шам ёруғида уддалаган оламшумул кашфиётлари, яратган бебаҳо санъат асарларини ўрганиш учун баъзан вақт тополмай оворамиз. Бироқ компьютер олдида соатлаб вақтимизни беҳуда совуришга имкон топилади. Нима учун? “Ҳали ёшман ўқишга вақт топилади” деймиз. Кейинроқ “мен етарлича катта бўлдим, энди ўқисам ҳам миямга кирмайди” деб юқоридаги гапимизни инкор этамиз. Ҳаёт якунида эса “Эсиз, вақт орқага қайтиб қолганда эди”, деб тушкунликка тушамиз. Аслида кетказилган вақтни фарзандларингиз ҳаётида такрорламаслик ёхуд ҳаётингизда пайдо бўлмаслик учун бугундан, айни дақиқалардан вақтни тўғри ва аниқ мақсад сари йўналтиришдан бошлаш лозим. Бинобарин, фарзандларимиз вақтини шундай тақсимлайликки, токи уларнинг онгида “қум” ва “шағаллар”га ўрин қолмасин.

Қундуз СУЛАЙМОНОВА, ТерДУ талабаси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE