Бош саҳифа / Жамият / “Вақф” фонди

“Вақф” фонди

маблағлари нимага сарфланаяпти?

Бу ҳакда ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи киши Аллоҳ таоло йўлида жидду жаҳд қилувчи ёки туни билан ибодат қилиб, куни билан рўза тутиб юрувчи кабидир”, деб марҳамат қилганлар. Илоҳим, Аллоҳ барчамизни ана шундай савобталаб инсонлардан бўлишимизни насиб этсин. Зеро, хaйру саховат ёйилган юрт обод, халқ эса фаровон бўлади.

Пайғамбаримиз (с.а.в) муборак ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар: “Киши вафот этгач, унинг амаллари тўхтайди. Илло учта амалининг савоби тўхтамайди: садақаи жория, фойдали илм ва ҳақига дуо қиладиган солиҳ фарзанд”. Ушбу ҳадисдаги “садақаи жория” деганда масжид, мадраса, йўл, кўприк, ариқ, қудуқ ва мусулмонларга узоқ муддат хизмат қиладиган бошқа хайрли иншоотларни қуриш назарда тутилган. Вақф — айни ана шу садақаи жориядир. Яъни, дини, Ватани, миллати учун қайғурувчи мусулмонларнинг ҳалол йўл билан топган покиза мулкларидан бир қисмини масжид, мадраса, шифохона, кутубхона ва бошқа ибодат уйлари ҳамда жамоат муассасаларига атаб беришлари вақфдир. Вақф қилиб пул, жиҳоз, ер майдони, дўкон, тегирмон каби кўчмас мулкларни бериш мумкин. Бунда мазкур мулкни сотиш, мерос қолдириш тақиқланади. Негаки, Аллоҳнинг мулки саналади. Зеро, “вақф” сўзи арабча бўлиб, ўзбекчада туриш, турғун, қўзғалмас, деган маъноларни билдиради.

Дунёнинг кўплаб мусулмон ўлкаларида, жумладан, араб юртлари, Туркия, Эрон, Индонезия, Малайзия ва бошқаларда юзлаб вақф ташкилотлари фаолият юритиб келмокда. Вақф юртимизда ҳам бир неча асрлар давомида кенг қўлланиб келингани, ҳозирги пайтда ҳам унга катта эҳтиёж мавжудлигини эътиборга олиб, 2018 йил 16 апрелда Президентимиз «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Унга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилди.

Шундан сўнг, “Вақф” жамоатчилик фонди ўз фаолиятини кенг кўламда бошлади. Фонднинг маблағлари уч қисмга бўлинади. Яъни хайрия бўлими, вақф бўлими ва закот, ушр, фидя бўлимини ташкил этади. Ҳозирги кунда 3 та бўлимнинг ҳам алоҳида-алоҳида ҳисоб рақами мавжуд бўлиб, фондга келиб тушган маблағлар масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, у ердаги профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ҳамда ўқувчи-талабаларни моддий ва ижтимоий таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби савобли ишлар учун сарфланади.

Шу кунгача вақф ҳамда закот-садақа жам ғармаларига савобталаб — юртдошларимизнинг кўплаб хайриялари келиб тушмоқда. Фонд эса ҳар бир хайрияни ҳақдорларга етказиб бермоқда. «Вақф» фонди ташкил этилганидан буён келиб тушган маблағлар миқдори 39 миллиард сўмни ташкил этди. Шундан 24 милларддан ортиғи турли хайрли ишларга сарфланди.

Мисол учун “Мурувват карвони» номли хайрия тадбирлари шу кунга қадар 9 та вилоятда бўлиб ўтди. Фонд ходимлари чекка-чекка ҳудудларга бориб, кам таъминланган аҳолига озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронларга аравачалар, талабаларга кийим-кечаклар тарқатдилар. “Вақф” фонди томонидан олий ўқув юртида таҳсил олаётган кам таъминланган оила фарзандларининг 145 нафарига шартнома маблағлари тўлаб берилди.

Фонд амалга ошираётган муҳим тадбирлардан бири юртимиздаги кўзи ожиз, кар-соқов шахсларга алоҳида эътибор қаратилиб, хайрия дастурхонлари ташкил этиб келинмоқда. Шунингдек, бундай инсонларнинг диний эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида кўзи ожизларга брайл ёзувидаги Қуръони Карим такдим этилди. Кар-соқовлар учун сурдо таржимонлар орқали онлайн тарзда жума маърузаларини эшитиш имконияти таъминланди.

Энг қизиғи, “Вақф” фондида маблағлар тушиши ва сарфланишида тўлиқ шаффофлик таъминланган ва сарф-харажатларни интернет орқали онлайн кузатиб бориш имконияти мавжуд.

Бугун саховатпеша халқимиз хайр-эҳсонларини ушбу фондга йўналтириб, бу орқали ёрдамга муҳтож фуқароларимизнинг кўнгилларига хушнудлик бағишламоқда. Бинобарин, ўзаро меҳр-мурувват кўрсатиб яхшилик қилиш ҳақида Қуръони Каримда кўп бор таъкидланган. Аллоҳ таборака ва таоло айтади: «Сиздан (эй, Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб тургувчидир”.

Яна бошқа бир ояти каримада:

“Бир-бирингизга мурувват қилишни унутмангиз. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир» (Бақара, 237-оят), дейилади.

А.ФОТУЛЛАЕВ,
“Вақф” хайрия жамоат
фонди вилоят
бўлими раҳбари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Янги масжид муборак

Кеча Термиз шаҳрида Ҳаким Термизий номидаги янги жомеъ масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Янги жомеъ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan