Бош саҳифа / Жамият / Вакцина омбори қурилди

Вакцина омбори қурилди

Статистик маълумотларга қараганда, ҳозирда бутун дунёда бир йилда 3 миллион нафарга яқин бола турли касалликлардан вафот этаркан. Агар бу болалар ҳам оғир юқумли касалликларга қарши вақтида эмланса, уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони кўпроқ бўларди.

Шукурки, юртимизда болалар 13 турдаги касалликларга қарши мунтазам равишда эмланади. Касалликка қарши махсус вакциналар эса вақтида етказиб берилмоқда.

Яқинда вилоят санитария-эпидемиология марказида вакциналарни сақлаш учун замонавий омборхона қуриб битказилди. ЮНИСЕФ томонидан ажратилган хайрия маблағи эвазига барпо қилинган омборхонанинг очилиш маросимида марказ ходимлари билан бирга мазкур ташкилот вакили Афшин Парси ҳам иштирок этди.

— Ушбу омборхона 80 куб метр ҳажмга эга бўлиб, унда 168 минг нафар бир ёшгача бўлган болага етадиган эмлаш учун вакциналар сифатли сақланади, — дейди Афшин Парси. — Омборхона замонавий лойиҳа асосида қурилган бўлиб, жаҳон стандарти талабларига тўла жавоб беради. Ундан 20 йил давомида унумли фойдаланиш мумкин. Бундан ташқари, вакциналарни туманларга зарарсиз, совутилган ҳолда етказиш учун махсус автомобиллар билан ҳам таъминлаймиз.  

— Вакциналар +2 градусдан +8 градусгача бўлган ҳароратда сақланиши керак, — дейди вилоят ДСЭНМ иммунопрофилактика бўлими мудири Худойназар Хўжаназаров. — Омборхонага ўрнатилган махсус совуткич тизими ушбу ҳароратни доимий таъминлаб беради. Агар ҳароратда ўзгариш бўлса, огоҳлантирувчи сигнал тугмаси автоматик равишда ишга тушади. Совуткич тизимининг доимий ишлаши учун эса стабилизатор ҳам ўрнатилган.

Дарвоқе, мазкур омборхонанинг қурилишига ЮНИСЕФ томонидан 163 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ сарф этилган.

Ф.РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan