Вахшивор таровати

0
98

Айни саратон чилласида тоғ бағрини ихтиёр этсангиз, табиатимизга хос бўлган ажойиботларга, беқиёс гўзалликларга гувоҳ бўласиз. Булбулларнинг хониши, тоғ даралари бўйлаб эсаётган ўйноқи эпкинлар танга роҳат, киши руҳиятига ажиб бир фароғат бағишлайди.

Тоғ таровати, тошдан тошга урилиб тушаётган жилғаларнинг дилтортар жилвалари, барчаси ўзига хос.

“Вахшивор” оромгоҳи сўлим тоғ этагида жойлашган. Бу йилги ёз мавсумида 4 навбатда жами бўлиб 1200 нафар ўғил-қиз оромгоҳда дам олиши режалаштирилган. Оромгоҳда барча шароит муҳайё этилган. Кутубхона, маънавият хонаси, спорт майдончалари, ошхона ёшлар ихтиёрида. Шифокорлар болаларни мунтазам тиббий кўрикдан ўтказиб туришади. Биринчи навбатда, оромгоҳда 308 нафар бола дам олдирилди.

— Оромгоҳимизга куни кеча иккинчи навбатга 323 нафар бола қабул қилинди. Улар билан 27 нафар устоз ва мураббий турли машғулотлар ўтишмоқда. Болажонларнинг мароқли дам олишлари учун оромгоҳимизда кўплаб маданий, маърифий тадбирлар уюштириш билан бирга, спорт тўгараклари ишлаб турибди. Ўқувчи ёшлар ўзларини қизиқтирган тўгаракларда тенгдошлари билан бирга машғулотларда иштирок этишмоқда.

Кунма кун олиб келинаётган сархил озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан мазали таомлар тайёрлаб фарзандларимизга тортиқ қилаяпмиз. Бунда қўли гул ошпазларимизнинг ҳиссаси катта бўлмоқда. Дастурхонга кунига 5 маҳал таом тортилади. Болажонлар ёзнинг жазирама чилласида маза қилиб ҳордиқ чиқариб, тоғнинг мусаффо ҳавосидан баҳраманд бўлиб, саломатиликларини мустаҳкамлашмоқда, — дейди оромгоҳ директори Абдуваси Каримов.

Машғулотлардан бўш вақтларда вилоят мусиқали ва драма ҳамда қўғирчоқ театри жамоалари, туман маданият бўлими ходимлари томонидан уюштирилаётган байрам тадбирлари болажонларга хуш кайфият улашмоқда.

Х. ТОҒАЙМУРОДОВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг