Бош саҳифа / Маданият / Вафо ва садоқат тимсоли

Вафо ва садоқат тимсоли

Элимизда “Бахшили эл-яхши эл,” деган ибора бор. Не бахтки, минг йиллар мобайнида ўзбек халқ оғзаки ижоди гуллаб-яшнаб, барқ уриб, ривож топиб келган. Халқимиз учун севимли бўлган “Алпомиш” достонини, шубҳасиз, дунё адабиётининг нодир дурдонаси сифатида эътироф этиш мумкин. Достонларда куйланган мардлик, жасорат, қаҳрамонлик, вафо ва садоқат каби тимсоллардан нафақат эркаклар, балки аёллар ҳам улгу олишган.

“Алпомиш” достони моҳият-эътиборига кўра, бир қарашда қаҳрамонлик, жасорат, мардликни тарғиб қилувчи асар қиёфасида гавдаланса-да, аслида унинг таг замирида вафо ва садоқат, халқ донишмандлигининг буюк намунаси ўз аксини топган, дейиш мумкин. Ушбу достонда инсонлар орасидаги барча ижтимоий муносабатлар гўзал ташбеҳ ва қочиримлар орқали моҳирона тасвирланади. Икки қариндош – Бойбўрибий билан Бойсарибий ўртасидаги ўзаро келишмовчиликларда давлатчилик сиё сатининг унсурлари кўринса, Алпомиш зиндонга тушиб, 7 йил банди бўлиб қолганда, сабр билан кутган, Ултонтоз юртга бек бўлгач, гарчи совчи қўйса-да, розилик бермасдан муҳлат сўраб, ўз ёрининг келишига астойдил ишонган Ойбарчин образи орқали вафо, садоқат тимсоли қаҳрамонлик билан теппа-тенг равишда куйланади.

Алпомиш ўзга юртда севикли ёри Ойбарчин учун қалмоқнинг 90 алпи билан 4 та шарт бўйича беллашади. Қалмоқ алпларининг энг зўри Кўкалдош билан кураш тушаётганда, негадир Алпомиш рақибини тезда мағлуб этавермагач, Ойбарчиннинг ори келади ва шундай дейди:

Жиғитолмасанг, бек тўрам,
Барчинингга бергин навбатни.
Нор қовоғим уяйин,
Турмаклаб сочим жияйин.
Бор оримни қўяйин,
Бу қалмоққа ўзим кураш қилайин.

Ойбарчининг бу гаплари Алпомишнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшади ва ори келиб, “Барчин ёрнинг бу сўзлари мулла Ҳакимбекка симдай ботди. Наъра торт ди Ҳакимбек, Кўкалдошни кўкка отди”.

Бандиликдан қайтган Алпомиш бир эчкини сўйиб, гўштига тўйиб, соқолидан соқол қўйиб, мўйловидан мўйлов қўйиб, мисли Қултой чол бўлди. Ултонтознинг тўй бераётганини эшитган Алпомиш Қултой чол қиёфасида зиёфатга боради.

Достондаги яна бир эпизод киши эътиборини тортади. Ёдгор жетим қозоннинг атрофида зир айланиб юраркан, унда-бунда ерга сочилиб тушаётган гуруч доналарини мусичадай ҳакаллаб-ҳакаллаб териб еб юрар эди. Буни кўрган Қултой чол қиёфасидаги Алпомиш ачинганидан ўз ўғлини: “Ҳо, Ёдгор, жетим болам, жилик жесанг, бу ёққа кел!” дея ёнига чорлаб, ошнинг устидаги жилигини унга беради. Буни зимдан кузатиб турган Ёқуб деган ошпаз, “Сағир бўлгандан кейин суғаноқлик қилараканда, меҳмонга ҳам ош жедирмасаканда,” деб қизиб турган капгир билан Ёдгор жетимнинг тос манглайига уради. Оғзи-бурни қонга беланган Ёдгор етимлигини эслаб, жигар-бағри хун, сел-себор бўлиб, суяк-суягигача эзилиб йиғлайверди: “Ҳе, бобожон, менингам отажоним келама, ё жетим қолган Ёдгор жесир энасининг тўйида тоёқ жеб ўлама?”. Ёдгорнинг пешонасидан оққан қонига кўйлаклари қорилиб, Қултой чолнинг бетига тиклаб-тиклаб, кўзидан қатор-қатор ёш тизилиб, кўнгли бузилиб, устихони эзилиб, етимга, сағирга ўлим тилайди.

Энг аҳамиятли жиҳати шундаки, ушбу ҳолатни зимдан кузатиб турган, тўйга Қултой чол қиёфасида келган Алпомиш кўр-кўрона ўзини ошкор қилиб қўймайди, сабр сақлайди.

Ёдгор жетим отасини танимай, зор-зор жилаб, бетига тинмай тикилиб, қараганда ҳам мард одам-да, отаси ўзини танитмай, суягидан ўтса ҳам, лекин билдирмай, жерга қараб ўтираберди.

Ойбарчин ўз ёрини 7 йил кутди. Ултонтоздан келган совчиларни чалғитиш учун, иложсизлик ғолиб келиб, муҳлат сўради. Аммо турмушга чиқиш Ойбарчиннинг ихтиёридан ташқари бир ҳолат эди. Муҳлат тугаши билан Ултонтоз тўйни бошлади. Ниҳоят, Алпомишнинг қайтиши барчасига нуқта қўяди. Ватанга, элга, ўз ёрига бўлган муҳаббат, садоқат асарнинг бош ғояларидан бири, дейиш мумкин.

Бугун биз яшаётган, ривожланган ахборот асрига асар воқеаларининг нима дахли бор, дерсиз. Ҳамма гап шунда-да. Дунё нечоғли тараққий этмасин, давр ва замонлар неча бор эврилмасин, инсон омили асло ўз моҳиятини йўқотмайди. Қадриятлар, анъаналар, урф-одатлар айрим истисноларни ҳисобга олмаганда, қайсидир кўринишда давом этиб келмоқда.

Кейинги йилларда юртимизда оилавий ажримларнинг кўпайиши одатий ҳолга айланганлиги кишини ҳавотирга солмай қўймайди. Ҳаётда учрайдиган арзимас қийинчиликлар олдида бўйин эгиш ёки баъзи бир ҳою-ҳавасларга берилиш оқибатида Яратганнинг наздида муқаддас саналгувчи оила деб номланган улуғ иморатнинг мустаҳкам устунларига путур етказаётган айрим оқибатсиз ёшларга хайф, дегингиз келади. Зеро, оила муқаддаслиги бизнинг ҳар қандай инжиқликларимиз ва ҳар нечук ҳою-ҳавасларимиздан-да устундир. Ҳозирги замон ёшлари қадимий эпосимиз – “Алпомиш” достони қаҳрамонларидан ҳар қанча ўрнак олишса арзийди.

Айни жараёнда мамлакатимиз Президентининг қарори асосида Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг ўтказилаётганлигида ҳам рамзий маъно мужассам. Бундан кўзланган асосий мақсад, нафақат санъатимизни дунёга кўз-кўз қилиб, ўзбек бахшичилигини тарғиб этиш, балки сўнгги йилларда бу санъат турига нисбатан сусайган муносабатни қайта тиклаш, пировардида, юртимизга ва қолаверса, кўҳна Термиз шаҳрига чет эллик сайёҳларнинг эътиборини қаратишни ҳам назарда тутади.

Ўзбек адабиётининг илк намуналари бўлмиш халқ достончилиги ана шу муқаддас Сурхон заминида куртак ёзиб, неча асрлардан буён гуллаб-яшнаб келаётганлиги ҳам бежиз эмас. Зеро, бу воҳанинг қуёши пурзиё, табиати фусункор, тупроғи эса нақ олтиннинг ўзгинаси. Бахшию оқинларини эса етти иқлимдан ҳам топиб бўлмайди.

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Нега Турон деб аталган?

Тарихий асарлар ва географияга оид манбаларда Турон, Туркистон, Туркистон губернаторлиги, Ўрта Осиё, Марказий Осиё каби …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan