Бош саҳифа / Жамият / Вақтни енгаётган одам

Вақтни енгаётган одам

ёки шоир ва журналист Абдумажид Азим ҳаёти ва ижодига бир нигоҳ

Вақтнинг кескир қиличи олдида инсон ҳаёти ва фаолияти лаҳзадек. Ёшлик, йигитлик бир пастда баҳорда очилган қизғалдоқдек ўтиб кетаркан. Алалоқибат, ҳақиқий ижодкор вақтни-да, асрларни-да доғда қолдира олади.

Буни исботлашга ҳожат йўқ. Чунки эзгулик, маърифат, адабиёт ва шеърият, ижод таназзулга учраган куни ВАҚТнинг мазмун-моҳияти йўқолади. Кечагидек ёдимда, 1982 йил Абдумажиднинг  бир туркум шеърлари “Ёшлик” журналида Абдулла Ориповнинг “оқ йўл”и билан чоп этилганда, ТошДУда ўқийдиган барча курсдошларимиз ўзига йўқ қувонишиб, бўлажак шоирни муборакбод этишганди. Ўшанга ҳам 35 йил бўлибди. Бу орада қанча қорлар, ёмғирлар ёғди, қанча сувлар оқиб ўтди.

Дорилфунунни тугатгач, талабалар лочин боласидек турли томонларга учиб кетишди. Аммо Абдумажид уйи, иши, жойи бўлмасада, ижодни деб пойтахтда қолди. Турғун бошпана топгунча бошидан не кунларни ўтказмади. “Тошкент ҳақиқати”, ЎзА, Ўзбекистон телевидениесида хизмат қилди. Фақат юртимиз мустақилликка эришгач, унинг ҳам елкасига офтоб тегди. “Туркистон пресс” ахборот агентлигида бош муҳаррир, “Моҳият” газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлаган пайтларида ижодкор нималарга қодир эканлигини амалда кўрсата олди, десам муболаға бўлмайди. “Моҳият” газетаси республикада энг етакчи нашрлардан бирига айланди.

Унинг камтарона меҳнатлари мустақилликнинг 15, 20,25 йиллиги эсдалик нишонлари,  “Шуҳрат” медали, “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Журналист ва шоир Абдумажид Азимов 2015 йилда “Ватан учун яшайлик” республика танловида иккинчи ўрин, 2016 йилда “Энг улуғ, энг азиз” танловида биринчи ўринни олганлиги ҳам ўз соҳасининг фидойиси ва билимдони эканлигидан далолат беради. Демак, юртим деб, элим деб изланган, фидойилик қилган кишилар ҳамиша Ватаннинг, халқнинг, ҳукуматнинг нигоҳида бўларкан.

Журналистик фаолияти билан бирга бирин-кетин шоирнинг “Ўтаётган йиллар”, “Қалбимнинг Ватани”, “Қуёш боласи”, “Ёруғлик олами”, “Руҳи равоним”, “Ошиқ дилим”, “Умид беланчаги” каби шеърий китоб- лари чоп этилди. Эътироф этиш керакки, шеъриятда ўз йўли ва услубига эга бўлган шоирнинг китоблари ўқувчиларни беэътибор қолдирмади. Ижодий фаолияти давомида кўплаб ёшларни эзгулик йўлига чорлади, билим ва тажрибасини баҳоли қудрат ўргатди, том маънодаги устоз мақомига эришди, десам муболаға қилмаган бўламан.

Талабалик давримизда Мирзачўлда пахта терардик. Ўша кезлар “ХХ аср армони” деб номланган туркум шеърлар ёзганман. Ҳафтада бир-икки марта адабий кеча ўтказиб, талабалар гулхан атрофида шеърхонлик қилардик. Шунда бир шеъриятни унча хушламайдиган курсдошимиз менинг “Заминнинг устида тик яшаш оғир, заминнинг устида тик туриш оғир”, деган сатрларимни ўзича танқид қилганди. Орадан чорак аср ўтиб учрашганимизда, “Ака ўша сатрларни мен шунчаки баландпарвоз, ёки бехосдан келиб қолган фикр деб тушунгандим. Аслида сиз ҳақ экансиз”, деди. Чунки ўша танишим чархпалак аталмиш ҳаётнинг кўп чиғириқларидан ўтишига тўғри келганди.

Ҳар гал Тошкентга борганимда вақт топиб, юрагимга яқин курсдошларимни оёқ устида бўлса ҳам кўриб қайтишга ҳаракат қиламан. Абдумажиднинг ишхонасига борганда эса, негадир ўзимни Мирзачўлда пахта териб юргандек ёки талабалар шаҳарчасида кезаётган талабадек ҳис қиламан. Чунки бизнинг кўпгина яхши-ёмон кунларимиз бирга кечган. Тўғриси, республика “Ҳуррият” мустақил газетаси таҳририятига масъул котиб бўлиб ишлаётган Абдумажидни деб бораман. У ҳам бир паст дунёни унутиб, ёшлигига қайтади. Дилдан суҳбат бўлади. Суҳбатимиз қанчалик чўғли бошланса, шунчалик тез тугагандек кўринади. Чунки мен йўлга шошаётган бўламан.

Мана шундай вақт етишмаслиги, орзу умид, соғинч ва изтироб билан умрнинг 60 йили ўтиб кетибди. Буни тан олмасликнинг иложи йўқ. Бундан шунча йил аввал Қумқўрғон тумани, аниқроғи Элбаянда  туғилган дўстимиз 10-синфни қишлоқ мактабида хатм қилганди. Ундан сўнг Тошкент давлат университети (ҳозирги Миллий университет)ни тугаллагандан буён газетачилик, журналистика ва ижод билан банд. Бу тоифадаги инсонлар вақтнинг ўтганлигини англамай қолишади. Буни ўзи ҳам тан олади.

Пойтахтда самарали ижод қилаётган воҳадош дўстимни қутлуғ сана билан курсдошларим, шеърият ихлосмандлари ва барча Сурхон аҳли номидан самимий табриклаб, мустаҳкам соғлик, улкан ижодий зафарлар тилаб қоламан.

Сафар ОМОН

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Одам савдоси – халқаро муаммо

Бугунги кунда одам савдосига қарши кураш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE