Вақтга ҳайкал қўйган адиб

0
76

Атоқли қирғиз ёзувчиси, донишманд адиб Чингиз Айтматовнинг ўқувчилари ҳар бир ўзбек хонадонида бор.

Вақт ўтган сайин мулоҳазага чорловчи ҳаёт воқеалари, инсон ва табиат ўртасидаги муносабатлар, муҳаббат ва ўзликни англаш муаммолари ижодкорни, унинг маҳоратини бутун бўй-басти билан намоён этади. Умрининг сўнггида ёзганлари билан эса инсониятни ижтимоий ва маънавий таназзулдан огоҳ этиб, тўғри йўл танлашга чорлайди адиб. Айтматов асарларининг севимли бўлишининг бош омили, унинг мутлақо халқчиллиги, инсон ва халқ қисматига дахлдорлиги, энг асосийси, руҳиятимизга яқинлигидадир.

Туркий халқларнинг қадимий афсоналари ва эртакларида сақланиб қолган “олтин сюжет” Чингиз Айтматов асарлари учун бадиий асос вазифасини ўтайди. Миллий ўзликни англашга ундаб, мудом инсонийликка чорлагувчи “Асрга татигулик кун” романидаги воқеалар айнан ана шундай ривож топган. Асар ичида асар яратишни ўз услубига айлантирган ёзувчи ушбу романида ҳам инсон руҳиятининг моҳир мусаввири эканлигини исботлайди. Асар оддий одамлар ҳаётида, бир кун ичида бўлиб ўтган воқеаларга асосланади. Отасининг дафн маросимига хотини ва фарзанд- ларини олиб келмаган, буни оддий ҳол деб биладиган Собитжон каби “манқурт” фарзанднинг асл қиёфасини очиб беради. Сариўзак даштларида рўй берган мудҳиш фожеа, Найман онанинг қотилига айланган манқурт ўғил — Жўломон ҳикояси билан бир нуқтада кесишади. Собиқ шўролар замонида ёзилиб, ўқувчиларига аждодларини унутган элнинг тақдири қандай якун топмоғини англатган асар халқларни истиқлолга, мустақилликка ҳам чорлаб турди. Ёзувчининг буюк маҳоратига дунё яна лол қолган эди. Мустақилликка эришган Марказий Осиё халқлари, хусусан, Ўзбекистонда адибнинг шу йўлдаги хизматлари алоҳида эътироф этилиб, бугун ҳам унга эҳтиром кўрсатилмоқда.

Нигора ХУДОЁРОВА,
ТерДУ академик лицейи ўқитувчиси

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг