Бош саҳифа / Сиёсат / Вақтдан ортда қолаётган депутатлар

Вақтдан ортда қолаётган депутатлар

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузаларида: “Ҳурматли депутат ва сенаторларимизнинг жойларга чиқиб, аҳоли билан ўтказган мулоқотлари таҳлил қилинганида, кўп ҳолларда расмиятчилик ва кўзбўямачиликка, сохта ҳисоботлар беришга, учрашувларга ўз ўрнига бошқа одамларни юбориш, ўрганилаётган масаланинг туб илдизига етиб бормаслик каби камчиликларга йўл қўйилаётгани аниқланган”, деган эдилар.

Бугунги кунда халқ депутатлари Қизириқ туман Кенгаши депутатлари иш фаолиятида ҳам шундай салбий ҳолатларни учратишимиз мумкин. Кўпчилик фуқароларимиз ўз ҳудудларидан сайланган депутатлар кимлигини билишмайди ҳам. Жумладан, туман хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилаётган “Тинчлик” маҳалласида яшовчи фуқаро Қурбонова Мунаввар ўз ҳудудидан сайланган депутат ким эканлигини билмаслигини тан олди. Суриштириб билсак, бу ҳудуддан туман Кенгашига сайланган депутат “Нуроний” жамғармаси туман кенгаши раиси Й. Бекназаров бўлиб, бу жаноб айнан шу маҳаллада яшар экан!

“Етимқум” маҳалласидан Жаҳонгир Жовлиев ҳам “депутат кимлигини билмайман, бирорта учрашув, йиғилиш ўтказганлигини эслай олмайман”, деб жавоб берди. Баъзи депутатларимизни суҳбатга чорлаганимизда, турли баҳоналарни рўкач қилиб, жавобдан қочишга уринганлари ҳам бўлди. “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзоди кўрсатилган туман Кенгаши депутати Олим Ишпўлатовга телефон орқали боғланганимизда “Ҳозир машинадаман, кейинроқ ўзим чиқаман”, дедию кейин ҳам, эртаси куни ҳам чиқмади. Биз эса боғланишга яна уриниб кўрдик, лекин ҳеч имкони бўлмади. Яна шу партиядан туман Кенгаши депутати Раҳим Бегимқулов эса: “Эртага гаплашамиз, ҳозир вақтим йўқ”, деб қўя қолди.

“Адолат” СДПдан депутат Янгибой Бўронов ҳам бундай суҳбатдан бош тортди.

Ниҳоят, 15-Зарбдор сайлов округидан Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан сайланган туман Кенгаши депутати, туман ХТМФМТ ва ТЭ бўлими мудири Муқаддас Мажидова биз билан суҳбатлашишга розилик бергач, унинг фаолиятига доир айрим саволлар билан мурожаат қилдик.

— Халқимизнинг турмушини яхшилаш мақсадида сув, газ, электр энергияси, йўлларни таъмирлаш масалалари бўйича депутатлик сўровлари билан чиқишлар қилганман, лекин инобатга олишмади,— дейди Муқаддас Мажидова. — Мана энди Президентимизнинг маърузаларидан кейин биз депутатларнинг ҳам сўзимизни эшитадиган бўлишди.

Сайловчилар билан учрашувлар ўтказиб тураман.

Яқинда “Яккатерак” маҳалласида тугатилган боғчани янгидан очиш масаласида йиғилиш ўтказдим. Мактабларда 10-синфларнинг очилиши ва ўқитилиши бўйича тумандаги барча мактабларга бориб йиғилишлар ўтказдим. Туманимиздаги 94 фоиз ота-она фарзандларини мактабларда ўқишини хоҳлашар экан. Уларнинг орзуси ушалди. Айниқса, коллежлардан узоқда бўлганлар қишнинг қорли кунларида фарзандларини узоққа юбориш ташвишидан қутилишди.

Президентимиз Ш. Мирзиёев ўз маърузаларида:“Шундай парламент вакиллари ҳам борки, ўтган қарийб икки ярим йил мобайинида муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари ва масалалар бўйича бирон марта ҳам маъруза қилмаган, уларга муносабат билдирмаган ёки маъруза юзасидан чиқишлар қилмаган, улар фақатгина кўр-кўрона овоз бериш билан шуғулланади. Афсуски бу— аччиқ ҳақиқат,” деган эди. Туманда ҳам номига қоғозларда ҳисобот учун ишлаётган депутатлар сессияда сўзга чиқиш у ёқда турсин, сессия қачон бўлишини ҳам билмас экан.

Хўш, энг фаол депутатларни эшитиб кўрайликчи:

1-Гулобод сайлов округидан сайланган (ЎзХДП) депутат Йўлдош Тўлаганов:

— 4 йил “Меҳнатобод” ҚФЙ раиси бўлиб ишладим, фаолиятим давомида кўплаб фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилиб берганман.

— Сайловчилар билан учрашувлар ўтказганмисиз?

— Байрамларда, тадбирларда учрашганман. Ҳафтанинг ҳар жума куни аҳоли билан учрашувлар ўтказишни белгилаганмиз. “Такия” маҳалласида 50 кг оғирликдаги қўйни сўйиб ҳимояга муҳтож оилаларга бўлиб берганмиз. Яна депутатлик фаолиятим давомида 6 ойдан буён пенсия ололмай юрган момога ёрдам берганман.

Ажабо, собиқ ҚФЙ раисининг бевосита кундалик вазифасига кирадиган масалалар депутатликка алоқадор эмаску!

— Сессияларда сўзга чиққанмисиз?

— Халқ депутатлари туман Кенгашининг VII сессиясида сўзга чиққанман. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли қатламига шароитлар яратиш масаласини кўтариб чиққанман. Жарқўрғон-Қизириқ йўналишидаги йўл бузилганлигига мана 6 йил бўлди. Шу йўлни таъмирлаш бўйича депутат сўровномаси билан чиқиш қилганман. Лекин мурожаатим эътиборсиз қолди. Йўл ҳалигача бузуқ.

Агар яқиндагина халқ депутатлари туман Кенгашининг XXVII сессияси бўлиб ўтганлигини ҳисобга олсак, демак, бу депутатимиз кейинги 20 та сессияда мутлақо сўзга чиқмаган, “кўтариб чиққан” масалалари ҳал бўлмаган. Демак, депутат сифатидаги фаолияти “ҳаминқадар” экан-да?

“Адолат” СДПдан сайланган туман Кенгаши депутати Абдуғаффор Шодмонов:

— Туманимиздаги ички ва ташқи йўлларнинг катта қисми таъмирталаб. 2015-2016 йиллар мобайнида давлат бюджетидан ажратилган 80-90 миллион сўм маблағ туман йўл қурилиши ташкилоти, “Ободонлаштириш” бош- қармаси томонидан ишлатилмаганлиги сабабли таъмирлаш ишлари бажарилмаган. Депутат сўровномалари киритганимда асфальтга маблағ кеч ажратилди, каби баҳоналар билан бир-бирини айблашга ўтади.

Туман иқтисодиёт мажмуаси ва хотин-қизлар қўмитасига аёлларимизнинг ишсизлиги, иш билан таъминлаш борасида кичик цехлар қуриш таклифи билан мурожаат қилганман. Маҳаллаларда аҳолини газ баллонлари билан таъминлаш ва ўз вақтида газ тўлдириб бериш хизматларини ташкил этиш бўйича чиқишлар қилганман. Сессияда сўзга чиқиб, туманимизда бундан 3 йил олдин қуриб битказилган паррандачилик фабрикаси ҳалигача ишга туширилмаганлигини айтганман…

Кўрдингизми, энг фаол деган депутатларимиз ҳам “айтганман”, “таклиф киритганман, лекин фойдаси бўлмади,” дейишдан нарига ўтишмади.

Албатта, Президентимиз маърузасини рўкач қилиб, туман Кенгаши депутатларини такрор-такрор айблайверишдан йироқмиз. Лекин, орадан икки ойдан ошиқроқ вақт ўтгандан сўнг депутатлар билан суҳбатимиз натижаси юқоридагидек эканлигини кўрдингиз. Ҳолбуки, биз суҳбат асносида “Мен сайлов округимдаги аҳолининг томорқасидан кўпроқ фойда олишини ташвиқ ёки талаб қилиб, хонадонма-хонадон юрдим,” “Фермерларнинг ғалладан бўшаган майдонларида такрорий экин етиштириш учун округимдан шунча нафар сайловчига ер, уруғлик олишда кўмак бердим”, “Тиббий хизмат, ичимлик суви бўйича мана бу маҳаллалар аҳолисининг оғирини енгил қилиш учун иш олиб бордим”, “Депутатлик сўровига нописандлик билан қараган фалон ташкилот раҳбарини судга бердим”, “Фалон маҳалладаги уюшмаган фуқаролар ҳисобини олиб, уларни иш билан таъминлаш борасида бандликка кўмаклашиш маркази билан музокара олиб бордим” каби аниқ амалга оширилган ишлар хусусидаги сўзларини эшитишни истаган эдик. Афсус…

Вақт эса биз билан ҳисоблашмайди.

Тўра ЧОРШАНБИЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хатосини тан олди

Дин инсонни гуноҳдан, ёмон ишлардан сақловчи, виждон поклигини таъминловчи кучдир. Диний билимларни яхши ўзлаштирган инсон …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan