Бош саҳифа / Жамият / Вақт ҳисоб сўрайди

Вақт ҳисоб сўрайди

Ҳар бир соҳа ходими, аввало ўзини-ўзи қатъий тафтиш қилиши лозим. Нима қилмоқчи эдим, нимага улгурдим. Нималар назардан четда қолди… Шундагина ўзгариш, янгиланиш бўлади. бўлади.

Президентимиз таъбири билан айтганда, у ҳар бир кишининг ҳаёт тарзига айланиши керак.

Мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, турли соҳа ва тармоқлар бўйича Президентимиз томонидан белгилаб берилган давлат дастурларининг ижроси хусусида “Сурхон тонги“ газетасида кўплаб публицистик, мулоҳазали, танқидий мақолалар бериб борилди. Шу билан биргаликда тадбиркорлар, ишбилармонлар, фермерлар ташаббуслари, тажрибалари ва иқтидорли ёшлар фаолияти кенг ёритилди.

Жумладан, ўтган йилнинг 1-чорагида газета саҳифаларида жами 257 та материал чоп этилди. Туманлар ва маҳаллалар кесимида бўлаётган кундалик ўзгаришлар, янгиликлар, халқ билан мулоқотлар, фойдаланишга топширилган маъмурий бинолар, турар жойлар, мактаб ва боғчалар, турли тадбирлар ҳақида 129 та хабар чоп этилиб, вилоят аҳолиси янгиликлардан ўз вақтида хабардор қилиб борилди.

Таҳририят жамоаси саъй-ҳаракати ва муштарийлардан келган ариза-шикоят асосида 22 та танқидий-таҳлилий мақола эълон қилинди. Лекин жойлардаги ҳокимликлар, мутасадди ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан газетанинг танқидий чиқишларига муносабат билдирилмади.

Вилоят “Сурхон тонги“ газетаси 3 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилаётган воҳанинг ҳам сиёсий, ҳам маданий, ҳам адабий ва бадиий нашри ҳисобланади.

Шунга қарамасдан, воҳада узоқ йиллардан буён ижод қилаётган, қатор китоблар муаллифи бўлган шоир ва ёзувчилар, ёш ижодкорлар, воҳанинг марҳум адиблари ижодига етарлича эътибор берилмади.

Бундан ташқари Қизириқ, Шеробод, Сариосиё, Музработ ва Термиз туманларини ҳисобга олмаганда, бошқа ҳудудлардан деярли мақолалар берилмаган. Газетанинг жуғрофий қамрови вилоят маркази ва  3-4 туман билан чегараланиб қолинган. Саҳифаларда вилоятимиз ижтимоий ҳаётига дахлдор бўлмаган суратлар интернет тармоғидан олиб берилган.

2-чоракда ҳам юқоридаги ҳолатлар қисман такрорланган. Газета саҳифаларида эълон ва рекламалардан ташқари вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий, маданий ҳаётига оид 297 та материал эълон қилинган. Ўқувчиларга воқеаларни тезкор усулда етказиш мақсадида 129 та хабар чоп этилган. Жойлардаги камчиликлар, муаммолар хусусида 18 та танқидий-таҳлилий мақола берилган. Афсуски, буларнинг бари уммонга тош ташлагандек, жамоатчиликда муносабат уйғотмагандек. Аслида эса вилоят, туман, шаҳар, бошқарма, корхона ва муассаса раҳбарларининг тўртинчи ҳокимиятга — матбуотга нисбатан эътиборсизлиги ва масъулиятсизлиги оқибатидир.

Ярим йилликда газетанинг 27 та сони чоп этилган. Жами эълон қилинган материаллар 554 тани ташкил этганди. Танқидий ва таҳлилий материаллар деярли ҳар сонга бир яримтадан тўғри келган.

Қаловини топса қор ҳам ёнади, деган гап бежиз айтилмаган. Вилоят ҳокимлигининг изчил мадади ва эътибори туфайли 3-чоракда эса газета чиқишларининг ранг-баранглиги, мавзуси, дизайн, жуғрофий ҳудуди ва қамрови кескин кенгайган. Публицис тиканинг деярли барча жанрларида мақолалар чоп этилган.

Олдинги йиллар анъанаси давом эттирилиб, мустақиллигимизнинг 26 йиллиги олдидан Узун, Сариосиё, Олтинсой, Қумқўрғон, Шеробод, Қизириқ, Бойсун туманларидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишга бағишланган махсус саҳифалар берилди. Бу чоракда 26 та сон чоп этилган бўлиб, эълон ва рекламлардан ташқари 487 та материал берилган. Олдинги йиллар ва чораклардан фарқли ўлароқ, 102 та танқидий, таҳлилий, мулоҳазали ва долзарб мавзулардаги мақолалар чоп этилгани вилоят тарихида рекорд кўрсаткичдир. Қувончли томони таҳририятимизга газетанинг бу чиқишларига ҳокимликлар, мутасадди ташкилотлар, ҳатто, оддий муштарийлардан ҳам муносабатлар, фикрлар билдирилган хат-хабарлар келди ва келаяпти. Уларнинг энг муҳими, “Бизга мактуб йўллабсиз“, “Сурхон тонги“ га жавоб берадилар“, “Таҳририятга мактуб“ рукнларида газета саҳифаларида чоп этилди. Шу билан бирга вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан “Йилнинг энг фаол ёш журналисти“ кўрик-танлови эълон қилинди. Танлов иштирокчиларига деярли газетанинг ҳар бир сонида жой ажратилди. Шунингдек, вақти-вақти билан “Газетхонлар саҳифаси“ ҳам бериб борилди.

Таҳририят ходимларининг фаоллигини ошириш, газетанинг жуғрофий қамровини кенгайтириш, воҳадаги ислоҳотларни муштарийларга етказиш мақсадида “Узундан Қоракамаргача“ ахборот информацион рукни қайта тикланди. Шунинг учун ҳам чорак давомида жойлардаги бунёдкорлик, амалга оширилган ишлар, тадбирлардан 145 та тезкор хабарлар бериб борилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ниҳоят, чорак асрдан кўпроқ вақт ўтиб, ўтган йилнинг 3-чорагидан бошлаб газета ҳафтасига 2 марта чиқадиган бўлди. Гарчи бу нарса йиллик режамизда ва низомимизда бўлмасада, таҳририят ижодий ходимлари машаққат ва масъулиятни зиммасига олиб, бу вазифани бажаришга киришди. Иқтисодий имкониятлардан келиб чиқиб, жамоага янги ходимлар жалб этилди.  Таҳририят жамоаси замонавий иш қуроллари, хизмат машиналари билан таъминланди. Ниҳоят, кўзланган маррани бемалол бажариш имконияти пайдо бўлди.

Яна бир масалани алоҳида қайд этиш керакки, 3-чоракда 26 та сон чоп этилган бўлса, 102 та танқидий-таҳлилий материал берилган. Бу дегани ҳар бир сонда 4 тадан ошиқ танқидий ёки таҳлилий чиқиш қилинган.

Охирги чоракда эса реклама ва эълонлардан ташқари 25 сонда 492 та материал эълон қилинди. Шулардан 204 таси тезкор хабарлардир. Олдинги ойлардаги анъаналарни давом эттириб, 72 та танқидий ва таҳлилий, мулоҳазали материал берилган. Уларнинг деярли ҳар бирига ҳокимликлар, идора ва муассасалар раҳбарлари томонидан жавоб хатлари олинган. Танқид юзасидан кўрилган чора-тадбирларнинг энг муҳимлари газета саҳифаларида эълон қилинган.

Расмий хабарлар ва материалларнинг тиғизлигига қарамасдан, 4-чоракда барча туманлар ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаёти тўлиқ қамраб олинди. Олдинги йилларда газета йилига 52 марта чоп этилган бўлса, ўтган йилнинг 2-ярмида 52 та қўшимча сон чиқарилди. Айтишга осон. Бу албатта, ўз-ўзидан бўлган эмас.

Бошқача қилиб айтганда, ўтган йили газетамиз саҳифаларида жойлардаги камчиликлар, муаммолар борасида 214 бор танқидий-таҳлилий чиқиш қилинган. Бу  йил давомида деярли ҳар бир сонда 3 тадан танқидий чиқиш қилинди, дегани. Бўлаётган ўзгаришлар ва жараёнлардан бевосита жами 1533 та мақола, 607 та тезкор хабар берилган.

Йил давомида халқимиз ҳаёти, мамлакатимиз тараққиёти учун муҳим ва халқчил бўлган Президентимизнинг 55 та қарори, фармони ва фармойишлари чоп этилди. Шунингдек, вилоят ҳокимлигининг ва вилоят сайлов комиссиясининг 20 та қарори газетхонлар ҳукмига ҳавола қилинди.

Яна бир гап. Бугун замон шиддатли. Унга ҳамоҳанг бўлган кишигина натижага эришади. Инновация деган терминда давримизнинг суврати ва сийрати мужассам. Шуни ҳисобга олиб, интернет сайтимиз ва Facebookдаги  саҳифамизни энг сўнгги замонавий дизайн бўйича янгилаб, яхшилаб бораяпмиз. Унда “Ижтимоий соҳа”, “Иқтисодиёт”, “Фан ва таълим”, “Ёшлар ва замон”, “Адабиёт ва санъат”, “Ишлаб чиқариш”, “Тадбиркорлик”, “Инновация ва замонавий технология” каби бўлимларда етарлича маълумот бериб борилади. Бунинг учун махсус мутахассис ажратганмиз. Ҳали газетамизнинг янги сони босмахонада чоп этилмасдан туриб, Facebook саҳифамизда қўйилмоқдаки, натижада дунёнинг исталган гўшасидан туриб, “Сурхон тонги”ни ўқиш мумкин бўлмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар — Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси, давлат дастурлари ижроси, Олий Мажлисга Мурожаати ҳамда вилоятимиз бўйича қабул қилинган ҳудудий дастурлар ижроси хусусида кенг қамровли таҳлилий, мулоҳазали материаллар, хабарлар  бериб борилди. Ва бу 2018 йилда ҳам давом эттирилади.

Таҳририят раҳбарияти, ижодий ва техник ходимлари юқорида қайд этилган ислоҳотлар ва давлат дастурларидан келиб чиққан ҳолда тузилган йиллик режасини изчиллик билан амалга оширишга — Сурхон воҳасида Президентимиз бошчилигида ҳаётга татбиқ этилаётган янгиликлар, ўзгаришлар, бунёдкорлик ишларини янада чуқурроқ ёритишга қатъий бел боғлашган.

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги“ ва “Заря Сурхана“ газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррир ўринбосари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan