Бош саҳифа / Жамият / Вақт формуласи

Вақт формуласи

Ер юзида инсон яралибдики, унга беҳисоб бисотлар ато этилган. Буларнинг айримларини кўриш ёки қўл билан ушласа ҳам бўлади. Аммо инсоният яшаш учун моддий ашёлардан ташқари, кўпдан кўп номоддий неъматларга ҳам эҳтиёжманд. Уларсиз кишилар ҳаётини тасаввур қилиш қийин.

Буларга уларнинг урф-одатлари, маданияти каби қадриятларни киритиш мумкин. Айни шу ҳодисалар одамлар ҳаётини муайян мезондаги  тартиб асосида олиб боришини белгилаб туради.

Сўз — инсонга берилган энг олий номоддий бойлик. Унинг воситасидаги қараш ва ҳақиқатларини улашади,  тафаккур,  ўтмишу келажак ҳақида баҳслашади.

Бироқ борлиқдаги барча моддий ва номоддий неъматлардан ҳам устун турадиган, улар ўзаро жам бўлиб бирлашганда ҳам унинг кўзга кўринмас заррасига тенг келмайдиган яна бир илоҳий неъмат борки, у жамики ҳодисотлардан юксак туради. Барча тирик мавжудот — инсон ҳам айнан у мавжудлиги боис моддий ва номодиий “эҳсон”дан баҳраманд бўлади. Борлиқ узлуксиз ҳаракатда, коинот доимий ўзгаришда эканини ҳам у эслатиб туради. Бу ҳодиса барча мавжудотга  мавжудлиги, яшаётганлиги, тириклигидан — моддий ва номоддий неъматлардан баҳраманд бўлиш бахти насиб  этиб турганидан огоҳ этади.

Бу бебаҳот неъмат — Вақт. Инсон уни мулклаштириш имкониятидан  маҳрум. У одамзодни тоифалаштирмайди. Вақтнинг бебаҳолигини англашга кунлар, тунлар, ойлару йиллар етмайди. Аммо баъзан унинг нималигини билишга кутилган лаҳза ҳам кифоя…

Ақлни шошириб қўядиган  кўзга кўринмас бу мўъжизадан баҳраманд ҳар бир тирик жонзот ундан янада кўпроқ манфаатдор бўлишга иштиёқманд. Агар, унинг бу ҳаётда ҳар бир кишига қанча берилганлигини олдиндан билиш имкони бўлганда эди, одамзод ақлини таниганданоқ…

Кимдир кўпроқ, кимдир камроқ умр кўради — вақтдан баҳраманд бўлади. Вақт, яъни тириклик муддати — Аллоҳнинг мулки. Унга бандаси ҳукмронлик қилолмайди. Одамзод яшашга — вақт деган неъматдан кўпроқ фойдаланишга қанчалик ошиқмасин, у барча тирик  жон сингари, ўлим шарбатини татишга маҳкум қилинган. Бу ҳол ҳаётимизнинг кундалик саҳифасида такрорланаётган табиий ҳодисалигидан воқифмиз.

Афсуски,  вақт ўлчаб берилган неъматлигини, бир кун ундан бебаҳра қолишини ҳар доим ҳам ўйлаб кўрмайди. Шунинг учун ҳаёт аксарият кишиларга абадий бўлиб туюлади. Бу, аввало, ҳеч бир одам ўзининг қанча умр кўришини, вақтдан баҳраманд бўлишини билмаслигидан келиб чиқади. Бунда ҳам бир сир, ҳикмати бор.

Одамзод вақтнинг қиёфасини кўриш учун турли шаклларда соатларни ихтиро қилишган. “Қум соат” ва “Қуёш соати” каби номлар билан аташган. Кўтариб юришган. Қўлларига тақишган. Соат шаклларини шаҳар марказларига ўрнатишган. Ҳатто бугун ҳар бир кишида бу жиҳоз мавжуд. Кишилар бир-бирларига рамзий совға сифатида вақт белгиси — соат улашишади.

Соатга бу қадар эътибор берилиши эса инсоният азалдан вақт қиёфасини кўришга интиқлигини, у ҳамиша бу илоҳий мўъжизага боғланиб яшаши сабибидандир. Кўпинча бир-биримизга “вақтим йўқ”, “бугун ё эртага вақтим бўлади, аниқ” деб ишонч билан айтамиз. Баъзан дардчил ҳолатларимизда “ҳаммасини вақт кўрсатади”, “кутишдан — сабрдан ортиқ чорамиз йўқ”, “вақт — шифо” сингари одатий иборалар билан ўзимизга ўзимиз далда ҳам берамиз. Ёки “умринг узоқ бўлсин”,  дея эзгу тилаклар айтиб, бир-биримизни овутиб ҳам қўямиз.

“Умр”, яъни вақт бизга маҳкум бўлганда эди, бу каби орзуларимиз бизга бўйсунган — ўз ижросини топган бўларди. Аслида вақтни биз эмас, у бизни ўз измига бўйсундириш қурбига эга. Борлиқдаги барча мавжудотга  хос ризқу насиба берилган. Бу — илоҳий қонуният.

Машҳур фанцуз адиби Мопассан “Алвидо ҳаёт” ҳикояси қаҳрамони тилидан вақт — умр ҳақида. “…Чунки уни кўрмаймиз-да. Ҳеч бўлмаса, ярим йил кўзгуга қарамай юрсангиз, қанча ўзгарганингизни кўрасиз. Бироқ турган гапки, бу оғир зарба бўлади. Аммо ҳар куни кўзгуга қарайсан ва вақтнинг қадрини сезмайсан ҳам. У эса ишини шундай секин ва бир маромда олиб борадики, ўзгариб бораётганингни кўзинг умуман илғамайди. Шунинг учун бу вайронкорликнинг икки-уч йилидаёқ ғам-андуҳдан ўлиб қолмаймиз” дея воқиф этади.

Ҳар бир одамда ортида из қолдириш — ўзини вақтнинг мўъжаз сурати      сифатида намоён қилиш имкони мавжуд. Бироқ,  ҳар доим ҳам бу имкониятдан фойдаланмайди. Кимнингдир “яхши”, бошқа бировнинг “ёмон” дейилиши, аслида шу имкониятдан қай тарзда фойдаланишидан келиб чиқади.

Бу оламнинг бош хислати — бетакрорлик. Шу боис борлиқдаги барча ҳодисалар ўзига хос яратилган. Бинобарин, вақт ҳам шундай. Ундан айнан ўхшаш онларни ажратиб бўлмайди.

Лаҳзаларни ортга қайтариш ёки уларни тўхтатишнинг иложи йўқлиги ҳам вақт бетакрор эканлигини далиллайди. Ёки мўъжаз мулоҳазаларга нигоҳингиз тушган чоғлар ҳам буни исботлайди. Лекин, вақт манзарасини, вақт формуласини ҳеч ким тугал ва тўкис ярата олмаган…

Нарзулла УЛУҒОВ,
Термиз шаҳридаги
9-ДИУМ ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тавсиялар берилди

Саноат хавфсизлигини таъминлаш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда навбатдаги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE