Бош саҳифа / Жамият / Узундан Қоракамаргача

Узундан Қоракамаргача

Бежиз, донишмандлардан бири ҳар қандай янгилик бу эскиликнинг такрорланишидир демаган. Бир неча йиллар олдин газетамизнинг биринчи саҳифасида  “Сурхондарё бўйлаб”, “Воҳа янгиликлари”, “Узундан Қоракамаргача”, “Ўқидингизми, эшитдингизми?” каби рукнларда энг сўнгги хабарлар бериб бориларди. Биз газетамиз ҳафтада икки марта чоп этилишидан келиб чиқиб, воҳамиздаги янгиликларни қисқа сатрларда бериб боришга қарор қилдик. Унда вилоятимиздаги деярли барча туман ва шаҳарларни қамраб олишга ҳаракат қиламиз.

Қуйида мухбирларимиз томонидан тайёрланган хабарларни ҳукмингизга ҳавола этаяпмиз.

 УЗУН

Ишбилармонлар ва тадбиркорлар ҳаракати ЎзЛиДеП вилоят Кенгаши ташаббуси билан “Ўз томорқасида иш бошлаганларга кўмак” мавзусида тадбир уюштирилди. Унда соҳанинг етакчи мутахассислари  боғдорчилик, полиз, сабзавот маҳсулотлари етиштиришда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, зараркунандаларга қарши кураш каби агротадбирлар хусусида батафсил маълумот беришди. Тумандаги томорқадорлар бундай амалий ёрдам ва тавсиялар учун партия вакилларига ўз миннатдорчилигини билдирдилар.

 БОЙСУН

Аҳоли эҳтиёжи ва талабидан келиб чиқиб туман марказида янги автошоҳбекат фойдаланишга топширилди. Унда тиббиёт, оналар ва болалар, дам олиш хоналари мавжуд бўлиб, туман марказидан барча шаҳар ва қишлоқларга қатнайдиган енгил такси ва автобусларнинг жадвали ёзиб қўйилган.

Шоҳбекатнинг очилиш маросимида туман ҳокимлиги, қурувчилар, жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ вакиллари ҳозир бўлдилар.

 ШЕРОБОД

Юртбошимиз ташаббуси билан “Нуроний” ва “Маҳалла” хайрия жамғармалари фаолияти яхшиланиб, улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Шаҳардаги энг сўлим жойдан “Нуроний” жамғармаси туман бўлими учун барча қулайликларга эга бўлган замонавий бино қуриб битказилди. Ҳозир сўнгги пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Қурувчилар Конституциямиз байрамигача янги бинони нуронийларимизга совға қилишмоқчи.

ЖАРҚЎРҒОН

Тумандаги 1-, 2-, 25-, 31-, 32-ўрта таълим мактабларида вилоят қўғирчоқ театри ижодий жамоаси томонидан маданий-маърифий тадбир ўтказилди. Ёш авлод вакиллари қалбида эзгулик, меҳр-оқибат, ватанпарварлик хислатларини шакллантириш мақсадида ташкил этилган тадбирларда театр жамоаси томонидан “Сеҳрли сандиқча” спектакли намойиш этилди. Театр бош режиссёри Т. Йўлдошев, режиссёр З. Нормўминова ҳамда сценарий муаллифи Р. Сирожиддин ҳамкорлигида саҳналаштирилган спектакл болажонларга бир олам завқ улашди.

ТЕРМИЗ

“Gold dried fruits export” мевани  қайта ишлаш  корхонасида туман прокуратураси ташаббуси билан бўш  иш  ўринлари  меҳнат  ярмаркаси бўлиб ўтди. Ярмаркада 21 та  корхона, муассаса, ташкилот 377 та  бўш  иш  ўрни  билан иштирок  этди.

Тадбирда  иш масаласида мурожаат қилган 142 нафар фуқародан 105 тасига ишга йўлланма, 37 нафарига эса ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

— Бу тадбирнинг мунтазам ташкил этилиши фуқаролар, айниқса ёшларни иш билан таъминлашда муҳим ўрин тутади, — дейди Термиз туман прокурори ўринбосари  Алибек  Холёров.

 МУЗРАБОТ

Тумандаги “Гулобод”, “Анорзор”, “Дуоба” маҳаллаларида истиқомат қилувчи кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда кўп болали оилаларга республика  маънавият-маърифат Кенгаши туман бўлими томонидан “Оилаларга китоб улашиб” хайрия тадбири доирасида китоб жамланмалари топширилди. Оилаларга тақдим этилган 60 номдаги  жаҳон ва ўзбек адабиётининг энг сара намуналари кишилар қалбида маърифат ёғдусини янада жилваланишига замин яратади. Бу тадбир Денов, Олтинсой, Шўрчи туманларида ҳам ўтказилди.

ХабарларниСурхон тонгимухбирлари
Сафар ОМОН ва Сарвар ТЎРА тайёрлади

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan