Бош саҳифа / Жамият / Узундан Қоракамаргача

Узундан Қоракамаргача

ТЕРМИЗ шаҳри.

Бадиий гимнастика спортнинг энг нафис ва гўзал турларидан биридир. 8-16 ёшли ўқувчи-қизлар ўртасида бадиий гимнастика бўйича шаҳар биринчилиги ўтказилди. Унда иштирок этган ёш спортчилар ўз қобилиятларини яна бир бор синовдан ўтказишди.

Ғолиб спортчилар вилоят биринчилигида қатнашиш учун йўлланмани қўлга киритишди.

БОЙСУН.

Бугун энг чекка тоғ қишлоқлари аҳолисини  суюлтирилган газ билан таъминлаш кун тартибидаги масалага айланган. Қуйи Мачай қишлоғининг Мозоришоҳ ҳудудида газ қуйиш станцияси қурилиши жадал суръатда бормоқда. Илгарилари суюлтирилган газ баллонлари туман марказидан келтириларди. Эндиликда  Газа, Хўжадияк, Ичаксой, қуйи, ўрта ва юқори Мачай, Оққишлоқ, Қизилнавр, Кентала, Арчаазлар, Ўрикли каби аҳоли пунктларини узлуксиз суюлтирилган газ билан таъминлаш имкони яратилмоқда. Қурувчилар газ қуйиш станциясини Конституциямизнинг 25 йиллик байрамигача фойдаланишга топширишмоқчи.

САРИОСИЁ.

ЎзХДП туман Кенгаши,  хотин-қизлар қўмитаси, тиббиёт бирлашмаси, ФҲДЁ бўлими билан биргаликда “Соғ- лом она, соғлом келажак, соғ- лом бола” мавзусида тадбир ўтказилди. Мавзу юзасидан  Р. Рамазонов, Ш. Шоймардонова, З. Мирзаев, Д. Ўриновлар ёшлар ва жамоатчилик вакиллари билан атрофлича фикр алмашдилар. Унда қизларга оналик масъулияти, соғлом турмуш тарзи ва эрта никоҳнинг салбий оқибатлари ҳақида  ҳаётий мисоллар билан тушунтиришлар берилди.

ШЕРОБОД.  

Туман тиббиёт бирлашмасида бўлиб ўтган тадбирни вилоят ҳокими ўринбосари Р. Чориев очди ва олиб борди. Унда туманда мавжуд бўлган поликлиникалар, ҚВП ҳамда шифохоналар аҳволи, врач ва ҳамшираларнинг ўз касбига бўлган муносабати атрофлича таҳлил қилинди. Камчилик ва масъулиятсизликка йўл қўйган шифокорларга қатъий огоҳлантириш берилди.

ОЛТИНСОЙ.

Бугун туман боғларида узумлар ғарқ пишди. 1200 гектардан ортиқ майдондаги узумзорларда мўл ҳосил тўпланди. Қайси бозор ва дўконга борманг, олтинсойликлар етиштирган марвариддек товланиб турган шириндан-шакар узумларни кўрасиз. Боғдорчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари мамлакатимиз ички бозорларига маҳсулот етказиб беришдан ташқари, ташқи бозорларга узум ва майизни экспорт қилишиб, яхшигина даромад олишмоқда.

ШЎРЧИ.

Тумандаги энг чекка қишлоқлар аҳолисини электр энергияси билан таъминлашда бир қатор муаммолар юзага келганди. Шуни ҳисобга олиб, бу йил туманда иккита замонавий янги подстанция бунёд этилди. Бунинг эвазига туман аҳолисини электр энергияси билан таъминлаш тубдан ўзгарди. Ҳукуматимизнинг бу эътиборидан фуқаролар миннатдор бўлишмоқда.

УЗУН.

Қишлоқ аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини яхшилаш, уларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида муҳим тадбирлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда тумандаги “Хурсанд”, “Ўзбекистон” ҚВПсига 35, “Файзобод” ҚВПсига 45, Б. Омонов ҚВПсига 186 миллион сўм маблағ ажратилиб, бугунги талаб даражасида таъмирдан чиқарилди ва замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Бир сўз билан айтганда, туман ҳудудида мавжуд бўлган барча ҚВПлар ҳукуматимиз эътибори ва ғамхўрлиги билан аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатадиган бўлди.

ДЕНОВ.

Тумандаги “Фарғона”  маданият  уйида  вилоят ҳокимлиги ва  Республика “Оила” илмий-амалий   маркази  томонидан  “Жамиятда соғлом муҳитни қарор топтиришнинг ижтимоий-психологик  масалалари: муаммо ва ечимлар” мавзусида илмий-амалий  семинар  бўлиб  ўтди.  Анжуманда  Денов, Узун, Сариосиё, Олтинсой ва  Шўрчи  туманлари ҳокимларининг  ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожланиш ва маънавий-маърифий ҳамда хотин-қизлар масалалари  бўйича  ўринбосарлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгашлари  раислари, республика маънавият ва маърифат марказлари туман  бўлинмалари  раҳбарлари, таълим муассасалари раҳбар-ходимлари иштирок этишди. Ёш авлод вакилларини маънавий қадриятлар руҳида тарбиялаш, фарзанд  тарбияси  ва ота-она  масъулияти  мавзуларидаги  маърузалар  ва  психологик тренинглар   йиғилганларда  катта  таассурот  қолдирди.

Хабарларни мухбирларимиз
Сафар ОМОН ва
Сарвар ТЎРА тайёрлади

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan