Бош саҳифа / Жамият / Ўзни фидо этсанг эл ичра ёниб

Ўзни фидо этсанг эл ичра ёниб

“Умринг бесамар ўтса, унда маъни ҳам, қувонч ҳам йўқ, — дейди “Сариосиё” газетаси бош муҳаррири, шоир ва публицист Абдураим Раҳмонов. “Онамга айтолмаган сўзларим” “Кўнгил фарёди” номли китоблари орқали таниш бўлган, гоҳида сўзи, гоҳида иши билан элга хизмат қилаётган муҳаррир билан суҳбатимиз ҳам шу мулоҳазалар атрофида кечди.

1960 йил Сариосиё туманида таваллуд топган Абдураим Раҳмонов ёшлигидан адабиётга, сўзга меҳр қўйди. Мактабни тамомлаб, Самарқанд давлат университетининг филология факультетида таҳсил олди. Фаолиятини муаллимликдан бошлаган А.Раҳмонов халқ таълими бўлимида, туман ҳокимлигида турли лавозимларда фаолият юритди. Тумандаги Сариосиё шаҳарчасида раҳбар ҳам бўлди. Тақдир тақозоси билан 2003 йил “Сариосиё” газетасига бош муҳаррир этиб тайинланди.

— Агар тарихга назар солсак, Музаффар Маҳмудхонов газетанинг илк муҳаррири бўлган. 1932 йилдан буён нашр қилинаётган газетага мен ўн тўртинчи муҳаррирман, — дейди Абдураим Раҳмонов. — Бу даргоҳда забардаст журналистлар Нусрат Шоймардонов, Нарзулла Холиқов, Раъно Шамсиддинова, Маҳкам Шоймардонов каби фидойи журналистлар, ижодкорлар меҳнат қилишган. Ҳар биридан бир ибрат, намуна қолган. Бугун ҳам ишимизда уларнинг ижодий анъаналарига, тажрибасига суянамиз. Шу маънода таҳририятимиз ўзининг катта маҳорат мактабига эга дейиш мумкин. Икки юз мингга яқин туманимиз муштарийларининг талабига кўра, газетамиз ўзбек ва тожик тилида чоп этилади. Туманимиз ва вилоятимиз ҳаётига оид муҳим янгиликлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар саҳифаларимиздан ўрин олмоқда. Қолаверса, турли соҳаларда юз бераётган ўзгаришларни, касб фидойиларининг ибратли ишларини мунтазам ёритиб борамиз. Шаффофлик, очиқлик тамойилларига таянган ҳолда муаммоларни жойида ўрганиб, эътиборимизни унинг ечимига қаратамиз. Кўп ҳолларда бу ёндашувимиз ижобий самаралар бермоқда. Мақола эълон қилингунича муаммо бартараф қилинаётир.

Газетамиз қошида “Хўжаипирях оҳанглари” ёш ижодкорлар тўгараги ҳам ишламоқда. Ҳозиргача 30 дан ортиқ истеъдодли ёшларимизнинг китоблари беминнат кўмагимиз асосида чоп этилди. Гарчанд фарзандларим орасида ижод йўлини танлаганлари бўлмаса-да шогирдларим кўзидаги қувончни кўриб, янада севинаман. Улар орасида Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Манзура Сайфиддинова сингари умидли ёшларимиз ҳам бор. Барчасини фарзандларим деб биламан.                             

Дарҳақиқат, Сариосиёда элимиз суйган кўплаб шоир ва ёзувчилар, адибларимиз туғилиб-улғайишган. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, атоқли шоир ва таржимон Мирзо Кенжабек, ёзувчи Тўлқин Ҳайит, шоир Ахтамқул Карим сингари ижодкорларнинг илк машқлари айнан “Сариосиё” газетасининг ўтмишдаги “Сариосиё ҳақиқати” рўзномасида чоп этилган. Гоҳ пойтахтдан, гоҳида чекка қишлоқлардан келадиган ижодкорларнинг йўқлайдиган биринчи манзили айнан ушбу газета таҳририяти бўлади. Кимки бир эзгу ният билан келган бўлса, албатта, кўнгли ёришиб, миннатдор бўлиб қайтади. Жамоадаги самимий муҳит машҳур иборани ёдга солади: “…бу даргоҳдан ҳеч ким норизо бўлиб кетмаган”.

 Бугун матбуотда кечаётган ўзгаришларга ҳамоҳанг равишда газета узоқ йиллик анънаналарини сақлаб қолиб, шу куннинг нафасини, кайфиятини ифода этишга, ёш ижодкорларнинг чиқишларига кенг ўрин ажратмоқда. Таъкидлаш жоизки, нашрнинг янада ўқимишли бўлишида фахрий журналистлар Нарзулла Холиқов, Азамат Ребяжов ҳамда Ойдин Дўст, Сурайё Раҳмон каби тажрибали ижодкорлар, масъул котиб Солеҳ Ражабов, саҳифаловчи Нодир Давлатов, матн терувчи Мақсадой Бобоашуровалар фидокорона меҳнат қилишаяпти. Ходимларга шунга муносиб равишда иш шароитлари яратилган. Ҳар ҳафта 5 минг нусхада муштарийлари қўлига етиб бораётган газета мана 9 йилдирки А-3 форматда чоп этилмоқда. Нашрнинг республикадаги туман газеталари орасида биринчилар қаторида рангли чоп қилина бошлагани ҳам ўқувчиларига манзур бўлишга интилишининг юқорилигидан далолатдир.

— Таҳририятимиз доимий равишда илғор нашрларнинг тажрибаларини яқиндан ўрганиб келади. Туманимиздаги таълим муассасалари, меҳнат жамоаларида ижодий учрашувларни ташкил этиб, ўқувчиларимизнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқамиз. Ҳар бир кун ғанимат, инсон бесамар яшамаслиги керак. Ортидан из қолсин… Яқинларимни, дўстларимни доимо шунга ундайман. Қуйидаги тўртлик ҳам шу сабаб дунёга келган:

Умр ўтиб борар мисоли елдек,
Гоҳида қувончу ташвишга тўлиб.
Бу кўҳна заминда қолмас бесамар,
Ўзни фидо этсанг эл ичра ёниб.

“Сариосиё” газетаси жамоасининг машаққатли ишларида омадлар тилаб, касб байрамингиз муборак бўлсин деймиз.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE