Бош саҳифа / Таълим / Ўзликка путур етмасин

Ўзликка путур етмасин

Инсоннинг ўз она тилига муҳаббати, аввало, она сути орқали юқади. Тунларни тонгларга улаб айтилган сеҳрли куй – алла билан гўдак вужуди, шуурига сингдирилади. Албатта, алла ўз она тилингда бўлса. Шундагина у жозибалироқ, таъсирлироқ ва меҳрлироқ чиқади.

Сўзим аввалини бежизга бундай бошламадим. Сабаби яқинда кузатганим бир воқеа ғашимга тегди. Бир дўстимизнинг уйига меҳмонга бордик. У ерда қўлида беш ойлик чақалоқ кўтарган тенгдош дугонам ҳам бор эди. Меҳмондорчилик давомида ҳар икки гапининг орасига русча сўз қўшиб гапирар, ўзини русчани жуда зўр биладигандек кўрсатарди. Суҳбат энди авжига чиққанда қўлидаги гўдак ғингшиб, йиғлай бошлади. Уй эгаси унга “Бошқа хонага чиқиб, болани ухлатинг, бу ер шовқин” деди. У билан мен ҳам нариги хонага чиқдим. Гўдак ҳа деганда тинчланавермади. Охири, ҳамроҳимга “Алла айтинг, тинчланади” дедим. Бир пайт у боласини тебратиб, алла айтишга тушди:

— Аллов-ва-а-а… Аллов-ва-а…

Бола баттар чинқирди.

— “Ах, ёлки-палки”, ухла “давай”! — ухлашга даъват этди она.

— Аллов-ва-а-а.

Шу тобда унга “Алла айтишни билмасанг, қанақа онасан ўзи!” дегим келдию, лекин хуноби ошиб турганда оловга ёғ сепмай, дедим. Тағин аламидан болага русчалаб бирон нима деб қўймасин. Бирдан қўл телефонида алла борлиги эсига тушди, шекилли, уни қўйишга шайланди. Хайрият-э, ҳозир Муҳаббат Ғофурованинг алласи янгрармикан десам, “Баю-баю”нинг қўшиғи янгради. “Ана холос, бу миллатнинг онаси фарзандига наҳот ўз она тилида алла айтиб беролмаса?” — дея ўйланиб қолдим.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, бу ҳолатда болага она тилга муҳаббат қандай юқади? Қолаверса, “ёлки-палки”нинг ўрнига она ўз фарзандини мулойимроқ, чиройлироқ сўзлар билан эркалаши мумкин эди-ку. Ахир тилимизда бундай сўзларнинг қанчасини қалаштириб ташлаш мумкин. Халқимиз болажон халқ бўлгани учун ҳам ўзбек тили эркаламаларга бой.

Инсон тоза фитратда дунёга келади. Унинг қалби ҳам, онги ҳам ёзилмаган оқ қоғоздек тоза бўлади. Бу оқ қоғозга эса даставвал, она ўз сўзини ёзади. Сўнг ота ва оиланинг бошқа аъзолари. Гўдак унинг ҳузурида қилинган мулоқот, айтилган ҳар бир сўзни онг остига муҳрлаб боради. Ва шу тариқа унинг сўз бойлиги шакл- ланади. Энди, онаси, ака-ука, опа-синглиси ёки атрофдагиларнинг она тилидаги чала мулоқоти, яъни аралаш тилда сўзлашуви унда қандай луғат манбаини ҳосил қилади? Ҳозир XXI аср, хорижий тилларни ўрганиш урф бўлган, буни фарзандларимизга ҳам сингдиришимиз керак, дейишингиз мумкин. Марҳамат, фақат аввал она тил эгаллаши керак бўлган бўшлиқни тўлдиринг, кейин истаган хорижий тилни ўргатишингиз, у тилда сўзлашингиз ўринли.

Тил — миллатнинг қалби, руҳи, кўнгли. Чунки унда миллатнинг урф-одати, одоб-ахлоқ қоидалари, умуман, маданияти, руҳияти намоён бўлади. Тилга эътиборсизлик, уни менсимаслик, айнан шу нарсаларни, миллат кўнглини менсимаслик дегани. Агар унинг қоидасию тартибларини бузсак, ҳамма нарсамизга путур етади.

ТИЛИНИ ҲАККА
ЧЎҚИГАН ЎҚУВЧИ

Таҳририятга бир адабиёт ўқитувчисидан хат келди. Унда шундай ёзилган:

“Биз репетиторларнинг иш жараёнимиз қизиқ. Ҳар гал янги ўқувчилар келишади. Уларни бир қолипга солиб олиш учун маълум вақт, тажриба керак бўлади. Бир куни янги ўқувчилардан биридан сўрадим:

— Қизим, исмингиз нима?

— Лайло.

— Қани уйга берилган вазифанинг номини айтинг-чи?

— Шермуҳаммад Минуснинг…

— Ҳай, ҳай, қизим Минус эмас Мунис…

— Ҳа, Шермуҳаммад Муниснинг ҳаёти ва ижоди ҳамда “Разводу сафо” таржима асарини…

— “Разводу сафо” эмас, “Равзатус-сафо”…

— Тўғри, Ш.Муниснинг ҳаёти ва ижоди ҳамда “Равзатус-сафо” таржима асарини ўрганиб келийла девдингиз.

— Келийла эмас, келинглар! Қолаверса, девдингиз эмас, деган эдингиз. — Қиз беихтиёр тўхтаб, тин олди.

— Хўп, гапиринг-чи?

— Мунис 1778 йили Хива яқинидаги Қиёт қишлоғида тувилган.

— Тувилган эмас, туғилган. Хўп, давом этинг-чи!

— Муниснинг болалик, ёшлик йиллари мечит ёнидаги мактабда ўтган.

— Мечит эмас-да ахир, масжид…

Лайлонинг кўзлари пирпираб кетди. Беихтиёр “Гапирсам майлими, домла?!” — деб юборди.” Менинг эса унинг тилимизга бўлган бундай муносабатидан юрагим оғриди.”

Муаллифнинг луқмаси ўринли. Биз минг шевада гапирган тақдиримизда ҳам, айниқса, адабиёт дарсида адабий тилда сўзлашимиз шарт. Чунки айнан адабиёт бизга ўзбек тилининг бутун жозибасини, сўзга нақадар бойлигини ҳам кўрсатади, ҳам ўргатади.

ДИДИМИЗНИ
САЁЗЛАШТИРАЁТГАН
АСАРЛАР

“Кўча тили” деган атаманинг ҳам пайдо бўлганига анча бўлди. Ундан кўпроқ кўчада бемаъни суҳбат қилаётган, тўғрироғи оғзидан “ади” кириб, “бади” чиқаётган бебош болалар, кишиларнинг гапи эканини англардик. Аммо охирги пайтларда бу атамани айрим қўшиқларга, ҳатто қўштирноқ ичидаги айрим бадиий асарларга нисбатан айтилаётгани, ачинарли. Масалан, ўзбек тилининг авра-астари чиқариб ташланган, фақат олди-қочдилару бир аёлнинг алданиб қолиш тарихи, ўғри ёки мафиянинг саргузаштларидан иборат адабиётларни олайлик. Уларда тил жозибаси умуман йўқ. Агар уни ўқиётган ўқувчи шу асарларнинг тилидан ўрнак олса, тил соҳасидаги ташвишларимизни тасаввур этиш қийинмас. Бизнинг ота-боболаримиз навоийхонлик, бедилхонлик, бахшихонлик билан катта бўлишган. Момоларимиз қулоғимизни “Алпомиш”, “Кунтуғмиш”, “Гўрўғли” каби достонлар билан очишган. Ахир Навоийнинг битта ғазали ёки, Бобурнинг битта рубоийси ҳақида бутун бир катта фалсафий шарҳ ёзса бўлади. Лекин, тижорат асарларининг бир нечтасини жамлаб ҳам аҳамиятли фикр ёзолмайсиз.

Қадимги хитой мутафаккири Конфуцийдан “Агар сизга ваколат бериб, нимани кечиктириб бўлмайдиган устувор вазифа деб ҳисоблаган бўлардингиз?” деб сўрашганда у “Тилни тартибга келтириш энг зарурий вазифадир” деб жавоб берган экан. Кўп аср аввал айтилган бу пурмаъно сўзлар бугунги ҳаётнинг ҳам ҳақиқати эканига шубҳа йўқ.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Ёш журналистлар” тўгараги

Иқтидорли ёшлар ҳар бир мактаб, коллеж ва олийгоҳда кўп. Ёшларнинг иқтидорини янада юксалтириш, талаб ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE