Бош саҳифа / Адабиёт / Ўзини сийлаган адиб

Ўзини сийлаган адиб

Ижодкорнинг кимлиги, нимага қодирлиги, тафаккур сарҳадларини у ёзган асар билан белгилаш мумкин. Аслида, ижодкорнинг савияси у яратган битикдан юқори бўлмайди.

Биз, Нарзулла Орипов билан 1985 йил бир ижодий учрашув туфайли танишганмиз. Сўнг у киши таҳририятга бир туркум кичик ҳангома ва ҳажвияларини олиб келди. Ўша пайтларда кўпчиликка маъқул бўлган “Табассум бекати” деб номланган муаллифлик саҳифамга сўз боши билан бердим. Унда ижодкорга нисбатан “қувноқ қитмир” деган иборани ишлатгандим. Бу нарсани эслашдан мақсад, комиклик, ҳажвга мойиллик у кишининг табиатида, дангал айтганда, қонида бор. Ҳар ким ҳам ҳажвий асар ёза олмайди. С. Айнийнинг “Қори ишкамба”сини, Бальзакнинг “Сағри тери тилсими”ни, Ғ. Ғуломнинг “Шумбола”сини, М. Муҳаммад Дўстнинг “Галатепага қайтиш”, Гоголнинг “Ревизор”ини эсланг. Сатира ва юмор ҳаётда ва адабиётда қандай қудратга эга эканлигига имон келтирасиз.

Асар қаҳрамонларида ён-атрофингиздаги ўнлаб нусхаларнинг хатти-ҳаракати, феъли, афт-ангори ва шаклу шамойилини кўрасиз. Демак, ҳажв, юмор, хандалар, афанди, минатюралар, латифалар тўғридан-тўғри ҳаётдан – халқдан олиниб, адабий сайқал берилиб, яна халққа тақдим этилиши бу жанрнинг имкониятлари чексизлигини, халқчиллигини ва боқийлигини исботловчи манба ҳамда далилдир.

Ана шу йўлда ярим асрдан буён қалам тебратаётган ёзувчи ўз мухлисларига янги совға тайёрлади. Яқинда, Тошкентдаги “Наврўз“ нашриётида ижодкорнинг 70 йиллик юбилейи муносабати билан “Яхшилик-кўнгил гавҳари“ деб номланган сайланмаси чоп этилди. Сайланмага шоирлардан Мирза Кенжабек, Болта Ёриев ҳамда носир Шойиб Бўтаевлар сўз боши битишган.

Китоб 5 фаслга бўлинган. Биринчи фаслда турли йилларда ёзилган тўртликлар, иккинчи фаслда болаларга аталган шеърлар, “Она розилиги”, “Сино”, “Жўмардлик” каби достонлари, кейингисида эса ҳажвия ва ҳангомалари киритилган. Китобнинг сўнгги фаслида болалик, ўсмирлик даври, синфдош дўстлари, қишлоқдошлари, воҳанинг таниқли инсонлари, Б. Алламуродов, Э. Тожиев, Н. Нуралиев, З. Чориев, Ҳ. Кичкилов, Қ. Амирқулов, С. Аҳмедов каби инсонлар ҳақидаги мақолалар жой олган.

Адиб 1947 йилда Бойсун туманининг Қўрғонча қишлоғида таваллуд топган. Низомий номидаги Тошкент давлат педогогика институтининг филология факультетини тугатган. Узоқ йиллар ТерДУ да ёшларга фалсафа фанидан сабоқ берган. Кўплаб шогирдлар етиштирган фидойи мураббий ва устоздир.

Ўндан ортиқ китоблар муаллифи бўлган файласуф олим, ҳажвчи ва шоирнинг ушбу сайланмаси адабиёт ихлосмандларига муносиб туҳфа бўлади, деган умиддамиз. Яна вақт ва халқ деган улуғ ҳакам бор, сўнгги сўзни эса улар айтади.

Сафар ОМОН

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ёшларга ҳавасим келди

“Ёш китобхон” танлови ҳақида гап кетганда, ойнаи жаҳон орқали эфирга узатилган телевизион танловдаги лавҳалар, тиллари …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE