Бош саҳифа / Жамият / Ўзимизнинг Учқизилда

Ўзимизнинг Учқизилда

Термиз тумани маркази томон йўлим тушди. Бир вақтлар қум барханлар билан қопланган Учқизил қўрғони бугун тобора обод бўлаётгани кўнгилни равшан қилади.

Сирасини айтганда, борар манзилим тумандаги “Термиз марвариди” санаторияси эди. Йўл бўйи намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойларни кўриб, янада қувондим. Ўғлим бошқариб бораётган автомашина санаторий дарвозаси олдида тўхтади. Фарзандларим бу жойлар аввалги сиҳатгоҳдан тамомила фарқланишини аввалроқ айтгандики, кираверишим билан буни дилдан ҳис эта бошладим. Кун ботарда мавжланиб турган Учқизил кўлидан келаётган илиқ ҳарорат кўпроқ баҳор нафасини эслатарди.

Ёшим 75 да. Бир жойда ўтирсам зерикаман, велосипедни миниб, қишлоққа, тенг-тўшларим олдига шошаман, узоқ ва яқиндан суҳбатлашамиз. Кексаликми, одам тез зерикади, бирор иш билан машғул бўлишни истайди. Шундай қилмаса, гўё вақт ҳам тўхтаб қолгандай бўлаверади. Шу сабаб уйда чорва молларини боқиш энг севимли машғулотимга айланган. Доимо ҳаракатдаману аммо тўсатдан бел ва оёқларимда оғриқ пайдо бўлди. Юз қадам ҳам юролмай, қаддимни кўтаролмай қолдим. Болаларимнинг маслаҳатига кўниб шу томонларга йўл олганим эди.

Чўл ҳавоси одатда қишда изғиринли, ёзда ҳаддан ташқари иссиқ бўлади. Аммо ўша ёз кунларида ҳам қайноқ барханлар тонгга яқин муздек бўлиб қолади. Ажаб, табиатнинг ишига ҳайрон қоласан, киши. Қиш фасли бўлишига қарамасдан сиҳатгоҳ атрофида очилган рангбаранг гуллар киши баҳри дилини очади. Мана, санаторийда муолажаларни олиб бошлаганимга 11 кун бўлибди. Эртага жавоб беришини билганим ҳолда уйга, яқинларим бағрига қайтгим келди. Болаларим дам олиб юраверинг, дейди. Шу ўринда сиҳатгоҳнинг менга қилган фойдасини айтмасам бўлмас. Мана, 1 километр масофа пиёда юрсам-да оёғимда оғриқ ва толиқишлар йўқ. Худога шукур, энди қаддимни ҳам ғоз тутаяпман. Қишлоқдаги дўстларим ҳайрон қоладиган бўлди.

Ҳаётимда бир неча касб қилдим, савдо ходими, электрик, сантехник дегандай. Одамлар билан мулоқотда, қўлдан келганича наф етказишга ҳаракат қилдим. Умримдан асло нолимайман. Сиҳатгоҳда саломатлигим тикланганиданми, фикрим ҳам равшанлашиб, шуларни айтиш, ёзишни дилимга тугдим. Шинам ва озода хоналар, хушмуомала шифокорлар, муолажаа учун олтингугуртли ва йодабромли маданли сувлар, табиат инъоми бўлган табиий гиёҳлар, кечги маданий дам олиш онларию Термиз ва Шеробод туманларидаги муқаддас қадамжоларга саёҳат. Қолаверса, Учқизил кўли узра ташкил этиладиган саёҳат яна ҳам мароқли. Кўл атрофида эрталабки ва кечки сайр саломатлик учун кони фойда. Хуллас, фарзандларимнинг айтганича бор экан, санаторийда Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия ва қўшни Афғонистондан ҳам даволанаётганлар бор экан. Юртимизнинг барча вилоятларидан келган одамлар билан мулоқотда бўлиб, уларнинг бу жойлар ҳақидаги илиқ гаплари мени ҳам қувонтирди. Эндиги гал ёзда, қум барханлари билан даволайдиган муолажаларни ҳам олишни кўнгилга тугдим. Яна келиш истаги юрагимда илиқлик пайдо қилди.

Фарҳод ШОҲИМАРДОНОВ,

меҳнат фахрийси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE