Бош саҳифа / Жамият / Ўзимизни қачон топамиз?…

Ўзимизни қачон топамиз?…

Эл нетиб топгай мениким,
Мен ўзимни топмасам.
А.Навоий

Мавзуни бежиз Навоий ҳазратларининг ҳикматли иборасидан бошламадим. Хўш, буюк бобокалонимиз нима демоқчилар. Қачонки ҳар бир шахс ўзини, ўзлигини мукаммал билмас экан, уни қайси эл, қайси миллат билиши, тан олиши мумкин?

Қачонки биз ўзимизни танимасак, бизни ким ҳам танирди? Бир қарашда бу ибора жўнгина, гўё ҳамма билади. Агар биз, кечаги ўзбек билан бугунги ўзбекни бир оз солиштирсак, бу ҳикмат янада ойдинлашади. Кечаги Алпомишлар, Барчинойлар билан бугунги эркин-ҳур, шўх-шодон, бахтиёр ёшлар орасидаги тафовут афсуски, борган сайин узоқлашгандан узоқлашиб бормоқда.

Мен бугун, касбим тақозосидан келиб чиқиб, қарийб етмиш йиллик тажрибамга асосланиб, икки хил ҳаётий ҳақиқатни таққослаб бераман. Хулоса чиқариш, албатта, муҳтарам ўқувчиларга ҳавола.

Биринчи воқеа: оқсоқланган оддий бир деҳқон ҳассасини дўқиллатиб, кичик бир чорраҳанинг ўнг томонидан келар эди. Ўша чорраҳанинг чап томонидан бир гуруҳ хотин-қизлар отахоннинг йўлдан бемалол ўтиб кетгунича юзларини бир оз бурган ҳолда кутиб туришар (Ҳурмат эътиборни қаранг)ди. Ўтгандан сўнг юришни давом эттирди. Чап томондан келаётган, етук ёшдаги қизалоқ эса юзида кўзойнак, қулоқда телефон, икки кўзи нақ осмонда…ўнг томондан келаётган отахоннинг олдидан, ҳатто уни туртиб бўлса ҳам шашт ила ўтиб кетди… Агар ҳов, телефонга тармашмай, олд-ортингга қарасанг-чи, деб қолса, у тап тортмай «Бу тараққиёт», дейди. Афсус, уларнинг наздида жамият, мода тараққий этиб, одоб-ахлоқ, заковат, энг муҳими, миллий ор-номусга қулф солинган.

Иккинчи манзара: Янгам, колхозчи эди. Кечаси тандирда нон пиширар, тонгда туриб, ўчоққа ўт ёқиб, чой қилар, уйдагиларни таъминлаб, даласига шошарди. Табиийки, кечқурунги рўзғор ташвишлари ҳам янгам зиммасида (чунки онамиз кекса эдилар). Бир гал ишдан келсам, янгам йўқ. «Янгам қани» деб онамдан сўрасам, «Янганг туғруқхонага кетди» дейди. Ҳайрон бўлиб «Нимага, кимни кўргали?» десам «Гарангмисан ўзи, бачалагали кетди», дейди. Ахир, кечагина пахтазорда жавлон уриб юрган, унинг устига кенг кўйлак, катта рўмолда, ҳомиласидан нишон сезмаганман-да. Афсуски, мен сезмаган эмас, бизга сездирмаган, уялган… Бугун-чи? Аминман, ҳолатни кўз олдингизга келтириб, бир жилмайдингиз. Кулманг, ҳақиқатдан юз буриб бўлмайди.

Бугун, ё алҳазар, ҳомила уч-тўрт кунлик бўлдими, аёллар қоринларига майдароқ тарвузни бойлаган гўё. Унинг устига, кийим ўлгур танқис, латта-путта «кам» «етишмовчилик…» Кўкракнинг ярми билан йўғон соннинг ҳаччаликкача зўрға етадиган кийим. Энди ҳомила ҳақида ўзингиз тасаввур қилаверинг. Ҳаёни занжирбанд этдик. Назокат, латофат, малоҳат зиндонбанд бўлди. Қадди-қоматини (ҳатто, ҳомиласини ҳам) кўз-кўз қилаётган «гўзал»ларга «Уялмайсизми?» деб кўринг. «Тараққиёт», дейди сизга, эскилик сарқитини чаплаб, айблайди, ҳатто, устингиздан кулади…Уларга «тараққиёт» фақат сенинг либосингга, тордан-тор кийиминга келганми, ўша «тараққиёт» даврида сенинг тафаккуринг, ҳаё-ибо, одоб-ахлоқинг, муҳими, буюк бобокалонларимиз, моможонларимиз мисқоллаб, йиллаб тўплаган гўзал, соф ўзбеко налик қайси ўрада эди,деб кўринг-чи?! Бошқа эл-элатларда тараққиёт ўз миллийлиги: тили, урф-одати, кийими, одоб-ахлоқи билан чамбарчас боғлаб олиб борилади. Афсуски, айрим ёшлар тараққиётни, ярим-яланғоч ҳолда, қулоқда наушникми-ей, алламбалоларда деб билади.

Учинчи лавҳа: 3-синфда ўқийдиган набирам (қиз бола) билан Қумқўрғон шаҳри кўчаларидан ўтаётган эдик. Қаршимиздан, тилларанг зарҳал ёқа ва жияк тикилган ўзимизнинг хон атласдан кўйлак-лозим кийган, бошида зардўзи дўппи, сочини қирқта ўрган, устидан мовий ранг ҳарир рўмол ташлаб олган, қошларига қоп-қора ўсма, кўзларига сурма тортган, бирам гўзал бир келинчакка кўзи тушиб, оғзи ланг очилганча шунга қараб қолди. Тўғрига келдик, ўтиб ҳам кетдик…бўйни орқага гаж бўлиб, ҳамон кузатмоқда. «Ҳа, Зуҳра, нима бўлди?» десам, нима дейди денг. Бобо сиз ўтган йил олиб берган қўғирчоқнинг ўзи экан, бунча чиройли, дейди. Ҳа, мен қаерда миллий қўғирчоқларни кўрсам, набираларимга олиб бораман… Мен олдинги миллий ўзбек қизларини соғинаман ва шу миллий кийимдаги қўғирчоқлардан-да таскин топаман… Алалхусус, жонсиз қўғирчоқлардагина қолган ғоятда гўзал, ер юзида фақатгина ўзбек қиз-жувонларигагина жозиба берадиган хон атласу зардўзи дўппиларни бошқа қаердан ҳам топиш мумкин. Набирам жажжи тафаккур доирасида шарҳлай олмаса ҳам, ҳаётга тўғри баҳо бериб қўйган эди.

Азиз газетхон, муҳтарам воҳадошлар, ҳадиси шарифда шундай ибора бор, «Ўзини танимаган (билмаган) Аллоҳни танимайди.” Аллоҳни танимаганнинг қурт-қумурсқадан фарқи йўқ. Барча жонзотга берилган тўрт жараён: туғилади, еб-ичади, урчийди, ўлади. Аммо инсонда тафаккур деган олий инъомборки, Навоий бобомиз шуни таъкидлаган. Тафаккурни ишга сол, ўзингни топ, Худойингни танийсан.

Буюк аждодларимиздан қолган гўзал миллий анъаналаримиз, урф-одат, одоб-ахлоқ, миллий ғуруримизни оёқ ости қилишга ҳеч биримизнинг ҳақимиз йўқ. Биз бугун ўзлигимиздан чалғидик. Биз бугун улуғ Навоий, Бобур, Амир Темурлардек буюк аждодларимизнинг бутун дунё аҳлига кўз-кўз қилган миллий ғуруримизни янада ривожлантириш ўрнига, унга ҳурматсизлик қилиб… қандайдир беўхшов, ярим-яланғочларга тақлид қилиб, ҳақиқий гўзаллигимиздан мосуво бўляпмиз. Улуғ бобокалонларимиз яратиб кетган соф ўзбекона миллий маънавият, миллий кийим, миллий урф-одат, сўзлашув ва муомала, ўзаро меҳр-оқибат ришталарининг илдизи, тамал тоши мустаҳкам, умри боқийдир. Ўзимиз гўзалмиз ва ўзимизга қайтинг, ўзлигимизга, ёшлар. Биз миллий менталитетимиз, миллий ғуруримиз билан яна дунёларни забт этайлик. Аниқроғи, фақат ўз орзу-ҳавасимиз учун эмас, она Ватан учун, халқ учун, унинг шаъни-шуҳрати, номуси, ори учун ёниб яшаш керак. Токи биз бошқаларга эмас, бошқалар бизга эргашсин.

Чори ҳожи МАМАНАЗАРОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий
уюшмаси аъзоси, матбуот фахрийси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan