Бош саҳифа / Жамият / Ўзимиз сабабчи эмасмизми?

Ўзимиз сабабчи эмасмизми?

Табиат билан инсоният ўртасида мураккаб мувозанат мавжуд. Экологик билимлар етишмаслиги оқибатида сув, тупроқ, ҳаво ифлосланиши, ўсимлик ва ҳайвонот оламининг камайиши рўй бермоқда. Экологик мувозанатнинг бузилиши одамлар ҳаётига ҳам хавф туғдирмоқда.

Табиат — бу тирик организмдир. Табиатни муҳофаза қилиш тинчликни сақлашдан кейинги ўринда турадиган долзарб муаммолардан биридир. Атроф муҳитнинг ифлосланиши табиат ва инсон фаолияти билан боғлиқ. Сел, зилзила, кўчки, сув тошқини, кучли шамоллар, ёнғин каби табиий жараёнлар натижасида ифлосланиш содир бўлади. Бу турдаги ифлосланиш бевосита табиий жараёнлар билан боғлиқ, унда инсон иштироки бўлмайди. Инсон фаолияти билан боғлиқ ифлосланишлар антропоген ифлосланиш, деб аталади. Антропоген ифлосланиш табиат компонентлари бўйича сувнинг ифлосланиши, ҳаво ёки тупроқнинг, шунингдек, ландшафтларнинг ифлосланиши каби гуруҳлардан иборат. Антропоген ифлосланиш давомийлигига кўра, вақтинчалик ва доимий, тарқалиш кўламига кўра, сайёравий (глобал), ҳудудий (регионал) ва маҳаллий (локал) гуруҳларга ажратилади.

Ифлосланиш тури ва манбалари жиҳатидан физик, кимёвий, биологик, механик ва бошқа турларга бўлинади. Масалан, физик ифлосланишнинг ўзи иссиқлик, ёруғлик, шовқин, радиактив, электромагнит ифлосланишга ажралади. Аптропоген ифлосланиш кучайган сари инсон ҳаёти учун ўта хавфли экологик муаммоларни келтириб чиқараётганлиги маълум.

Бугунги кунда сайёрамиз иқлимининг ўзгариши, ўрмонларнинг кесилиши, ҳайвон ва ўсимликларнинг йўқолиши ва бошқа экологик муаммоларга ҳар биримиз, афсуски, билиб ёки билмасдан ўз ҳиссамизни қўшмоқдамиз. Табиий ресурслардан ҳаддан ортиқ фойдаланиш эндиликда инсоннинг ўзига ва унинг соғлом табиий муҳитда яшашига салбий таъсир кўрсатмоқда. XX асрнинг охири ва XXI аср бошларида фан-техника тараққиётининг жадал суръатларда ривожланиши, аҳоли сонининг кескин ошиши табиий захиралардан кенг фойдаланган ҳолда озиқ-овқат, ёнилғи, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотларни янада кўп ишлаб чиқаришни талаб этмоқда. Маълумки, сўнгги 50 йил ичида ер юзи аҳолиси кўпайган, рўйхатга олинган транспорт воситаларининг сони 10 маротаба, электр станциялари қуввати 21 мартага, нефть маҳсулотларидан фойдаланиш 7 маротаба, тошкўмирдан фойдаланиш – 3,6 марта, газ ишлатиш 15 маротаба ортган. Шуни қайд этиш керакки, ер юзида 2 миллиард нафардан зиёд аҳоли тошкўмирдан фойдаланади. Ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 80 фоизи анъанавий углеводород ҳиссасига тўғри келади. Фан ва техника тараққиёти шароитида атмосфера ва сув покиза сақланмаса, тупроқнинг эрозияга учраши ва ифлосланишига чек қўйилмаса, ўсимлик ва ҳайвон турлари камайиб кетишининг олди олинмаса, халқ хўжалиги жуда катта зapap кўради, аҳоли саломатлигига зиён етади.

Оролнинг қуриши, кучли шамол, бўрон орқали кўтарилган туз, чанг-тўзонлар атроф-муҳитни, одамлар соғлигини ёмонлаштирмоқда. Ошқозон раки, сил, қорин тифи, камқонлик, сийдик йўллари ва жигар тоши, қон босими ва бошқа касалликлар кўпаяди. Болалар ва хотин-қизлар ўлими кўпаймоқда. Йилига 90 кунлаб давом этадиган кучли бўрон туфайли 15, 75 миллион тонна тузли қумлар атмосферага кўтарилиб, 300-500 километр масофага ёйилмокда.

Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши киши организмига салбий таъсир этиб, саломатлиги ёмонлашишига сабаб бўлмоқда. Айниқса, олтингугург ва углерод оксиди, углерод сульфид, водород сульфид, фтор бирикмалари, азот оксидлари, ҳар хил саноат чиқиндилари, радиоактив моддалар ва қишлоқ ҳўжалик пестицидлари киши организмида ҳар хил касалликларни вужудга келтиради.

Олтингугурт оксиди ҳавода кўп тўпланса, одамларда бронхит, гастрит ва ўпка касалликларини вужудга келтиради. Углерод оксидининг ҳавода ортиб кетиши туфайли инсон организмида гемоглобин сусаяди, юрак, қон-томир тизимларида бузилишлар содир бўлади, атеросклероз касаллиги ривожланади, бош айланади, оғрийди, юрак тез уриб, уйқу бузилади, киши тажанг бўлиб қолади. Водород сульфид газининг ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши натижасида одамнинг боши оғрийди, қайд қилади, дармонсизланади ва ҳатто ҳид билиш қобилияти заифлашади. Фтор бирикмалари таъсирида эса бурундан қон келади, тумов пайдо бўлади. Азот оксидлари туфайли ўпка касалланади, қон босими пасаяди ва натижада бош айланиб, одам ҳушидан кетади, қайд қилади, нафас бўғилади. Чанг заррачалари киши терисини, хусусан шиллиқ пардаларини зарарлайди, кўз касаллигини тезлаштиради. Бундан ташқари, чанг заррачалари киши организмига ҳаво билан бирга кириб, уларда ҳар хил касалликларнинг вужудга келишини тезлаштиради. Таркибида мишяк (маргимуш), симоб, қўрғошин, асбест ва бошқа моддалар бўлган чангларни ютиш асабни фалаж қилади, бош мия яллиғланишига сабаб бўлади, жигар ва буйракни заифлаштиради, болаларнинг жисмоний ривожланишини кечиктиради. Асбест чанги ўпка касалликларига сабабчи бўлади. Атмосферада чангсимон ҳолда учрайдиган радиоактив моддалар одам организми учун ҳам хавфлидир. Радиоактив моддалар киши асаб фаолияти, ошқозон-ичак йўлари, буйрак усти бези, жинсий безлар, қалқонсимон без фаолиятининг нормал ишлашига таъсир этади, юрак-томир системаси фаолиятини ўзгартириб юборади. Оқибатда киши умрини қисқартиради. Баъзан шаҳарларда шамол эсмаслиги, ифлос ҳавонинг бир неча кун туриб қолиши туфайли ҳар хил чанг ва газлардан иборат бўлган туман вужудга келади. Натижада, организми заиф бўлган кишилар, болалар, қариялар, беморлар бу туманли ифлос ҳавога бардош бера олмай ҳалок бўладилар.

Атмосфера ифлосланиши ўсимликларнинг ва қишлоқ хўжалик экинларининг нормал ўсишига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Саноат марказларидан кўтарилган ҳар хил заҳарли чанг ва газлар яна қайтиб қишлоқ хўжалик экинларига тушади, улар модда алмашинувини бузади. Натижада, экинлар, ўсимликлар касалланиб, кам ҳосил беради ёки қурий бошлайди. Ўзбек олимларининг кузатишларича, карьерларда ўтказилган портлатишлардан вужудга келган чанг ва газлар атрофдаги ўсимликларнинг ўсишини анча сусайтиради. Шунингдек, кон ағдармаларидан шамол ёрдамида тарқатиладиган ва юк ортиш-тушириш, транспортировка қилиш вақтида кўтариладиган чанглар ҳам ўсимликларга ҳалокатли таъсир этади. Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши нафақат инсон саломатлиги, шунингдек, чорва молларининг касалланишига фаол таъсир этади.

Бугунги кунда республикада гўдаклар ўлими ва уларнинг айрим касаллик гуруҳлари, жумладан, нафас олиш, юқумли-паразитар касалликларга чалиниши камайиб бораётган бўлса-да, бироқ улар орасида хавфли ўсма, қон ва қон яратувчи аъзолар тизими билан боғлиқ касаллик кўрсаткичлари бирмунча ортиб бормокда.

Аҳолининг тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланмаганлиги ҳамда дарё, ариқ, қудуқ сувларидан тўғридан-тўғри фойдаланишлари туфайли ҳам болалар орасида юқумли касалликлар, шунингдек, овқат ҳазм қилиш аъзолари хасталиклари кўпаймоқда. Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳолининг ижтимоий ҳимояси ва соғлиғини сақлаш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бунда албатта, экологик аҳволнинг яхшиланиш масаласи муҳимдир.

Ирода РЎЗИЕВА,

Республика атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза

қилиш технологиялари илмий-тадқиқот

институти етакчи илмий ходими

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Улуғ инсон эди…

У пайтлар Ангор тумани маданият бўлими бошлиғи бўлиб ишлар эдим. Ташкилотчилигим, ташаббускорлигимни яхши билган туман …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE