Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Ҳужжатсиз трактор

Ҳужжатсиз трактор

жарқўрғонлик уч фермерни сарсон қилди

Туғруқхонада бола туғилдими, дарҳол туғруқ қайд этилади ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштирилади. Автосалондан машина сотиб олишингизданоқ техник паспорти берилади. Ҳатто, дўкондан велосипед сотиб олсангиз ёки уяли алоқа воситасини харид қилсангиз, албатта, ҳужжати тақдим этилади.

Трактор эса бу катта техника. Далада, йўлда барча юмушларни бажарадиган ва юрадиган тракторнинг ҳужжатсиз бўлиши антиқа воқеа. Келинг, яхшиси бугунги замонда ҳужжатсиз трактор ҳам борлигини ҳаётий воқеалар мисолида сизга ҳикоя қилайлик.

2013 йил 6 мартида АТБ “Халқ банки” Жарқўрғон тумани филиалига Наманган шаҳрида фаолият кўрсатувчи “Холистехсервис-МТП” МЧЖ томонидан “ТТЗ-80-10” русумли трактор ва унинг культивация ишчи органи жўнатилади. Банкдагиларнинг айтишича, аслида бу трактор Н. Мирзақулов раҳбарлигидаги “Сурхонлик Ҳайитмуроджон” фермер хўжалиги номига келади. Анчадан бери “Халқ банки” Жарқўрғон туман филиалида етакчи мутахассис бўлиб ишлаётган Саид Азимовнинг баёнига кўра, бу тракторни деновлик бир ҳайдовчи ярим тиркамали “КамАЗ” русумли автомашинасига юклаб келади ва ортиб келгани учун банкдагилардан 1,5 миллион сўм хизмат ҳақи талаб қилади. Банкдагилар “Сурхонлик Ҳайитмуроджон” фермер хўжалиги раҳбарларини трактор келганлигидан хабардор қилиб, “КамАЗ” ҳайдовчиси талаб қилаётган маблағни бериб, тракторни тушириб олишни айтишганда “Сурхонлик Ҳайитмуроджон” фермер хўжалиги бошлиғи Н. Мирзақулов: “бизга бундай трактор керак эмас, олмаймиз” деб қатъий жавоб беради. Шундан сўнг, ўша пайтда банк бошқарувчиси бўлиб ишлаб турган Комил Маматқулов етакчи мутахассис Саид Азимовга: “Ҳайдовчининг харажатини берадиган бирорта фермерни топингларда, тракторни машинадан тушириб қолинглар” дейди.

Саид кимдан пул сўраса, тайинли жавоб ололмагач, охири укаси, “Азимов Сафар Азимович” фермер хўжалиги етакчиси Эргаш Азимовга мурожаат қилиб, айтилган маблағни ҳайдовчига бериб тракторни “КамАЗ” автомашинасидан тушириб қолдиради. Ва Саид Азимовнинг айтишича, янги “ТТЗ-80-10” русумли трактор ва культивациясини кўрган укаси, фермер Эргаш Азимов “пулим куйган пиёзим” деганларидек, ҳайдовчига бериб юборган пули ҳиссасини чиқариш учунми, тракторни даласида ишлатиб туришни хоҳлаб қолади.

Саид Азимов билан суҳбатлашиш жараёнида бизнинг хулосамиз шу бўлдики, аслида Эргаш Азимов тракторни харид қилмоқчи бўлган ва даласида 20 кунча ишлатган ҳам. Лекин вилоят қишлоқ хўжалик техниклари назорати инспекциясининг Жарқўрғон туманидаги вакили (кўпчилик бу назоратчини Эшонбобо деб аташаркан, исмини ҳеч ким билмасмиш) келиб, ушбу трактор ҳужжатларини расмийлаштириш лозимлигини, акс ҳолда бошқаришга йўл қўймаслигини айтган. Шундан сўнг Эргаш Азимов тракторни расмийлаштиришга уриниб кўрган, аммо имкони йўқлигини сезгач, дарҳол тракторни банкка келтириб топширган.

Ҳамма жойда ҳам бировнинг қалбига тез йўл топадиганлар, битмайдиган ишни битирадиган уддабуронлар топилади. Айтишларича, “Жайронхона Миришкори” СИУ ҳудудида фермерлик қилиб элга танилган “Жамшид Жовлиев” фермер хўжалиги раҳбари Муҳаммади Остонақулов ҳамманинг кўнглига йўл топа оладиган шахс. У ҳам тракторни ишлатади-да, аммо назоратчининг “қаттиққўл”лигини енга олмай, охири ҳужжатсиз тракторни ишлатиб-ишлатиб эътиборсиз бир жойга ташлаб қўяди.

Фермер хўжаликлари орасида ҳозир ҳам трактор излаб юрганлари жуда кўп. Шулардан бири “Сурхон сув ҳосили” фермер хўжалиги раҳбари Жасур Маматмуродовдир. 2015 йил у раҳбарлик қилаётган фермер хўжалигининг экин майдони 83 гектарга етиб борган. Фермер хўжалиги ҳисобида турган битта “Беларусь-80” русумли трактор билан ҳамма юмушга улгуриш қийин бўлаётганди. Фермер имкони бўлса яна битта техника харид қилиш ниятида юрганди. Ўшанда фермер хўжалигига хизмат кўрсатадиган банк — АТБ “Халқ банки” Жарқўрғон туман филиали эди. Жасурнинг тракторга муҳтожлигини билган банкдагилар трактор борлигини унга айтишади. Бу хабардан Жасур Маматмуродов тинчини йўқотади ва тезроқ шу тракторни эгаллаш пайига тушади.

Шу ўринда бир далилга эътиборингизни жалб қилмоқчимиз. Фермер хўжалиги раҳбари Жасур Маматмуродов оддий деҳқон эмас, у Термиз давлат университетининг молия бўлимини тугатган, олий маълумотли мутахассис. Бир сўз билан айтганда, қонун-қоидани тушунган инсон. Шуни ҳисобга олишганми, банкдагилар “ТТЗ-80-10” русумли трактор ва культивациясини 77.400 минг (етмиш етти миллон тўрт юз минг) сўмга баҳолаб 14 фоизли устамаси билан уч йил муддатга, яъни 2015 йил 29 июлдан 2018 йил 28 июлгача тўлаш шарти билан кредит ажратиб, “Сурхон сув соҳили” фермер хўжалиги билан 25-сонли кредит шартномасини имзолайди. Шарт номада “мабодо фермер хўжалиги кредит маблағини узолмаса, ўрнига фермер хўжалиги ҳисобида турган “Беларусь-80” русумли тракторни гаровга қўяди” деган банд ҳам киритилган.

Яна бир гап. “Банкдагилар фермер Жасур Маматмуродовни алдашганми, ёки Жасур Маматмуродов била туриб ўзини чўққа урганми?” деган савол кўндаланг бўлади. Нега шундай деяпмиз?

Мутахассисларнинг фикрича, шартнома тузилган 2015 йилда “ТТЗ-80-10” русумли тракторларнинг нархи аввалги йилларга нисбатан бир мунча ошган ва хусусий трактори борлар бу техникани камида 150 миллион сўм, деб нархлаб туришган. Жасур Маматмуродов эса банкдан бозорга нисбатан анча арзон нархда трактор олаётганидан, бунинг устига банк тракторни фермерга кредит ҳисобига бераётганидан хурсанд бўлиб, шартнома тузган.

Фермер хўжалиги етакчиси Жасурнинг отаси Алишер Маматмуродов Жарқўрғондаги таниқли одамлардан бири. Ўзбекистон Халқ демократик партияси Жарқўрғон туман Кенгаши раиси. Алишер Маматмуродовнинг айтишича, банк- дан кредитга олинган “ТТЗ-80-10” русумли трактор ва культивациясини ўғли Жасур “Оқтепа” СИУ ҳудудидаги фермерлардан бузуқ ҳолда судраб келган ва 5 миллион сўмдан кўпроқ маблағ сарфлаб, уни таъмирлашган. Трактор соз ҳолга келтирилиб, далага чиқарилгандан кейин ўн кун ўтар-ўтмас қишлоқ хўжалик техникалари назорати инспекциясининг тумандаги назоратчиси келиб, фермер хўжалиги етакчиси Жасур Маматмуродовдан трактор ҳужжатларини сўрайди. Тракторнинг эса техник ҳужжатлари йўқлигини назоратчи яхши билган. Охири фермер техникаларининг ҳужжатлари масаласида банкдагиларга мурожаат қилади.

Банкдагилар эса трактор ва унинг культивацияси ҳужжатлари (техпаспорти) ишлаб чиқарилган заводдан келмаганлиги ва келса албатта, етказишлари ҳақида фермерга кафолат хати бериб, унинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиришади. Техника назорати инспекцияси назоратчиси эса қаттиққўллик билан ўз бурчини бажаради ва қайта-қайта фермер хўжалиги даласига бориб, ҳужжатсиз тракторни ишлатмаслик ҳақида огоҳлантиради. Натижада Жасур Маматмуродов банк раҳбарлари номига: “2015 йил 29 июль куни тузилган 77 миллион 400 минг сўмлик 14 фоизли кредит шартномасини бекор қилиш ва гаровга қўйилган “Беларусь-80” тракторини гаровдан чиқариш”ни сўраб билдиришнома киритади. Бундай билдиришнома уч марта ёзилган. Аммо банкдагилар амалий бир чора кўрмаган. Оқибатда банк вакиллари ва фермер хўжалиги ўртасида “2016 йил 16 мартда қабул-топшириш далолатномаси” тузилиб, трактор ва культивацияси соз ҳолда банк ҳовлисига киритиб қўйилади.

Шу билан можаро тугади, деб ўйлашингиз мумкин. Аксинча, банкдагилар фермер хўжалигининг кредитни тўламаётганлиги юзасидан судга мурожаат қилишади ва 2017 йил 10 ноябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди: “Сурхон сув ҳосили” фермер хўжалигининг ҳисобидан АТБ “Халқ банки” Жарқўр- ғон туман филиали фойдасига кредитнинг асосий қарзи ва фоизи, жами 95 миллион 458 минг 363 сўм ундириш тўғрисида” ҳал қилув қарорини чиқаради.

Хулоса шуки, ҳар бир шартнома расмийлаштирилаётганда ҳамма ҳужжатлар асосли бўлгандагина имзоланиши лозим. Акс ҳолда юқоридагига ўхшаш ҳолатлар, асаббузарликлар давом этаверади.

“Сурхон сув ҳосили” фермер хўжалиги раҳбарининг хатоси шуки, банк ка билдиришнома топширганда ва “Тракторни қабул-топшириш далолатномаси”ни тузаётганда фақат 77 миллион 400 минг сўмга тузилган 25-сонли шартномани бекор қилишингизни сўрайман, деб ёзгану, “Трактор ва культиваторни олиб, фалон муддатда ишлатдик. Техникаларни ишлатган давримиз учун расмийлаштирилган кредитнинг фалон қисми тўланган, тракторни фалон муддатда банкка элтиб топширдик ва шу кундан эътиборан кредитнинг қолган фалон сўм қисмини зиммамиздан соқит қилишингизни сўрайман”, деган мазмунда билдиришнома тақдим этмаган. Натижада кредит фоизи ўсиб бораверган ва бугунги кунга келиб фермер хўжалиги банкдан 100 миллион сўмдан кўпроқ қарздор бўлиб турибди.

Бундан норози бўлган “Сурхон сув ҳосили” фермер хўжалиги раҳбари “Сурхон тонги” газетасига шикоят хат йўллайди. Айтиш керакки, таҳририят эса икки юридик шахс ўртасида даллол эмас. Шунингдек, фермернинг кредитини ҳал қилиб бера олиш ваколатини зиммасига ололмайди ҳам. Мазкур чигал муаммонинг ечими борасида мутасадди ташкилот вакиллари нима деркин? Ахир, ҳужжатсиз тракторни у фермердан, бу фермерга “пуллаш”, фермерларни ишдан қолдириб овораю сарсон қилиш, асаббузарликларни вужудга келтириш “Халқ банки” дагиларга қанчалик фойдаю завқ бераётган экан?

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мўл ҳосилга замин

Денов туманида агросаноат мажмуи ва уруғчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE