Бош саҳифа / Сиёсат / Ҳужжатлар инжиқ бўлади

Ҳужжатлар инжиқ бўлади

Икки карра икки неча бўлади?  Етти, тўққиз ҳам чиқиши мумкин. Жонингиз омон бўлсин, топдингиз! Буни ким қандай ҳисоблашига боғлиқ. Шикоят хатини ўрганиш, тегишли масъуллар билан учрашиш жараёнида шундай хулосага келдик. Кимдир ўтган, кимдир кечаги, кимдир келгуси кун нуқтаи назаридан масалага муносабат билдирди. Яхшиси, ҳужжат ва далилларнинг ўзи “гапиргани” маъқул, деб ўйладик.

“Туркистон ФУ бошқаруви раиси ўртоқ И. Азизовга. Хўжалик биолабораторияси мудири Г. Юлдашева томонидан ариза.

Ёзишдан мақсадим хўжалик клуби атрофидаги арчалар оралиғидан фойдаланиш учун 16 сотих ер майдони ажратиб беришингизни сўрайман.  1997 йил июнь”.

“Халқобод” қишлоқ фуқаролар йиғинининг қарори. № 381.

1997 йил 26 июнь, “Халқобод” ҚФЙ

Фуқароларга томорқа ер участкаси ажратиш тўғрисида қарор қилади.

  1. “Халқобод” қўрғони “Авжун” маҳалласида яшовчи фуқаро Юлдашева Гулсара ўзи фойдаланиб келаётган 0,15 га. ер томорқа ер участкаси қилиб берилсин.
  2. Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш “Туркистон” жамоа хўжалиги ер тузувчиси А. Омонтурдиевга юклатилсин.

“Халқобод” ҚФЙ раиси А. Одинаев. Имзо, муҳр”.

… Шу билан бир оиланинг муаммоси ҳал бўлди. Берилган томорқага аввалига экин экиб, сўнгроқ 200 туп анор   ва бошқа мевали дарахтлар ўтказиб, обод қилишади. Эр-хотин болалари билан ўзини қўярга жой тополмасди. Келгусида Шоназар Холиёров тўрт ўғилдан бирига шу томорқанинг бир чеккасидан уй қуриб бериш ниятида эди. 22 йилдан сўнг бу томорқадан мосуво бўламан, деб етти ухлаб тушига ҳам кирмаган эди.

… Жорий йил бошида эса ўша “хўжалик клуби” орқасидаги харобабоғ ҳудудида  замонавий уй-жой қурилиши бошланди. Томорқаси ўрнида  янги қурилиш бўлишини огоҳлантиришганда Шоназар Холиёровнинг пайтавасига қурт тушди. Бахтига вилоят ҳокимлигининг 3-жамоатчилик гуруҳи ора киргандай бўлди. “Сизнинг томорқангиз ўзингизга қолдирилади”, дейишди туман ҳокимидан тортиб, жамоатчилик назорати гуруҳи аъзоларигача. Бир ой ўтар-ўтмас томорқа текисланиб, пойдевор ишлари бошлаб юборилди. Чўкаётган хасга ёпишибди, дегандек Шоназар Холиёров тегишли жойларга кетма-кет шикоят ёза бошлади. Шу жумладан, 3-жамоатчилик назорати гуруҳи ва “Сурхон тонги” таҳририятига ҳам.

“Ушбуни ёзишдан мақсад, оилам номига 1997 йил 26 июндаги ҚФЙнинг 381-сонли  қарори билан олинган 0,15 сотих томорқамни сизларнинг 2 февраль 2018 йилдаги аралашувингиз билан ўзимга қолдирилгандай эди. Мен ўша куни вилоят телевидениеси ходимларига интервью бердим. Менинг миннатдорчилигим бутун воҳа бўйлаб эълон қилинди.

Ўша лаҳзада туман ҳокими ҳам иштирок этиб, ваъда берган эди. Томорқамда янги уй-жой қурилмайдиган бўлганди.

… Менга туман ҳокимининг қарори билан қўшни “Йўлчи” маҳалласидаги ташландиқ ердан 15 сотих ажратишган бўлишди. Лекин ўлчаб бергани йўқ. Мен бориб кўрдим, катта жарлик ҳолатидаги ерни олишни рад этдим. Кейинги ҳафта менинг томорқамда қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Эшитишимча, участка нозирига уй қуришаётган экан. Ваҳоланки, мендан кейинги 20 сотих ер ҳеч қандай эгасиз ётибди. Сизлардан илтимос яна бир марта менга амалий ёрдам берсангиз. Шундайга ҳам тўрт хўжалик 15 та жон бир уйда қийналиб яшаб келаяпмиз” Ш. Холиёров. 15.05. 2018 йил”.

Энди вилоят ҳокимлиги жамоатчилик гуруҳи аъзоси О. Соатовнинг бу масала борасидаги ўрганишлари натижаси билан танишинг.

“Музработ туман ”Нурли ҳаёт” маҳалласи фуқароларининг мурожаатларини ўрганиш бўйича.

02.02.2018 йилда аниқланган еттита масаладан олтитаси ҳал этилмаган.

1997 йил 26 июндаги “Халқобод” ҚФЙнинг 381-сонли қарори билан (туман давлат архивининг жорий йил 15 январь 02-1/60-сонли хатига илова  ҳолда)  0,15 га ер ажратиб берилган.

Холиёров Шоназар оиласида 4 нафар ўғли, 5 оила, 15 жон яшаётганлиги, томор- қасида янги уйлар қурилиб бошланганлиги ва унинг томор қа ажратиб бериш ҳақидаги талаби ҳал этилмаган.”

Х Х Х

“Музработ туман ҳокимининг қарори.

Туманнинг “Нурли ҳаёт” маҳалласи ҳудудидан 2018 йилда қуриладиган арзон уй-жойлар қурилиши муносабати билан фуқаро  Юлдашева Гулсарага “Йўлчи” маҳалласидан 0,15 га ер участ- каси ажратиш тўғрисида.

  1. Туман ҳокимлиги қошидаги “Ер танлаш ва ажратиш” комиссиясининг 2018 йил 17 февралдаги далолатномаси маълумот учун қабул қилинсин.
  2. Туманнинг “Нурли ҳаёт” маҳалласи ҳудудидан 2018 йилда қуриладиган арзон уй-жойлар қурилиши муносабати билан фуқаро Юлдашева Гулсарага тегишли бўлган 0,15 га ер участкаси ўрнига “Йўлчи” маҳалласидан 0,15 га ер участкаси ажратилсин.
  3. Туман архитектура ва қурилиш бўлими (С. Исломов) ва туман “Ер русурслари ва давлат кадастри” бўлими (С. Давлатов)га ер майдони чегарасини жойида кўрсатиш ва тегишли ҳужжатларни қонун доирасида расмийлаштириб бериш вазифаси юклатилсин.
  4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари А. Йўлдошев зиммасига юклатилсин.

Туман ҳокими в.в.б:         Қ. КАРИМОВ.

2018 йил 17 февраль, 496-сонли қарор”.

Биз  маҳаллада  бўлиб  Ш. Холиёровнинг қўшнилари билан учрашдик. “Нурли ҳаёт” МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш бўлими мутахассиси Айгул Алибоева бу муаммога шундай муносабат билдирди: “Ҳақиқатдан ҳам бир хонадонда 5 та оила истиқомат қилади. 15 нафар инсоннинг бир хонадонда яшашини ўйлаб кўринг. Бир неча йиллардан буён фойдаланиб келаётган томорқасини тортиб олишди.

Туман ҳокимлигидан келган масъуллар “юқоридан топшириқ шундай бўлган”, дейишдан нарига ўтиша олмади. Ахир бу ерни бу оила қонуний қарор чиқартириб олган. У киши бир неча йиллар ер солиғи тўлаб келган. Ҳокимиятдаги масъул раҳбарлар тақдим этилган ҳужжатларни тан олмай “шантаж” қилаяпти”, деган гапларига ўзим гувоҳман. Иложи бўлса, бу оилага амалий ёрдам бериш лозим, деб ўйлайман”.

Биз туман ҳокимлиги, туман қурилиш бўлими ва бир қатор тегишли идораларга учрашдик. Юқорида айтганимиздек, ҳар бир идора вакили муаммога ўзича ёндашганига гувоҳ бўлдик. Аслида бу жо- йида, ўша куннинг ўзида ҳал этиладиган, матбуотга олиб чиқишга ҳожати бўлмаган муаммо эди. Баъзида масъулиятсизлик оқибатида билиб-билмай пашшадан фил ясаётганлигимизни унутиб қўямиз.

Хулоса шуки,

шикоятчига туман ҳокими қарори билан ҳар қалай 15 сотих ер ажратиб берилган. Аслида муаммонинг ечими ҳам шу. Ш.Холиёров борига барака, деб бунга кўниши керак эди. Музработ туман ҳокимлигидаги мутасаддилар, маҳалладаги оқсоқоллар юқоридаги ҳужжат ва далиллардан келиб чиқиб, масалани жойида ҳал қилишлари лозим эди. Доимо шикоят учун қоғоз, қалам топилаверади. Ҳужжат ва далиллар қайсарлигича ўзгармай қолаверади…

 

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Имтиёз ва имконият

Сўнгги йилларда чегарадош давлатлар билан қўшничилик муносабатларини яхшилаш мақсадида, мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш, экспорт …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan