Бош саҳифа / Жамият / Ўзгаришлардан хабардормисиз?

Ўзгаришлардан хабардормисиз?

Ижтимоий ҳимоя тизимига оид ҳуқуқий асосларнинг такомиллашаётгани соҳага давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар салмоғи ва самарадор-лигининг ортишига хизмат қилмоқда. Бундан кўзланган пировард мақсад эса фуқаролар манфаатларини   ҳимоя қилишдан иборатдир.

Хўш, бугун ижтимоий таъминотда қандай ўзгаришлар юз берди? Ана шу саволга жавоб топиш учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бошлиғи Худойберди Нормаматов билан суҳбатлашдик.

— Аввало, суҳбатни Президентимизнинг   2017 йил 20 ноябрдаги 5245-сонли фармони ижросидан бошласак.

— Сиз айтган “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги фармонга кўра, ўтган йил 1 декабрдан бошлаб, республикамиз ҳудудида энг кам иш ҳақи 172 240 сўм этиб белгиланди. Шундан келиб чиқиб, барча нафақа ва пенсиялар қайта ҳисоблаб чиқилди. Шунга кўра, иш стажи бўлмаган  кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа 206 720 сўм, болаликдан ногиронлиги бор фуқароларники эса 336 880 сўм қилиб белгиланди.

Шунингдек, ёшга доир ва I-, II  гуруҳ ногиронларга “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 7-17 моддаларига мувофиқ пенсия тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган тақдирда, қайта ҳисоблашдаги  пенсия миқдори мавжуд стажга муносиб равишда белгиланади.

— Президентимизнинг “Меҳнат фаолиятини олиб борувчи нафақахўрларнинг алоҳида тоифасига қулайлик яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  2017 йил 28 декабрдаги фармонида кўзда тутилган имтиёз ва янгиликларга ҳам тўхталиб ўтсангиз?

— Республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган пенсионерларни, жумладан, ижодий фаолият билан банд бўлган шахсларни  ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, шунингдек, фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини изчил такомиллаштириб бориш кўзда тутилган.

2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, ишлаши ва фаолият соҳасидан қатъий назар, республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салмоқли ҳисса қўшгани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Халқ…”, “Хизмат кўрсатган … арбоби” ва “Хизмат кўрсатган…” фахрий унвонларига эга пенсионерларга, илм-фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлиги ҳамда улардан фойдаланилаётганлиги учун фақат муаллифлик мукофоти (гонорар) кўринишида даромад олаётган, лекин меҳнат шартномаси асосида меҳнат фаолиятини амалга оширмаётган пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланади. (Илгари гонорар олган  пенсионерлар гонорар олган ойида пенсиясининг 50 фоизини олган).

Яна бир янгилик. Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб, тайинланган пенсия ва нафақалар ҳисобланиши тўғрилигини текшириш натижасида аниқланган ортиқча тўланган пенсия ва нафақаларнинг қолдиқ суммаси — 65 ёшга тўлган ва ундан катта ёшдаги фуқаролардан, шунингдек, 2010 йилгача бўлган даврда тайинланган пенсия ва нафақаларнинг ортиқча тўланган пули қолдиқ суммалари ҳисобдан чиқарилади.

Бундан ташқари, пенсионер Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жам ғармаси туман (шаҳар) бўлимининг ортиқча тўланган пенсия суммасини ушлаб қолиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда, тўланган ортиқча сумма суд тартибида қарздорлик аниқланган вақтдан уч йилдан ошмаган муддатда ундирилади.

— Президентимизнинг 2017 йил 29 декабрдаги “Хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида”ги қарорига кўра берилган имтиёзларга ҳам тўхталсангиз?

— Соғлиқни сақлашнинг хусусий секторини янада ривожлантириш бўйича хусусий тиббиёт ташкилотларининг фаолияти учун қулай шарт-шароит яратиш, улар фаолиятини тартибга солиш ва лицензиялаш тизимини такомиллаштириш, кўрсатилаётган хизматлар ҳажми ва турларини оширишни рағбатлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Шунга кўра, мазкур қарорнинг 6-кичик бандига асосан 2018 йил 1 январдан бошлаб, мулкчилик шаклидан қатъий назар, тиббиёт ташкилотларида ишловчи шифокор-пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланиши белгиланган.

— Чет элларда  ёлланма ҳолда ишлаётган шахсларга пенсия тайинлаш қай йўсинда амалга оширилади?

— Бу савол кўпчиликни қизиқтиради. “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 36 ва 40-моддалари ва Солиқ кодексининг 311-моддасига асосан пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари пенсия тайинлаш ва ҳисоблаш учун олинадиган иш стажи ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартибини белгилайди.

Тегишли низомга кўра, чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахслар суғурта бадалларини якка тартибдаги тадбиркор томонидан тўланадиган миқдорида ихтиёрий равишда тўлайдилар. Улар ҳар уч ойда ёки Ўзбекистон Республикасига келгандан сўнг уч ой ичида бир йўла тўлашлари ҳам мумкин.

Шунингдек, қолган тоифадаги фуқаролар: якка тартибдаги тадбиркор, оилавий тадбиркорлик субъекти, унинг оила аъзолари, шахсий ёрдамчи хўжаликларда қорамол боқиш ва етиштирилган чорвачилик маҳсулотларини сотиш, шунингдек, шахсий ёрдамчи хўжаликларда қишлоқ хўжалик маҳсулотларнинг бошқа турларини (ўсимликшунослик, чорвачилик, балиқчилик маҳсулотлари) етиштириш билан банд бўлган жисмоний шахслар бўйича суғурта бадалларини тўлаш ва ҳисобини юритиш юқоридаги Низомда деҳқон хўжалиги аъзоси учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади. Батафсил маълумотларни олиш учун  пенсия таъминоти ва солиққа оид ҳужжатлар билан танишишни маслаҳат берардим.

Суҳбатни “Сурхон тонги” мухбири
Сафар ОМОН олиб борди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ёмон гумон омад йўлимизни боғлайди

Толҳа ибн Абдурроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саховатли кишиси эди. Бир куни унга …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan