Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / ЎЗГАРАЁТГАН ТУРМУШ

ЎЗГАРАЁТГАН ТУРМУШ

Ўғлининг “Ота, бу йил мактабга боришимга янги сумка олиб берасиз-а” деган гапи Шариф аканинг ўй-фикрини, турмуш тарзини бутунлай ўзгартириб юборди. Ўрнидан турди… Ҳовлига чиқди… Кетмонни қўлга олди… Томорқага оралади…

 Рўзғорнинг тўкинлиги, оиладаги моддий муаммоларнинг ягона ечими бу – томорқа даромади эканини англади… Аксига маҳалладан моддий ёрдам сўраб юришга юзи чидамайдиган одам бўлса..!

 Бу инсон Термиз туманида яшайди. Томорқаси ҳам унча катта эмас — ўн сотих.  Ерни талашиб-тортишиб, ёзув-чизув қилиб олмаган. Укаси отамерос ҳовлининг тенг ярмини бўлиб берган, ўртада девор йўқ…

 …Йўлим тушиб, қишлоқ оралаб бораётсам, одамни ўзига тортадиган файзли томорқалардан бирининг ёнидан чиқиб қолдим. Эгасига газетада ишлашимни айтгандим:  “Менинг нимамни ёзасиз, мана бу фермерни ёзинг” дея  йўлнинг нариги бетидаги буғдойзорни кўрсатди.

Характери терс одам билан гапим қўшилмайди. Бу гапдан сўнг суҳбатдошимни сал жиззакироқ одаммикан деб ўйлагандим, йўқ, аксинча камтар,  кенг феълли, мулоҳазали, оғир-босиқ экан…

 Томорқани ораладик. Етти турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экилган. Пиёзни сотаяпти, картошка рўзғорига. Помидор энди қизариб бошлабди, бодринг узишга тайёр. Қовун-тарвузни пиёзнинг жойига экишни мўлжаллаб турибди. Ҳовлининг тўрт сотих жойда иккита иссиқхона бор: бири кўчма, иккинчиси ғишт девордан.

—Ҳамма маҳсулот ўзингиздан чиқар экан, бозордан ҳам бирор егулик сотиб оласизми? -десам:

—Деярли пулга сотиб олмайман, -деб мени ҳовлининг адоғи томон эргаштирди.

Томорқанинг охиридаги кўчма  иссиқхонанинг орқасида пастқамгина бостирма бор экан. Унда 30 дан ортиқ товуқ боқаяпти. Бостирманинг нариги четида тўрт-бешта қорамол ҳам кўринди.

—Ҳар куни 20-25 та  тухум оламиз,-дейди Шариф ака. —Шундан 15 тасини кўчамизнинг бошидаги дўкончи олиб кетади. Пулини бирдан санаб олмайман. Тўплаб-тўплаб ўсимлик ёғи, гуруч, макаронга ўхшаган озиқ-овқат маҳсулотларига алмаштираман. Сут-қатиқ ва сариёғ ўзимиздан чиқади…

Томорқада бўш жойнинг ўзи йўқ. Шафтолигаям, гилосгаям, атиргулгаям жой бор. Ботаника боғига ўхшайди… Ота-бобонгиз деҳқон ўтганми десам:

—Йўғе, деҳқончиликни ўзим бошладим, -дейди сал хижолат тортгандай бўлиб. —Отам раҳматли колхозда тракторчи эди. Мана шу томорқани “трактор созагич гараж” эди, десам ҳам бўлади. Униси-буниси тракторини ташлаб кетарди, отам тузатиб берарди. Ҳовлимизни темир-терсак босиб ётарди…

Шариф аканинг пешонасидан тер сизди. Уни бўйнига осилиб турган оқ рўмол билан аритди. Сўнгра яна гап бошлади:

 —Ишонасизми, бундан беш-олти йил аввал рўзғор тебратишда салгина қийинчиликларга дуч келдим. Болаларим бирин-кетин мактабга чиқа бошлади. Унча-мунча устачилик қилардим, унинг ҳам баракаси учгандай бўлди. Икки хона, бир дахлиз уйим бор эди. Бир куни уйда ётсам, учинчи синфни тугатаётган ўғлим олдимга келди-да:  “Ота, бу йил мактабга боришимга янги сумка олиб берасиз-а” деб сумкасининг йиртиғини яширди…  Шу бир оғиз гап, ўша ҳолат менга қаттиқ таъсир қилди, ёмон гап эмасу лекин юрак-бағримни тирнади… Биринчи йил кўкат экдим. Унинг пулига қўлбола иссиқхона қурдим. Аста-секин даромадим ҳам яхшиланиб борди. Рўзғорга зарур нарсалар ола бошладим. Сигир сотиб олдим, уй қурдим…

Бу инсон билан гурунглашаверсангиз воқеалар худдики кино тасмасидек кўз олдингиздан бир-бир ўтаверар экан. Сизни эшитишни ҳам, гапни етказиб беришни ҳам яхши билади. Бир йилда қанча даромад олиши ҳақида сўрамадим. Чунки, уй-жойи, рўзғори, туриш-турмуши меҳнати ортидан барака келаётганини кўрсатиб турибди…

Шариф ака ориятли, ғурурли, мард одам эканини пайқадим. Бир сўзли, қатъиятли бўлмаганида  ўғли янги сумка олиб берасизми дейиш  тугул яланг оёқ юрганда ҳам “туки қилт” этмаган бўларди…

Бугун вилоятимизда 396 минг нафар томорқа ер эгалари бўлса, уларнинг орасида ерга ишлов бериш,  даромад олиш, рўзғорини обод қилиш, озми-кўпми қўни-қўшни, маҳалла-кўйга фойдаси тегишда Шариф акадеклари ҳам, ажриқ ўсиб ётган томорқасини маҳалла болаларига “футбол майдони”  қилиб, ўзи ҳам уларга қўшилиб копток  тепаётганлари ҳам бор…

Дунё бўйлаб  барча давлатлар олдида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш биринчи даражадаги муҳим вазифа бўлиб турган бир пайтда томорқалардан самарали фойдаланиш энг долзарб масала эканини англаш фурсати келди.

Бугунги карантин даврида ўқув муассасалари ёпиқ, фарзандларимиз уйда.  Жуда кўп ишхоналар масофавий иш режимига ўтган. Демак, уйда ишчи кучи бор. Вазиятдан унумли фойдаланган ҳолда томорқаларга ишлов бериш, зарур экинлар экиш, маҳсулот етиштиришни кўпайтириш мумкин.   

Воҳамиз иқлим шароитида томорқалардан бир йилда 2-3 марта ҳосил олиш имкони мавжуд. Агар ҳар биримиз шахсий томорқаларимизда  зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирсак, нафақат ўз оиламиз, ички бозоримиз тўкислигини таъминлаймиз, балки вилоятимизнинг экспорт салоҳияти юксалишига ҳам ҳисса қўшган бўламиз.

Ўз мухбиримиз

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

ПАРИҚИШЛОҚЛИК АНГУБИН

Бежизга қариялар умринг узун, ризқинг бутун бўлсин, деб дуо қилишмайди. Яна шу нарса айни ҳақиқатки, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan