Бош саҳифа / Жамият / Ўзбекистонни севаман

Ўзбекистонни севаман

Даниэль Григорян арманистонлик. Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг Business administration факультети 3-босқич талабаси.

— Мана 3 йилдан буён Ўзбекистонда таҳсил олаяпман. Бу ерда инглиз тилида ўқисак-да, ўзбек тилида гаплашаётган курсдошларимга ҳавас қилардим. Ўзбек курсдошларим мени баъзида Даниэл ака деб чақиришса, бир ўқитувчимиз негадир Даниэлжон деб мурожаат қиларди. Ака, Даниэлжондаги жоннинг маъносини билишга жуда қизиқардиму, дўстларимдан сўрашга хижолат бўлганман. Аканинг маъносини тушундиму, жон сўзи қандайдир сеҳр- га эгадек, бу сўзга маънодош топишга, таржима қилишга анча пайт қийналдим. Шу сабаб ҳам ўзбек тилини  мустақил ўрганишга киришдим.

Бу йўлда дўстларимнинг хизмати катта деб биламан. Негаки, улар ўзбек тилида гапираётиб янглишиб қолганимда ҳам, нотўғри талаффуз қилганимда ҳам самимийлик билан она тилларини ўргатишарди. Ҳали ҳам мени Даниэлжон дейишлари хуш ёқади. Баъзида ўзимни таништираётиб айни шундай жон қўшимчасини қўшганимда ўзимни қандайдир кучли ҳис қиламан.  Ҳозирда бир тил ўрганиш учун қанча маблағ ва қанча вақт сарфлашга тўғри келади.

Мен эса меҳмондўст ўзбек халқининг бу қадар бағрикенг- лиги, самимийлиги олдида бош эгаман.

Алексей Туленцев. 1993 йилда туғилган. Миллати рус. UMS компанияси ходими.

— Мен ўзимни ҳеч қачон муҳожирдек эмас, балки шу юртнинг фарзандидек ҳис қилганман. Аслида ҳам шундай. Шу юртда улғайиб,шу ерда таҳсил олдим. Дўстлар орттириб, меҳнат қила бошладим. Қўшниларимиз билан қариндошдек бўлиб кетганмиз. Хонадонларимизга ҳам худди ўзимизнинг уйдек кириб боришимиз, ўзбек халқининг болажонлиги, меҳмондўст ва самимий экани, қўшни аёлларнинг, дўстларимнинг оналарининг мени ҳам ўз фарзандидек кўриб, Алексей ўғлим ё Али ўғлим кел, деб доим ёруғ юз билан кутиб олиб, дастурхонга таклиф қилганларида ўзимни уларнинг яқинидек ҳис қиламан. Менга ўзбек халқининг урф-одатлари, удумлари жуда ёқади. Ота-онам ўзбек тилида гапиришга бироз қийналишса-да, аммо тушунишади. Мен эса бу тилда ўз она тилимдек гапиришга ҳаракат қиламан. Болалигимда кўча чангитиб ўйнаётган болаларнинг шовқин-суронлари, бақир-чақирлари, мени ҳам ўйинларига қўшиб, тилларини тушунмасамда, иноқлик билан баҳамжиҳат ўйнаган кезларида ўзбекча сўзларни ўргана бошлаган эдим. Улар ўртоқ, ошна деб чақирганида юрагимда қандайдир илиқлик пайдо бўлган бўлса, мактаб давримиздаги ўзбек тили фани ўтилганда сўз мулкининг султони А. Навоийнинг барча учун машҳур бўлган,

Одами эрсанг
           демагил одами,
Ониким йўқ эл
             ғамидин ғами,

каби  ҳикматли сўзлари мени ўзига ром этган эди. Бу сўзлар маъносини ўрганар эканман, бир неча аср олдин айтилган фикрлар ҳали ҳамон ўз залворини йўқотмагани ҳақида ўйлардим. Ҳақиқий инсон халқ ғами билан яшайди. Бу фикрда айнан ўзбек халқининг характери очиб берилган назаримда.

Бу тил ва бу юрт мени мурғак ёшлигимни, болаларча шўхликларим билан ҳакалак отиб ўйнаётган дамларимни эслатгани учун ҳам қадрли ва севимлидир.

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Битирувчилар МИБда ишлаши мумкинми?

Бу саволга талабалар Термиз давлат университетида Маж-бурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси вакиллари билан ўтказилган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan