Бош саҳифа / Жамият / Ўзбекистонда тиббий ҳуқуқ истиқболлари

Ўзбекистонда тиббий ҳуқуқ истиқболлари

Фан, таълим, ҳуқуқ нуқтаи назаридан тиббий ҳуқуқ соҳаси Ўзбекистонда бой салоҳиятга эга. Инсонларнинг саломатлигини яхшилаш ва ҳимоя қилиш бўйича барча ижтимоий-ҳуқуқий муносабатлар тиббий ҳуқуқнинг предмети ҳисобланади.

Тиббий ҳуқуқнинг субъектларига тиббиёт ходимлари ва мижозлар, умуман олганда, “иссиқ жон иситмасиз бўлмас”, деганларидек барча шахслар киради.

Тиббий ҳуқуқ тармоқ сифатида ХХ асрнинг иккинчи ярмида шакллана бошлаган. Ўша даврда уруш қурбонларига тиббий ёрдам кўрсатишга йўналтирилган нормалар халқаро тиббий ҳуқуқнинг асоси ҳисобланган.

Айни пайтда тиббий ҳуқуқ ҳуқуқнинг мустақил тармоғи сифатида тан олинган ва у фуқароларга тиббий-профилактик ёрдам кўрсатиш ва санитар-эпидемиологик чора-тадбирларни қўллаш сабабли пайдо бўладиган ташкилий, мулкий, шахсий муносабатларни тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар ва нормалар тизимидан иборатдир. Аммо ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар йўқ эмас. Турли давлатларда тиббий ҳуқуқ муаммолари турли даражада ўрганилган. Масалан, тиббий ёрдам кўрсатишда фуқаролар мақомининг маъмурий-ҳуқуқий жиҳатлари, тиббий фаолиятни лицензиялаш, одам аъзо ва тўқималари трасплантацияси, соғ лиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш ва тиббий ҳуқуқнинг бошқа масалалари Россия олимлари томонидан тад қиқ этилган.

Ўзбекистонда тиббий ҳуқуқ тараққиётига М.Абдуллахўжаева, З. Ғиёсов ва А. Искандаровлар катта ҳисса қўшганлар. Бироқ ҳали соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш жараёнида тиббий ёрдам сифатини ошириш, тиббий ходимлар ва тиббий муассасаларнинг моддий таъминотини яхшилаш, тизимга оид ҳуқуқий нормаларни такомиллаштириш, тиббий суғурта тизимини ривожлантириш, тиббий ёрдам кўрсатиш сифатининг ягона стандартларини жорий этиш талаб қилинади. Юқори натижаларга эришиш учун малакали кадрлар зарур бўлади.

Тиббий ҳуқуқ соғлиқни сақлашни ташкил этиш, тиббий суғурта, беморлар ҳуқуқи, тиббий ходимлар ҳуқуқи, алоҳида тиббий ёрдам кўрсатиш, дори-дармон айланмаси, трансплантология масалалари, репродуктив ҳуқуқлар соҳасида муаммоларни тартибга солади. Бироқ ажабланарлиси шундаки, бутун дунёда тиббий ҳуқуқ мустақил фан сифатида асосан юридик олий ўқув юртларида ўқитилгани ҳолда, бизда фақат тиббий таълим муассасаларидагина ўқитилади. Юриспруденция мутахассислигига йўналтирилган олий ўқув юртларимизда ўқитилмайди. Натижада, тиббий ҳуқуқ соҳасида кучли мутахассислар деярли йўқ. Ҳуқуқшунослар эса тиббий ҳуқуқ тўғрисида аниқ тушунчага эга эмас. Шундай экан, тиббий ҳуқуқ фани бўйича ҳам тиббиёт, ҳам юридик олий таълим муассасалари учун халқаро стандартларга мувофиқ ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, дарсликлар чоп этиш ва олий таълим муассасаларида жорий этиш зарур. Натижада, тиббий олий ўқув юртлари талабаларининг ҳуқуқий маданияти оширилади, юридик олий ўқув юртларида янги кадрлар, тиббий ҳуқуққа ихтисослашган мутахассислар пайдо бўлади. Асосийси, мамлакатимизда тиббий ҳуқуқ фани ҳуқуқнинг алоҳида тармоғи сифатида ривожланиб боради. Бу эса аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга кўмаклашади.

Дилдора Шомуродова,
юрист, маслаҳатчи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan