Бош саҳифа / Спорт / Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича ал Ҳаким ат Термизий хотирасига бағишланган анъанавий XIII халқаро турнир иштирокчиларига “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” газеталари бирлашган таҳририяти ТАБРИГИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича ал Ҳаким ат Термизий хотирасига бағишланган анъанавий XIII халқаро турнир иштирокчиларига “Сурхон тонги” ва “Заря Сурхана” газеталари бирлашган таҳририяти ТАБРИГИ

Муҳтарам жаноблар ва хонимлар! Хориждан ташриф буюрган довруқли полвонлар, ҳакамлар ва меҳмонлар!

Аввало жаннатмакон ўзбек диёрига, Сурхон воҳасига, халқаро спорт байрамига хуш келибсизлар! Сурхон воҳаси қадим-қадимдан дунёга донғи кетган олим ва мутафаккирлар, шоир ва бахшилар, чавандоз ва полвонлар макони бўлиб келган. Ўзининг илму маърифати, жаҳон фани ва тараққиётига қўшган ҳиссаси билан тан олинган юздан ортиқ термизийлар бу заминда яшаб ўтганлар. Бугунги авлод ана шундай буюк аждодлари билан ҳақли равишда фахрланишади.

Сурхон воҳасида бирорта эр киши йўқки, кураш тушмаган ёки от чопмаган бўлса. Мардлар шаҳри деб ном олган Термиз тарихини бугун кўпчилик яхши билади. Бежиз бу воҳа Алпомишлар юрти, деб аталмаган.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг раҳнамолигида Наврўз байрами бу йил алоҳида нишонланди. Воҳамизда ўтган бу айёмда 100 мингдан ортиқ киши иштирок этди. Айниқса, кураш ва кўпкари мусобақалари ҳаяжонли кечди. Тинч, осуда ва обод юртга ҳамиша тўйлар ярашади. Яқиндагина бўлиб ўтган “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали матбуот ва телевидение орқали жаҳоннинг кўпгина мамлакатларига намойиш этилди. Ўзбек миллий кураши дунё мамлакатлари ёшларининг энг севимли машғулотига айланиб бораётганлиги ҳам унинг умуминсоний қадриятлар мақомида тан олинаётганлигидан далолатдир.

Азиз меҳмонлар! Қадрли турнир иштирокчилари!

Бугун дунёнинг элликка яқин мамлакатларидан энг сара полвонлар бу турнирга ташриф буюрганлиги бизни ниҳоятда қувонтирмоқда. Дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакатида кураш федерациялари фаолият олиб бормоқда. Шунинг учун ҳам кўплаб давлатлардан энг тажрибали ҳакамлар ташриф буюришганлиги янада қувончлидир. Албатта, ҳеч бир ютуқ ўз-ўзидан келмайди. Бунинг замирида доимий давлат эътибори, яратилаётган шарт-шароитлар ва машаққатли меҳнат ётади. Шу маънода айтганда, мамлакат ёшларини ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш улар ўртасида спортнинг барча турларини ривожлантириш йўлида вилоятимизда йил давомида турли мусобақалар, спорт байрамлари бўлиб ўтишини алоҳида эътироф этмоқчимиз. Бугунги халқаро кураш турнирида воҳамизнинг номдор полвонларидан Абдулла Тангриев, Самижон Убайдуллаев, Бахтиёр Менглиқулов, Абдулла Холиёров, Яҳё Имомов каби ўнлаб спортчилар юрт шарафини муносиб ҳимоя қилади, деган умиддамиз. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу турнирга ташриф буюрган хорижий полвонларга, нуфузли ҳакамларга, ташкилий қўмита аъзоларига ва барча иштирокчиларга халқимиз номидан самимий миннатдорчилик билдирамиз. Мусобақа қатнашчилари бўлган спортчиларга зафар ёр, термизийлар руҳи мададкор бўлишини тилаб қоламиз!

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сурхонликлар ютуғи

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан 2019 йил 12-14 ноябрь кунлари илк маротаба …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan