Ўзбекистон – имкониятлар диёри

0
34

Муҳтарам Президентимиз кечагина имзо чеккан “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги муҳим фармони мамлакат ижтимоий-иқтисодий ва халқаро сиёсатида янги босқични бошлаб берди. Жаҳон ҳамжамияти томонидан ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрлар ҳам буни яққол исботлаб турибди.

Мамлакатда қулай инвестиция муҳитини шакллантириш мақсадида иқтисодиётни либераллаштириш, давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувни чеклаш, лицензия бериш тартибини соддалаштириш ва вилоят, туманларда зарур инфратузилмани яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги бюрократик тўсиқ ва ғовларга барҳам бериб, бу борадаги давлат сиёсати изчиллигини таъминламоқда.

Фармонга кўра, жорий йил 1 августдан бошлаб инвесторлар ва тадбиркорларга мансабдор шахслар томонидан қабул қилинган маъмурий ҳужжат туфайли келиб чиқадиган мулкий зарар ўрни қопланадиган бўлди. Бундан ташқари, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун 2018 йил 1 сентябрдан ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишдан олдин манфаатдор шахс билан очиқ муҳокама ўтказилиб, фойда ва харажатлар тўлиқ баҳолангандан кейин йўл қўйилади. Ёки юридик шахс ва мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қоплангандан сўнг рухсат бериладиган бўлди. Шунингдек, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишда мудофаа, давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, эркин иқтисодий зоналарни ташкил қилиш, фойдали қазилма конларни аниқлаш ва қазиб чиқаришда мавжуд қонунлар доирасида иш кўрилади.

Фармонга кўра, жорий йил 1 октябрдан инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаси 50 йил муддатга, ёки аризада кўрсатилганидан кам бўлмаган муддатда ажратилади. Шунингдек, ижтимоий объектлар, таълим, тиббиёт, йўл инфратузилмаси қуриш учун эгалик ҳуқуқи аукцион орқали берилади. Ҳукумат томонидан белгиланган тартибда туман ва шаҳар ҳокимларига чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналарга қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини 50 йил муддатга бериш, Қорақалпоғис тон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисига, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимларига қонун доирасида 10 миллион АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда хорижий инвесторлар билан шартнома тузиш, умумий ер майдони 2 минг квадратдан ортиқ, лекин 5 минг квадратдан кам бўлмаган фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини сотиш ҳуқуқи берилганлиги инвестиция сиёсатининг ривожи ва нуфузини ошириб юборди. Шунингдек, чет эллик юридик шахснинг корхона иштирокчиси сифатида қатнашиши шартлиги талабини бекор қилиш, устав фондини камайтириш, бундай корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш учун бож миқдорини 3 бараварга қисқартириш белгилаб қўйилди. Шунингдек, божхона тартиб-қоидаларига ҳам бир қатор ўзгартиришлар киритилди.

Яна бир муҳим жиҳат, инвестиция киритган фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга кўп марталик уч йиллик виза олиш ва унинг амал қилиш муддатини чекланмаган миқдорда узайтириш ҳуқуқи берилди. Катта миқдорда инвестиция киритган хориж фуқароларига “Фахрий фуқаро” мақомини бериш тартиби жорий этилди. Келгуси йил 1 январга қадар инвестиция фаолияти тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш топширилди. Мазкур фармонда чет эл инвесторлари учун халқаро талаблар асосида қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилиш борасида ҳам бир қатор чора-тадбирлар белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, бу ҳужжат юртимиз иқтисодиётининг барқарор ва бардавомлигига, мамлакат ҳамда миллат келажаги равнақига хизмат қилади. Бу нарсани тадбиркорлар, инвесторлар анча йиллардан буён кутаётганлиги сабабли улар учун айни муддао бўлди. Бу фармон жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз халқаро сиёсатининг янада ишончли ва мустаҳкамлигини таъминлашда асосий манба бўлиб қолишига шак-шубҳа йўқдир.

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги” мухбири

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг