Ўзбекистон аёли саксонда ҳам китоб ўқийди

0
51

Саксон уч ёшли Ҳайитгул Элмуродова Термиз туманидаги “Солиобод” маҳалласида, 6-умумтаълим мактаби ёнидаги кўчада яшайди. Момо гарчи ҳассага суяниб қолган бўлса ҳам ҳали эпчил, бардам. Зуваласи пишиқ бу аёл ёшликдан меҳнат қилиб улғайган.

Шунинг учун ҳам тетик. Айниқса, кўзлари равшан, узоқдан бўлса ҳам болалари, невараларини кўради, уйининг ёнгинасидаги кўчадан ўтган-кетганни аниқ-тиниқ танийди, суҳбатлашади. Қачон шу кўчадан ўтсам момонинг китоб варақлаб турганига шоҳид бўламан. Ўриндиқда ўтириб олиб китоб ўқийди, газета варақлайди.

Момо ёшликдан китоб ўқишга қизиққан. Қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек китобхон онадан ўрнак олган олти нафар фарзанд ҳам илмга, китоб ўқишга қизиқиб улғайди ва ҳаммаси раҳматли оталари Пайғам Бўроновдек билимдон ўқитувчи бўлиб етишишди. Бош фарзанди Хушбоқ Пайғамов Термиз давлат педагогика институтининг ўзбек филологияси факультетини битиргач, анча вақт қишлоқ мактабларида меҳнаткашларнинг фарзандларига сабоқ берди. Момонинг қизларидан тўнғичи Муҳаббат Бўронова 6-умумтаълим мактабида 40 йил ишлаган бўлса, 30 йилида она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси бўлди, охирги 10 йил шу мактабда директорлик қилди. Момонинг қолган фарзандлари Маъруф, Дилбар (марҳум), Розия ва Зиёдуллалар ҳам ўқитувчиликни танлаб, меҳнаткашларнинг фарзандларини ўқитишга ўзларидаги билим, тажрибани бағишлашди.

— Етмишинчи йиллар биз ёш эканмиз, ўшанда ҳали қишлоқлар тўлиқ электрлаштирилмаган эканда, онамиз кун бўйи далада меҳнат қилиб келиб, тандир-тандир нон ёпар, уст-бошимизни ювар, мазали таомларни еб бўлгач, кечга пилта чироқни ёқиб, фонар ёруғида бизга қизиқарли ҳикоя ва эртак китобларни ўқиб берганини кечагидек эслайман, — дейди момонинг қизи Муҳаббат Пайғамова узоқ ўтмишни эслаб. — Онам ўқиб берган китоблар қаҳрамонларининг ҳолати, кечмиши, бошдан кечирганларига ачиниб йиғлардик ва воқеалар қандай тугашини сабрсизлик билан кутардик. Онамиз фақат ўқиб қолмай, ҳар бир асар ҳақида биздан ўз хулосаларимизни айтиб беришни қаттиққўллик билан талаб қиларди. Онамизнинг талабчанлиги туфайли ҳаммамиз олий маълумотли мутахассис, касб-корли бўлдик…

Айни пайтда момо катта қизи Муҳаббат билан бирга яшайди.

Муҳаббат опанинг айтишича, талабалик ва директорлик даврида тўплаган китоблари мингтадан ошиқ. Шу китобларнинг ҳаммасини момо ўқиб чиққан. Яна ҳар ҳафта “Даракчи”, “Ҳордиқ” газеталарининг янги сонларини момо учун харид қилишади, 6-мактаб кутубхонасидан китоблар келтириб беришади. Момо эса ўқиган китоблари ҳақида невараларини тўплаб ҳикоя қилади. Момонинг китобхонлиги невараларига ҳам юққан. Шундан бўлса керак фарзандларининг фарзанди, яъни невараларидан бир нечаси олийгоҳларни битиришди ва ҳозир ҳам икки-уч нафари олийгоҳларда таҳсил олишмоқда.

— Саксон уч ёшга кирдим, қишлоқда, ён-атрофда тенгдошларим қолмаган, гурунглашадиган бўйинсаларим йўқ. Шунинг учун китоб ўқийман, китобларни яхши маслаҳатчим, дўстларимдек қадрлайман ва невараларни ҳам ҳар сония бўш вақти бўлдими, китоб ўқишга даъват этиб келаяпман, — дейди Ҳайитгул момо. Чунки китоб ўқиган боладан ёмонлик чиқмайди, ақлли, одобли, ватан корига ярайдиган кишилар бўлиб камолга етишишади. Албатта, китоб ўқиш учун инсоннинг кўзи равшан бўлмоғи даркор. Ким билади, ёшликда ота-онамиз илигимизни тўқ қилиб ўстирган эканми, ҳозир ҳам ҳар қандай ҳарфни кўзойнаксиз, тиниқ-равшан кўраман ва ўқийман. Айрим китобларни баъзида икки-уч кунда ўқиб тугатаман…

Қисқаси, момо билан суҳбатлашсангиз зерикмайсиз, гурунгларидан кўп нарсани ўрганасиз. Вақтини беҳуда ўтказадиган, қўлига китоб олса ухлаб қоладиган, соатлаб телефон ўйнайдиган, баъзида беҳуда гапларни гурунг қилиб қимматли умрини зое ўтказаётган ёшлар момодан ҳар қанча ибрат олишса, ўрганишса арзийди.

Санобар ХАННАЕВА,
ўқитувчи

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг