Бош саҳифа / Жамият / Ўзбекча сўзлайдиган корейс қизи

Ўзбекча сўзлайдиган корейс қизи

Яқинда кореялик қиз билан танишдим. Унинг исми Ҳе Вон Лии, ўзимизнинг тилга ўгирганда Иноят экан. Дастлаб, унинг ўзбек тилида “Ассалому алейкум” дея саломлашиши эътиборимни тортди. Кейин Иноятнинг ўзбек тилида бийрон сўзлашини кўриб, унга бўлган ҳурматим ва ҳайратим янада ошди.  

Суҳбат жараёнида билдимки, у Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетида таҳсил олар экан. Ўзбекистонга олти ой аввал келган экан. Унинг гапларини эшитиб, ич-ичимдан хурсанд бўлдим. Юрагимда фахр туйдим. Бир корейс қизининг менинг она тилимга бўлган иштиёқи, ҳурматини кўриб беҳад севиндим.

Ундан қаерларга борганини сўрадим. У эса “Фақат Хоразм ва Қашқадарёдан ташқари барча вилоятларга бордик. Самарқанд, Бухоро, Термиз,  Андижон, Наманганга бордик, оилаларга  кирдик, тўйга бордик. Шу ерда танишган дўстимизнинг тўйига. У ерда ош ҳам едик”, деб жавоб берди.  Ва яна қўшиб қўйди “Бу ернинг таомлари мазали экан. Мен ҳатто Жиззах сомсасини ҳам едим. У жуда ширин”.

Яна у кўчада, автобусда юрганида одамлар уни ўзбек деб ўйлаб, ўзбекча гапиришганда жуда хурсанд бўлишини,  ўзбекча исми унга жуда ёқиши, катталарга ҳурмат, изланувчанлик, меҳмон- дўстлик хусусиятлари билан корейс  ва ўзбек халқларининг бир-бирига ўхшаб кетиши ҳақида гапириб берди. Иноят шартнома асосида 10 ойга бу ерга келган, ҳозир университетда ўзбек тили йўналишида ўқийди.

Бу дастурда Термиз давлат университетига саёҳат уюштириш белгилангани учун у билан кўришдик. Биз ҳали ҳам у билан телефон орқали хат ёзишамиз. Энг қизиғи, унинг ёзган ҳар бир “sms” хати ўзбек тилида, хатоларсиз, ҳатто қисқартмаларсиз ёзилади. Тўғрироғи, Иноят адабий тил қоидаларига қатъий амал қилади.

Демак, бундан хулоса чиқаришимиз ва ҳар биримиз ўз она тилимизда тўғри ва равон сўзлашишимиз, унга нисбатан ҳурмат билан қарашимиз лозим. Зеро, инсоннинг ўз она тилига бўлган муҳаббати унинг Ватанга бўлган муҳаббатини ҳам ифодалайди.

Соҳибжамол КАТАЕВА,
ЎзДЖТУ талабаси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan