Бош саҳифа / Жамият / Ўзбек луғатчилиги муаммолари

Ўзбек луғатчилиги муаммолари

“Сўзлар ҳаётидан жуда ажойиб китоб ёзса бўлади-ю, бироқ, афсуски, бунинг учун бутун бошли фан яратилган бўлиши керак” (Оноре Де Балзак).

Жаҳон ва туркий олимлар томонидан бирдай эътироф этиб келинаётган, аксар луғатларнинг салмоқли қисми бизгача етиб келмаган. Фаробий, Беруний, ибн Сино, Кошғарий, Замаҳшарий, Навоий, Мирза Меҳдихон кабиларнинг луғатчилик анъаналари собиқ мустабид тузум даврида унитилди ёки айримлари давр қурбонига айланди.

Ўзбек луғатчилигининг  шаклланиш тарихи ўтган асрнинг 20-йилларига бориб тақалади. Бунда биринчи ўзбек профессори Абдурауф Фитрат, унинг шогирдлари Машриқ Юнусов, Элбек, Исҳоқхон Ибрат, Боту Маҳмудходиев ва бошқаларнинг хизматлари катта, албатта. Тўғри, бу тадқиқотларнинг аксарияти рус тилшунослиги тажриба ва анъаналарига таянган ҳолда яратилган. Бироқ ўша давр янги ўзбек луғатчилиги натижалари дея эътироф этилган бу асарлар тақдири ҳам маълум сабабларга кўра аянчли якун топди, анъаналар давом эттирилмади.

Гап ўзбек луғатчилиги ҳақида борар экан, ҳозирда соҳадаги қарийб юз йиллик тарих ва тажриба объектив-субъектив сабабларга кўра танг аҳволда эканлиги мутахассисларга, шунингдек, кенг зиёлилар аҳлига маълум. Умуман, ўзбек лексикографиясининг кам ишланганлиги, соҳада муаммолар талайлиги, бу эса тилимизнинг бошқа бўлимларини тадқиқ қилишда қийинчиликлар келтириб чиқараётганлиги ҳақида узоқ йиллардан буён таниқли олимларимиз бонг уриб келдилар, холос. Бироқ соҳадаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечими ва истиқболи ҳақида жўяли фикрлар айтилмаган ҳисоб.

Тараққиёт ва ривожланишнинг чўққисида турган қатор аниқ ва табиий фанлар орасида ижтимоий соҳаларнинг ҳам ўрни бор, албатта. Техника, кибернетика, ядро физикаси, кимё ва нано технологияларининг ақл бовар қилмас натижалари ижтимоий- гуманитар фанлар ривожига замин яратиб бермоқда ва, аксинча. Масалан, компьютер тилшунослиги соҳасида тиллараро таржимон дастурлари яратилди. Муайян тилда яратилган оғзаки ва ёзма кўринишдаги адабий, бадиий, публицистик, расмий ва сўзлашув услубларидаги насрий, назмий, драматик асарларни, ҳатто ўзаро ёзишмалардан тортиб халқнинг миллий мероси, бойлиги ҳисобланган, аксариятига унитилганлик тамғаси босилган, оғиздан-оғизга кўчиб келаётган дурдоналаримиз – халқ оғзаки ижоди намуналарини битта базага жамловчи ва улар (тўпланган маълумотлар) муайян тилнинг умумий луғат таркиби (УЛТ)ни белгиловчи корпус тилшунослиги соҳасида дастлабки ишлар бошлаб юборилди.

Ҳозирга қадар, юқорида санаб ўтилган аниқ, табиий ва ижтимоий-гуманитар фанлар ўртасига сунъий равишда “хитой девори” қўйиб келдикки, бу, умуман, соҳадаги муаммолар ечими билан боғлиқ зиддиятларни келтириб чиқараверди; ундаги муаммолар алоҳида-алоҳида “ечим” топаверди, унга ёндошув бир томонлама бўлиб қолаверди. Орада илмий бўшлиқ (лакуна)лар пайдо бўлди. Фанлар ўзига хос хусусиятларга эга бўлгани билан бирга, уларни бирлаштирувчи умумий жиҳатлар ҳам борлиги назардан четда қолиб кетаверди. Масалан, тилшуносликни физика, физиология, биология, математика (нутқ товушларининг физик ёки физиологик томони, сўзларнинг морфологик тизими, математик тилшунослик ёки компьютер тилшунослиги каби)дан; фалсафани аниқ ва табиий фанлар (фалсафа барча фанлар учун методологик асос вазифасини ўташи)дан ёки психологияни бошқа соҳалар (психолингвистика, психоаналитика каби)дан ҳоли тасаввур этиб бўлмайди-ку!?

Мазкур муаммолар ва уларнинг ечимига томон йўл битта: бу ҳам бўлса, аввало, ўз Она тилимизни мукаммал ўрганиш, сўнгра, у орқали ўзга тилларни эгаллашга киришиш керак. Таниқли инглиз ёзувчиси Бернард Шоу таъкидлаганидек, “Ўз тилини билмаган одам бошқа тилни ўрганолмайди”.

Ўзбек тилшунос олимларининг назарий билимларига, аждодларимиз анъаналарига, соҳа мутахассислари ва жамоатчиликнинг зиёли қатламига, қолаверса, ривожланган тиллар тажрибаларига таяниш керак бўлади. Шу ўринда эътиборингизни баъзи далилларга қаратмоқчимиз: инглиз тили умумий луғат таркиби бир миллион сўз ва сўз бирикмаларидан ортиқ, ёки “…немис олимларининг маълумотича, биргина касалликлар номи 30 минг, дори-дармонлар номи эса 60 мингдан ошиб кетган. Шу тариқа ҳозирги кунда немис тилида 2,5 – 3 миллион сўз ва иборалар мавжудлиги гапирилмоқда”, деб ёзади профессор М.Умархўжаев “Замонавий терминографиянинг долзарб масалалари” китобида.

Рус ва бошқа жаҳон тиллари ҳақида ҳам шу каби фикрларни билдириш мумкин. Бироқ араб, форс, шунингдек, ўзбек ва бошқа қардош-ноқардош тиллар ҳақида ҳам аниқ хулосаларга кела оламизми? Бизда бу кўрсаткич анчайин паст эканлиги кишини ўйлантириб қўяди. Аслида-чи? Аслида ундай эмас, албатта.

Келтирилган далиллар, уларнинг асослилигини исботлаш ва таҳлил қилишдан кўра она тилимизнинг мавжуд имкониятлари, очилмаган захираларини кашф этиб, уларни рўёбга чиқариш, ва, ниҳоят, истиқбол режалар тузиш тўғрисида бош қотирмоқ даркор. Бунда тилимизда мавжуд адабий ва ноадабий тил воситалари, чунончи, варваризм, вульгаризм, профессионализм (касб-ҳунар лексикаси), диалектизм, жаргон, арго, шунингдек, ментал дунёқарашимиз акс этган олқиш ва қарғишлар, мақол, матал, топишмоқ, тез айтиш, ялла, ёр-ёр, афоризм, ҳикматли сўзлар каби халқимизнинг унутилиш арафасида турган, аксарияти кекса авлод тилидагина сақланиб қолган минг-минглаб номоддий меросимизни луғатлаштириш лозимки, бу сира кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифаларимиздандир.

Таъкидланганларнинг амалга ошуви пировардида топоним (жой номлари), гидроним (сув номлари), зооним (ҳайвон номлари), астроним (самовий жисм номлари), этноним (уруғ номлари), бионим (ўсимлик номлари), одоним (кўча номлари), урбоним (шаҳар номлари), ойконим (тоғ номлари), ореоним (қуш номлари), анемоним (табиат ҳодисалари номлари), антропоним (одам номлари), некроним (қабристон, мозор, мақбара, мавзолей номлари), теоним (илоҳий шахс ва объект номлари)лар тадқиқ қилиниши ва кўпминг сўзли луғатлар яратилиши имкони туғилади.

Хулоса ўрнида кенгқамровли ва долзарб масаланинг ечимини бир-икки мақола доирасида ҳал қилиб бўлмаслигини, бунинг учун миллий сафарбарлик лозимлигини уқтириш билан бирга, лексикографиямизнинг тубдан ислоҳ қилиниши ва янгича нуқтаи назар билан ишланиши тилимизнинг бош- қа соҳаларининг такомиллашишига ҳам олиб келишини таъкидламоқчимиз.

Анвар ОМОНТУРДИЕВ,
филология фанлари доктори, ТерДУ профессори

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan