Ўзбек-Хитой экспедицияси Бойсунда

0
75

Марказий Осиё, ҳозирги Ўзбекистон замини ва Хитой ўртасидаги алоқалар тарихи жуда қадимга бориб тақалади. Иккинчи ўзбек-хитой халқаро экспедицияси эса ҳамкорликнинг ижтимоий манзарасини ўзида ифода этмоқда.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг Яҳё Ғуломов номидаги ахеология институти ва Хитойнинг шимолий-ғарбий университети ҳамда Сиань шаҳрида жойлашган Буюк ипак йўли маданий меросини тадқиқ этувчи маркази томонидан 2016 йилдан буён Бойсун туманининг Работ қишлоғида катта ҳажмдаги қазишма ишлари олиб борилмоқда. Бойсунсойнинг ўнг қирғоғида жойлашган Работ қишлоғи тарихчиларнинг фикрига кўра, замонавий Бойсуннинг энг қадимий марказларидан бири саналади. Бевосита аҳоли манзилгоҳи бўлган қишлоқда иккита қадимий қалъалар мавжуд бўлиб, улар эллин даврига оид бўлган Қўрғонзол (Қўрғонзов) ҳамда Пойқўрғондир. Мазкур қўрғонлар эрамизнинг 3 аср бошларида бошқа бир ном Туманқўр- ғон асосида ривожлангани маълум. Пойқўрғон қалъасидан 1 километр жанубда “Работ-1” қадимий қабристони жойлашган. Экспедиция олимлари ушбу қабристондан 52 та қабрларни очиб ўрганди. Бу қабрлар қадимги Хитойнинг Юэжилар қадами етган энг сўнгги манзилларидан бири эканлиги ўз тасдиғини топмоқда.

Хитойлик олимлар мана 18 йилдирки, ер юзи бўйлаб қадим аждодлари Юэжиларнинг излари бўйлаб тадқиқотлар олиб бормоқда. Ўзбекистонда биринчи археологик қазишмалар Фарғона водийсининг қадимий Мингтепа ҳудудида олиб борилган. Иккинчи экспедициянинг ташаббускорлари ҳам Ўзбекистон ФА ва Хитойнинг шимолий-ғарбий университети профессори Ванг Цзинь Синьдир. Унинг ишида термизлик археолог Тўхташ Аннаев ва Термиз давлат университетининг талабалари ва магистрлари ҳам фаол иштирок этишмоқда.

Термиз давлат университетида ўтказилган тақдимотда экспедиция давомида қўлга киритилган дастлабки топилмалар ва ашёлар, уларнинг хал- қаро аҳамияти ва қиммати ҳақида сўз юритилди. Маърузачилар хитойлик олимлар Ванг Цзинь Синь, Чанг Ви Ли, Сан Син Чао, ўзбек олимлари академик Аҳмадали Асқаров, Умидулла Жўраев, Темир Ширинов ва бошқалар ўз маърузалари билан иштирок этишди. Халқаро конференция доирасида археологик қазишмалар олиб борилаётган Работ қишлоғида ҳам бўлишди. Хитойлик олимлар, Юэжиларнинг сўнгги манзилгоҳи сифатида эътироф этилаётган Работ қишлоғидаги ушбу қадимий манзилда яқин келажакда халқаро музей ташкил этиш ниятида эканлигини ҳам билдиришди. Конференцияда Хитой томонидан 30 дан ортиқ делегация аъзолари ва мамлакатимизнинг нуфузли олимлари иштирок этди.

Баҳром НОРМУРОДОВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг