Бош саҳифа / Спорт / Ўзбек футболида ўзгаришлар

Ўзбек футболида ўзгаришлар

Ўзбекистон футбол федерацияси ижроия қўмитаси бюросининг қарорига кўра футбол бўйича 2018 йилги мамлакат чемпионатининг олий лигаси мусобақаларида 12 та жамоа иштирок этиши белгиланди. Чемпионат ўйинлари уч даврали тизимда ўтказилади. Бунда ҳар бир жамоа мавсум давомида 33 тадан ўйин ўтказади.

Янги формат бўйича 12 та жамоа уч даврада айланма тизимда ўйнайди. Дастлабки икки давра учрашувларига мавсум бошида қуръа ташланади ва клублар “уйда-сафарда” тизими бўйича баҳс олиб боради. Мусобақанинг учинчи даврасига эса регламент асосида қуръа ташлаш йўли билан мезбон-меҳмон аниқланади. Натижада клублар ўртасида чемпионлик ҳамда лигада қолиш учун рақобат кучайиб, чемпионат мусобақалари савияси ошади.

2018 йил ўтказиладиган чемпионатнинг 12 та жамоадан иборат уч даврали тизим иштирокчиларини аниқлашда 2017 йилги футбол мавсуми ҳамда 2018 йилги мавсумга футбол клубларини лицензиялаш якунлари асос сифатида хизмат қиладиган бўлди. Оқибатда 2018 йилги чемпионат ўйинларида 2017 йилги мавсумда турнир жадвалида биринчи – ўн биринчи ўринларни эгаллаган 11 та жамоа сафига биринчи лига баҳслари ғолиби бўлган футбол клуби қўшиладиган бўлди. 2017 йилги биринчи лига жамоалари ўртасидаги мусобақанинг ғолиби Фарғона вилояти Қувасой шаҳрининг “Цементчи” клуби бўлганлигини эслатмоқчимиз.

— Келгуси йилги чемпионатнинг янги форматда ўтказилиши учун ЎФФ ва ПФЛ раҳбарияти мураббийлар, клублар раҳбарлари, экспертлар таклифини чуқур ўрганди,— деди матбуот анжуманида ЎФФнинг янги президенти Умид Аҳмаджонов ўз интервьюсида.

Айтиш керакки, ЎФФ ижроқўмининг бюроси, шунингдек, 2018 йилги чемпионатда биринчи лигада қатнашадиган жамоалар сонини 2017 йилги мавсумга нисбатан 8 тага камайтириш ва 16 та клуб иштирок этиши тўғрисида ҳам қарор қилди. Биринчи лига асосан ёшлар ўйнайдиган мусобақа бўлиб, олий лига клублари ҳамда терма жамоалар учун номзод тайёрлайдиган ўзига хос фабрика бўлиб хизмат қилиши кераклиги алоҳида таъкидланган.

Бундан ташқари, футболни бутун республика бўйлаб бир текисда ривожлантириш ва оммавийлашувига эришиш мақсадида биринчи лига мусобақаларида ҳар бир вилоятдан битта жамоанинг иштирок этиши асосий талаблардан бири этиб қўйилади. Шу орқали ЎФФ ва ПФЛ мусобақаларида қатнашадиган футболчиларнинг ёшариб боришига эришилади ва якунда мураббийларни айнан ёшларга кўпроқ имконият беришга ундайди.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Сурхон” мухлисларини шодлантираяпти

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигаси баҳсларида қатнашаётган жамоалар яна олти турдан сўнг бу йилги мавсумни …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE