Бош саҳифа / Жамият / Ўзбек аёли — одоб тимсоли

Ўзбек аёли — одоб тимсоли

Вилоят ҳокимлигида оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, оилавий ажримлар, норасмий никоҳлар, ёлғиз она, оталикни белгилаш, ўз жонига касд қилиш ҳолатларининг олдини олиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Ҳеч бир оилани хотин-қизлар иштирокисиз тасаввур қила олмаймиз.  Шу боисдан бу мўтабар инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири.

Йиғилишда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов хотин-қизларнинг мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий, социал-иқтисодий ва маданий ҳаётида тўлақонли иштирокини таъминлаш, ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида олиб борилаётган ишларнинг самарадорлиги хусусида тўхталди.

Вилоятда оилавий ажримлар, норасмий никоҳлар, ёлғиз она, оталикни белгилаш, ўз жонига касд қилиш ҳолатларининг олдини олиш борасидаги ишларни қониқарли аҳволда дея олмаймиз.  Вилоятда 2017 йилнинг 6 ойи давомида жами 808 та оилавий ажрим қайд этилган, ўтган йилга нисбатан 106 тага кўпайган. Бу кўрсаткич Денов, Жарқўр ғон, Ангор, Бойсун, Олтинсой, Сариосиё, Шеробод, Музработ туманлари ва Термиз шаҳрида юқорилигича қолмоқда.   Оилавий ажримларни маҳаллалар кесимида таҳлил қилсак, Денов туманининг «Тотувлик», Бобур, «Мингбулоқ», Жарқўрғон туманининг «Соқчи», «Жарқўрғон Минораси», Ангор туманининг «Навбаҳор», Бойсун туманининг «Мачай», Термиз шаҳридаги «Паттакесар», Олтинсой туманининг «Гулчечак», «Карсаган», «Тўхтамиш», Сариосиё туманининг «Аэропорт» маҳаллаларида мутассадилар ўз ишларига совуққонлик билан ёндашаётганининг гувоҳи бўламиз.

Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари тўйларда давранинг тўрида ўтириши, аммо ёшлар оиласини сақлаб қолишда томошабин бўлиб келаётгани, тўйда никоҳ ўқиган имомларни ўз манфаатидан бошқа нарса қизиқтирмаслиги аччиқ ҳақиқат, —  деди вилоят раҳбари.

Йиғилишда қайд этилганидек, бу ҳолатлар мутасадди ташкилотлар ҳамда маҳалла раислари, маслаҳатчилари томонидан оилалар билан амалга оширилган маънавий-маърифий ишларнинг самарасизлиги, оила мустаҳкамлигини таъминлаш борасидаги ишларни етарли даражада ташкил этилмаганлиги, энг асосийси оталарнинг оила ва фарзанд олдидаги бурч ва вазифаларида масъулиятнинг етишмаслиги ҳамда оилалар билан тизимли равишда ишлашда йўл қўйилган совуққонлик оилавий ажримларнинг ўсишига сабаб бўлмокда.

Энг ачинарлиси, ёлғиз оналар вилоят бўйича ўтган йилга нисбатан 162 тага кўпайган. Бу ҳолат Денов, Жарқўрғон, Сариосиё, Узун, Шеробод тумани ва Термиз шаҳрида ўта ачинарли аҳволда. Ушбу ҳолатлар таҳлил қилинганда, юқорида қайд этилган туманларнинг ҳоким ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмитаси раислари, ФХДЁ мудиралари ва «Маҳалла» ҳайрия жамоат фонди масъуллари, фуқаролар йиғинлари раислари бу борадаги ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйган.

Оталикни белгилаш бўйича ҳам вилоятда 2017 йилнинг 6 ойи давомида 3 064 та ҳолат қайд этилган. Бунга асосий сабаб, расмий рўйхатдан ўтмасдан оила қураётганларга барчанинг томошабин бўлиб турганлигидир.

Афсуски, хотин-қизлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолати кўпаймоқда. Сабабларини аниқлаш ва бу хунук ҳолатнинг олдини олиш борасидаги ишлар ҳам мутассадилар эътиборидан четда қолаётир.

Маҳмуд АЛИ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сафар хулосалари ижобийми ёки салбий?

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов эрта тонгдан поездда Термиздан Сариосиё станциясигача бўлган темир йўл атрофидаги, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan