Бош саҳифа / Жамият / Ўзбек – Афғон дўстлиги ва ҳамкорлиги абадийдир

Ўзбек – Афғон дўстлиги ва ҳамкорлиги абадийдир

Дунё бино бўлибдики, ўзбек ва афғон халқлари бир дарёнинг икки соҳилида  дўст ва қўшни сифатида яшаб келмоқда. Дини, урф-одат-лари, анъаналари бир-бирига ўхшаш бўлган бу икки халқни қадимдан савдо-сотиқ, маданий-маъри-фий, ижтимоий-иқтисодий алоқалар янада яқинлаштириб келган.

Айниқса, муҳтарам Президентимиз Ш. Мирзиёев ҳамда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Мухтор Ашраф Ғанининг олий даражадаги учрашувлари ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқди. Жорий йил 26-27 март кунлари Президентимиз ташаббуси билан Тошкентда “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Бу ҳам афғон халқига бўлган дўстона муносабатнинг ёрқин кўринишидир.

Вилоятимизда  афғон фуқаролари ўқув маркази ташкил этилди. Экспорт-импорт  ҳажми ва салоҳияти олдинги йилларга нисбатан бир неча баравар юқори бўлмоқда. Кеча бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Сурхондарё вилояти ва Афғонистон Ислом Республикаси  Балх вилояти товар ишлаб чиқарувчиларнинг бизнес-форуми мисолида ҳам буни кўриш мумкин.

Ушбу халқаро тадбирга жиддий тайёргарлик кўрилди. Сурхон воҳасидаги 80 дан ортиқ товар ишлаб чиқарувчи корхоналар ўз маҳсулотларини намойиш этишди. Афғонистондан келган тадбиркорлар ва товар ишлаб чиқарувчилар карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Т. Боболов сўзга чиқиб, меҳмонларни табриклар экан, ҳар иккала давлат раҳбарлари ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан яратиб берилган имкониятдан иккала томон тадбиркорлари тўлиқ фойдаланишлари зарурлигини таъкидлади. Меҳмонлар учун Ўзбекистон диёрида тадбиркорлик, экспорт-импорт қилиш учун барча қулайлик ва имкониятлар мавжудлигини айтиб ўтди. Сўнг Афғонистон Ислом Республикаси Балх вилояти савдо бошқармаси бошлиғи Сермуҳаммади Сипойизода сўзга чиқиб, афғон халқига ва мамлакатига кўрсатилаётган беғараз ёрдам, тадбиркорларга берилган имтиёз ва имкониятлар учун мамлакатимиз Президенти ва ҳукуматимизга чуқур миннатдорлик билдирди.

Шундан сўнг, афғонистонлик тадбиркорлар ва форум иштирокчилари кўргазмага қўйилган маҳсулотлар билан танишишни бошлади.

Халқаро кўргазмадан жой олган “Osiyo oltin urug`” уруғчилик компанияси, “GDF export” сабзавот-полиз маҳсулотларни қайта ишловчи компанияси, Музработ туманидаги “Тадбиркорфермерсервис” хусусий корхонаси мебеллари,“Эътиборхон Раҳимова” хусусий корхонасига қарашли шу тумандаги тиббий кислород ишлаб чиқариш заводи маҳсулотлари, Бойсун туманидаги “Умид” кичик корхонаси, “Mashhura”, “Ўтан Полвон”, “Evro med plus” диагностика марказлари, Ўзбекистон — Ҳиндистон қўшма корхонасига қарашли “Mexrigiuo-Medmex” клиникаси, “Сурхон Термиз чинни”, “Хўжаикон-туз”, “Мўмин текстил” МЧЖлар, “Дилбаро барака” хусусий корхонаси каби бир қатор корхоналар маҳсулотлари ва хизматлари афғонистонлик тадбиркорларга  маъқул келганлигини айтиб ўтиш лозимдир. Шунингдек, Марказий банк томонидан вилоятимизда фаолият олиб бораётган барча тижорат-акциядорлик банклар тадбиркорларга ва ишбилармонларга ўз хизматларини таклиф этишди. “Ўзстандарт” агентлиги Сурхондарё стандартлаштириш ва метрология бошқармаси, вилоят синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси томонидан маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси хизматлари билан меҳмонлар ва мезбонлар яқиндан танишишди.

Тушдан сўнг бизнес-форум иштирокчиларига ҳар иккала томоннинг импорт-экспорт имкониятлари, ўзаро манфаатли ҳамкорлик борасида яратилган имтиёз ва қулайликлар ҳақида маълумотлар берилди. Вилоят ҳокими ўринбосари А. Орипов воҳанинг экспорт ва инвестициявий салоҳияти тўғрисида маъруза қилди. Шундан сўнг Афғонистон ишлаб чиқарувчилар палатаси раиси Саид Тоҳир Равшанзода, Балх вилояти савдо-саноат палтаси раиси Орази Юнусийларнинг маърузалари тингланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Сурхон воҳасининг жорий йилдаги жами экспорт салоҳияти 32 504,6 минг АҚШ доллари миқдорида режалаштирилган. Жумладан, тўқимачилик соҳасида 29 744,6, озиқ-овқат маҳсулотлари 1,135, кимё маҳсулотлари 1,165 бошқа соҳалар бўйича 460 минг  долларни ташкил этади.

Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари бўйича экспортга жорий йилда 202,1 минг тонна маҳсулот тайёрлаб бериш кўзда тутилган. Дуккакли экинлар 65,1, мевалар 17,8, сабзавот 90,6, узум 13,9, қуритилган мева ва сабзавотлар 10,1, полиз экинларидан 5,1 минг тонна экспорт қилиш имконияти мавжуд. Бу шунчаки оддий рақамлар эмас. Айтиш лозимки, Сурхон воҳасида бу борадаги имконият янада юқоридир.

Шу куни Ўзбекистон ва Афғонистон тадбиркорлари ўртасида кооперацион биржа савдолари ўтказилди. Унда бир қатор икки томонлама фойдали келишув ва шартномалар имзоланди. Форумнинг иккинчи кунида афғонистонлик тадбиркорлар GDF, “Термизтаъминот”, “Жарқўрғонмевасабзавотэкспорт”, “Сурхон Термиз чинни”, “Brayt Mega Water”, “Сурхон ипаги” каби ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти билан яқиндан танишишди.

— Менга  қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналар фаолияти маъқул келди. Бу ерда тайёрланаётган ғишт, черепица, қамишдан ишлаб чиқарилаётган ДСП ва бошқа қурилиш учун зарур бўлган маҳсулотлар эътиборимизни тортди, — дейди Афғонистон Ислом Республикаси Балх вилоятидаги “Тали Хайрон” қурилиш компанияси бошлиғи Саид Абдул Жаббор.— Биз учун Ўзбекистондан қурилиш материаллари олиб бориш жуда маъқул. Чунки бизнинг компания Балх ва Мозори-Шарифда кўп қаватли иморатлар бунёд этади. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материаллари компаниямиз мутахассисларига жуда маъқул келди.

Икки давлат тадбиркорлари ўртасида ташкил этилган бизнес-форум савдо, ижтимоий-иқтисодий алоқаларни яхшилашга, экспорт ва импорт ҳажмини кескин кўпайтиришга, ўзаро ҳамкорлик, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим қадам бўлиб қолишига ишонамиз. Бунга икки давлат тадбиркорлари ва ишлаб чиқарувчилари томонидан амалга оширилган битим ва келишувларнинг ўзи яққол мисол бўла олади.

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги“
махсус мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE